
Россия ҳудудига сўнгги пайтларда Шимолий Кореядан ишчи кучи оқими сезиларли даражада кўпайди. Жанубий Корея разведка хизмати маълумотларига таяниб, Американинг The Wall Street Journal нашри тарқатган хабарга кўра, яқин ойлар ичида Россияга тахминан 15 мингга яқин шимолий кореялик меҳнат муҳожири келган.
Қайд этилишича, Шимолий Корея фуқароларининг аксарияти Россия Федерациясига асосан талаба визалари билан кирган, бу эса уларнинг мамлакатга келишини енгиллаштирган. Маълумотларга қараганда, жанубий кореялик разведкачилар мазкур хабарни мамлакат қонун чиқарувчилари билан 30 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда тақдим этган.
Айни пайтда кўп сонли шимолий кореялик ишчилар Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаларида меҳнат қилмоқда. Бироқ Россия иш берувчилари ва маҳаллий ҳукумат вакиллари келгусида бу ишчиларнинг Москва каби катта шаҳарларга ҳам кўчиб келишига умид билдирмоқда.
Россиялик иш берувчилар шимолий кореялик ишчиларни асосан арзан меҳнат кучи сифатида юқори баҳолашади. WSJ хабарига кўра, бу ишчилар кам маош эвазига кунига 12 соатгача ишлашга рози бўладиган меҳнат муҳожирлари сифатида яхши танилган.
The Wall Street Journal шунингдек, Россия расмийлари берган маълумотларга таяниб, 2024 йилнинг бошидан буён Россияга кириб келган Шимолий Корея фуқароларининг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 баравар ошиб кетганини таъкидлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгаши Шимолий Корея фуқароларини чет давлатларда меҳнат муҳожирлари сифатида ишлатишни қатъий тақиқлаган бўлса-да, Россия ва Хитой бир неча марта ушбу тақиқни четлаб ўтгани айтилмоқда. Бу ҳолат халқаро майдондаги муносабатларга таъсир қилиши ҳам мумкинлиги айтилади.
Бундай вазиятнинг юзага келиши Россиянинг меҳнат бозоридаги муаммоларга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Украина билан уруш натижасида юзага келган ишчи кучи тақчиллиги шароитида, Россия иқтисодиёти арзон ва узоқ муддатли ишчиларга эҳтиёж сезмоқда. Бу эҳтиёжни қондириш учун эса, шимолий кореялик муҳожирлар яхши имконият сифатида қабул қилинмоқда.
Шимолий Корея фуқароларининг Россияга оммавий кириб келиши халқаро сиёсий баҳсларнинг яна бир сабаби бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. АҚШ ва унинг иттифоқчилари ушбу ҳолатни жиддий хавф сифатида баҳолаб, БМТнинг мавжуд санкциялари бузилаётганини яна бир бор кўрсатмоқда.
Айни пайтда Россия ҳукумати бу масала юзасидан расмий изоҳ бермаган, аммо вазият янада кучайса, бу масала халқаро ташкилотлар кун тартибидаги асосий мавзулардан бирига айланиши мумкин. Бу эса Россияга нисбатан янги санкциялар ёки дипломатик босимларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Фото: Интерпресс / PhotoXPress «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар