date

БМТ Сурия раҳбариятига санкцияларни бекор қилди

БМТ Сурия раҳбариятига санкцияларни бекор қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши АҚШ томонидан таклиф этилган резолюцияни қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, Сурия вақтинчалик президенти Аҳмад аш-Шараа ва ички ишлар вазири Анас Хаттабга қарши қўлланилган халқаро санкциялар бекор қилинди.

6 ноябр куни ўтказилган овоз беришда 14 давлат «мақбуллиги»ни билдириб, фақатгина Хитой вакили овоз беришда бетараф қолди. Мазкур қарор Дамашқ ва халқаро ҳамжамият ўртасида янги даврни бошлаб беради.

Қабул қилинган резолюцияда Сурия Араб Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилиш зарурлиги таъкидланган. Аввалроқ аш-Шараа ва Хаттабга нисбатан қўлланган чекловлар террорчи ташкилотлар – «Исломий давлат» ва «Ал-Қоида» билан боғлиқ шахслар ва тузилмалар учун киритилган кенгроқ санкциялар пакетининг бир қисми эди.

Буюк Британия, Россия Федерацияси, Франция ва Покистон каби кўплаб давлатлар вакиллари бу қарорни Сурияни барқарорлаштириш ва иқтисодий тикланишини таъминлаш йўлида «муҳим қадам» деб баҳолашди. Расмий Дамашқ эса ўз миннатдорчилигини билдириб, ушбу қарорни янги Сурия раҳбариятига нисбатан «ўсиб бораётган ишонч» сифатида талқин қилди.

Сурия ҳукуматининг фикрига кўра, бу хайрихоҳлик ҳаракати мамлакатни халқаро майдонга тўлиқ қайтишига шароит яратади. Мазкур қарор АҚШ ва Сурия ўртасидаги муҳим воқеа арафасида қабул қилинди.

10 ноябр куни Аҳмад аш-Шараанинг Вашингтонга илк расмий ташрифи режалаштирилган. Ташриф давомида АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашув ташкил этилиши кутилмоқда.

Музокараларнинг асосий мавзуси Сурия ва АҚШ бошчилигидаги «Исломий давлат»га қарши халқаро коалицияга қўшилиш бўйича келишув имзоланиши бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » БМТ Сурия раҳбариятига санкцияларни бекор қилди