
Индонезия пойтахти Жакартада жума намози чоғида масжид ичида кучли портлаш юз берди. Ҳодиса 7 ноябрь куни Келапа Гадинг шаҳридаги мактаб мажмуаси ҳудудида жойлашган ибодатхонада содир бўлгани ҳақида Reuters хабар тарқатди.
Расмий маълумотларга кўра, портлаш натижасида камида 50 нафар киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Улардан айримлари оғир ҳолда шифохонага ётқизилган. Шаҳар полицияси бошлиғи Асеп Эди Суҳерийнинг айтишича, ҳодиса сабаблари ҳозирда тергов органлари томонидан аниқланмоқда.
“Жами 54 киши жароҳат олди. Улар орасида енгил шикастланганлар ҳам, кучли куйиш олганлар ҳам бор”, — деди полиция раҳбари.
Гувоҳлар сўзларига кўра, портлаш жума хутбаси бошланганидан бир неча дақиқа ўтгач содир бўлган. “Бирданига қаттиқ портлаш товуши эшитилди, ҳона ичи қора тутун билан тўлди. Одамлар югуриб чиқди, болалар йиғлашарди, айримлар эса қўрқиб йиқилди”, — дейди масжидда бўлган математика ўқитувчиси Буди Лаксоно.
Портлашда жароҳатланганларнинг кўпчилиги шиша синдириқлари ва товуш тўлқинларидан шикаст олган. Уларга дастлабки тиббий ёрдам Келапа Гадинг тумани клиникасида кўрсатилган.
Терговчилар ҳозирда бир нечта эҳтимолий сабабларни кўриб чиқмоқда. Улар орасида электр симлари қисқа туташуви, электрон ускуналардаги носозлик ва қўлбола портловчи қурилмадан фойдаланиш эҳтимоли ҳам бор. Воқеа жойини кўздан кечириш вақтида полиция шубҳали буюмлар — пневматик қурол, револвер туридаги ўқотар асбоблар ва масофадан бошқариш пультлари топилганини маълум қилди.
Ҳозирда барча далиллар экспертизадан ўтказилмоқда, тергов ишлари эса Индонезия ички ишлар ва хавфсизлик идоралари назорати остида давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!