date

Хитой компанияси чиқинди сувни қайта тозалаш иншоотини қурмоқчи

Хитой компанияси чиқинди сувни қайта тозалаш иншоотини қурмоқчи

Ўзбекистонда экология ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади. Хитойнинг Qingyan Environmental Technology компанияси мамлакатимизда суткасига 40 минг куб метр чиқинди сувни тозалаш қувватига эга замонавий иншоот қуришни режалаштирмоқда.

Маълумотларга кўра, лойиҳа доирасида ҳаво фильтрация тизимлари ва замонавий тозалаш ускуналари ўрнатилади. Тўрт босқичли технологик занжир асосида ишлайдиган тизим саноат зоналари ҳамда бўёқ ишлаб чиқариш корхоналаридан келаётган чиқинди сувни қайта ишлаш имконини беради.

Иншоот Европа экологик стандартларига тўлиқ жавоб беради. Тозаланган сувнинг камида 60 фоизи қайта фойдаланишга йўналтирилади. Шу билан бирга, тозалаш жараёнида ҳосил бўладиган шлам махсус қуритиш тизими орқали қайта ишланиб, электр энергияси ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилади. Хитойлик инвесторлар иншоотни 15 йил давомида бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Бир куб метр сувни тозалашнинг баҳоси тахминан 1–1,2 доллар атрофида бўлади. Қурилиш ишлари 8 ойда якунланиши кутилмоқда.

Бундан аввал, Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигида қиймати 350 миллион долларлик йирик саноат мажмуаси қурилиши бошлангани хабар қилинганди. У ерда полипропилен қоплар, бетон маҳсулотлари ва йўлак плиткалари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Хитой компанияси Фарғона шаҳрида 141 миллион долларлик чиқинди ёқиш заводи қуришни бошлаган. Бу лойиҳа мамлакатда қайта ишлаш ва экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой компанияси чиқинди сувни қайта тозалаш иншоотини қурмоқчи