Жорий йилнинг 18 мартида Россияда президент сайлови бўлиб ўтади. Дунёнинг кўплаб давлатлари сингари Россияда ҳам президент биринчи рақамли шахс ҳисобланади, у нафақат бошқарувда тўлиқ ваколатларга эга, балки қуролли кучларнинг олий бош қўмондони, конституция кафолати ҳамдир. Атом бомбалари ва мукаммал қуроллар арсенали, дунёдаги энг улкан ҳудуд, катта табиий бойликлар ҳамда дунё ҳамжамиятида залварли овозга эга бўлган бу давлатнинг раҳбарлигига ким келиши қизиқ албатта. Лекин жиддий қаралса, бу ўйлаб кўриладиган саволми?
2000 йил эшик қоқиб турганда соғлиғи, кўпчиликка номаъқул қарорлари ва яна қатор муаммолар туфайли амалда давлат бошқарувини йўқотган президент Борис Елцин давлат тизгинини бош вазир Владимир Путинга топширди ва ўзи истеъфога чиқди. Россияликларнинг аксарияти Елцинни «у кўп хатоларга йўл қўйди, лекин Путинни топгани учун ҳам бу камчиликларга кўз юмиш мумкин» дея эслашади.
Аммо Путинга жуда оғир мерос қолганди. Кавказ олов ичида, жиноятчилик буткул жиловдан чиққан, ишсизлик кескин ошган, давлат иқтисоди ички ва ташқи қарзлар сиртмоғида қолган, бир тўда олигархлар жамики даромадли соҳаларни эгаллаб олишганди.
Шунга қарамай Владимир Путин шитоб билан ишга киришди ва бу муаммоларни бирин-кетин бартараф қила бошлади. Кекса ва деярли ҳаракатдан қолган Елциндан кейин унинг уринишлари кўпчиликда умид уйғотди ва ҳамиша давлат раҳбарига суяниб яшашга ўрганган халқ янги етакчига эргашди.
Аввалига президент вазифасини бажарувчи лавозимида иш бошлаган Путин орадан уч ой ўтмай, 2000 йилнинг 26 мартида бўлиб ўтган президент сайловининг биринчи туридаёқ 53 фоиз овоз тўплаб, президентликка киришди.
Тўрт йиллик бошқарув ва қатор муваффақиятлардан сўнг 2004 йилнинг 14 мартида бўлиб ўтган навбатдаги президент сайловида Владимир Путин 73,3 фоиз овоз олди ва шу йилнинг 7 майидан бошлаб иккинчи муддатга президентлик лавозимига киришди.
Россия конституциясига кўра бир киши қаторасига икки мартадан ортиқ президент лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги боис Путиннинг тавсияси ва бевосита қўллаб-қувватлаши ортидан бу лавозимни Дмитрий Медведев эгаллади. Аммо ҳамма амалда ҳокимият тизгини ўзи Медведевнинг ўрнига бош вазир курсисига ўтирган Путиннинг қўлида эканлигини билиб турарди.
2012 йилда яна кутилган воқеа юз берди. 4 март куни бўлиб ўтган сайловда Владимир Путин 63,6 фоиз овоз олди ва 7 май куни расман учинчи бор президентликка киришди. Бу сайловнинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, конституцияга киритилган ўзгаришлар бўйича бу сафар президент 6 йиллик муддатга сайланганди.
6 йил ҳам ўтди... 2018 йилнинг бошида Владимир Путин бу сафар ҳам президент сайловида ўз номзодини қўймоқчилигини билдирди ва бу хабар даврадагиларнинг олқишларига сабаб бўлди.
Сайловолди кампанияси ҳам бошланди. Ҳозир президентлик учун роса 8 нафар номзод курашмоқда. Булар Путиндан ташқари Павел Грудинин, Владимир Жириновский, Сергей Бабурин, Ксения Собчак, Максим Сурайкин, Борис Титов, Григорий Явлинскийдир. Аммо сўровларга қараганда уларнинг ҳаммаси оладиган овоз жамланганда ҳам асосий номзодга яқин кела олмайди. Хусусан ҳамма яхши танийдиган Владимир Жириновский «йиқилган курашга тўймас» қабилида бу сафар олтинчи бор (рекорд) президентлик сари от қўйган бўлса-да, бирор марта 10 фоиз ҳам овоз ололмаган. 2018 йилги натижаси ҳам 5-6 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Сурайкин, Ксения Собчак каби номзодлар ундан ҳам кам овоз олиши кутилмоқда.
Натижаси олдиндан маълум бу сайлов ортида қатор ижобий жиҳатлар ётади. Айнан Путин Россияни парчаланишдан сақлаб қолгани, иқтисодини тиклагани, дунёдаги обрўсини оширгани, давлат бошқарувида бошбошдоқликка йўл қўймагани эътироф этилади.
Аброр Зоҳидов
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди