16:36 / 17.10.2018
37 428

«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Нурбону. Муҳаббатми ё қасос?..» (фото)

«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Нурбону. Муҳаббатми ё қасос?..» (фото)
ҚУЛ БОЗОРИНИНГ ЭНГ ҚИММАТ ҚУЛИ

Усмонийлар империяси тарихи билан қизиқувчилар яхши билади. Бу сулоланинг ҳар бир султони ва шаҳзодаси ўз ҳарамига эга бўлган. Ҳарамга эса қизлар қул бозоридан олиб келинган. Қул бозорига қизларни қароқчилар олис ўлкалардан олиб келиб сотувга қўйишарди. Бу қизлар ваҳшиёна тарзда калтакланар, қаршилик кўрсатса ўлдириб юбориларди. Қулликка маҳкум қизлар бозорда сотувга қўйилар, харидор қизнинг тишларигача текширувдан ўтказарди. Усмонийлар империяси саройига эса ўта синчковлик билан танланган қизлар олиб келинарди. Аммо шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, қароқчилар баъзан ўзга давлатларнинг маликалари, бадавлат хонадонлар қизларини ҳам тасодиф туфайли қўлга олишга муваффақ бўлишарди. Шубҳасиз бу қизлар қул бозорида оддийларига нисбатан ўн баробар қимматга сотиларди. Лекин бадавлат хонадондан қул қилиб саройга олиб келинган қизларнинг аксарияти аламига чидай олмай, қуллик қисматига кўника олмай ўз жонига қасд қиларди. Айрим миясини ишлата олганлари эса келгусида империянинг энг бообрў, ҳурматли аёлига айланган.

УСМОНИЙЛАРНИНГ ВЕНЕЦИЯЛИК МАЛИКАСИ

1537 йили усмонийлар саройига Венеция губернаторининг қизи Сисилия Баффо қул қилиб олиб келинди. Ўшанда Сисилия 12 ёшда эди. Бироқ бу қизалоқ ҳам қул бўлишга сира рози эмасди. Губернаторнинг қизи, маликаларга хос ҳаёт тарзини кечирган қиз учун бу шармандаликдан бўлак нарса эмасди. Шу сабабли ҳарамда ҳеч кимга бўйсуна қолмади. Натижада уни ўша вақтда ҳарамни ўз бошқаруви остига олган, султон Сулаймоннинг суюкли рафиқаси Хуррам султоннинг ҳузурига олиб киришди. Хуррам султон ҳам ўтмишда худди шу қиздай пайтида қароқчилар тарафидан ўғирлаб кетилган ва бошидан кўплаб қийинчиликларни ўтказган. Аччиқ ўтмиши ҳануз ёдидан чиқмасди. Айниқса, 12 ёшли венециялик қизга кўзи тушгач, унинг тимсолида ўзини кўргандек бўлди. Бир сўз билан айтганда, Сисилия Хуррам султонга жуда ёқиб тушди. Шунинг учун бу қизни умумий ҳарамдан олиб шаҳзода Салим ҳарамига ўтказишларини буюрди. Унга янги ном ҳам берди. Нурбону. Хуррам султоннинг қўллаб-қувватлашларидан қувониб кетган Нурбону англаб етдики, агар ҳаракат қилса, бу сулоланинг худди Хуррам султон каби ҳурматли, суюкли аёлига, маликасига айлана оларкан. Фақат бардош қилса, астойдил интилса бас. Шаҳзода Салим ҳам Нурбонуни кўргандаёқ алоҳида назар билан боқа бошлаганди. Айниқса, Нурбонунинг кечалари кўкка боқиб юлдузлар билан тиллашиши, ўзича турли башорат қилиши ёқиб тушганди. Қиз аҳмоқ эмасди. Салимнинг аҳволини аллақачон пайқаганди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Нурбону Салимнинг ётоғига ўзидан бошқа канизакларни яқин йўлатмай қўйди. У шаҳзоданинг муҳаббатини қозона олди. Уни ўз хоҳишларига бўйсундира олди.

НУРБОНУ ХУРРАМ СУЛТОНГА ЎХШАШНИ ХОҲЛАЙДИ

Ҳақиқатан, Салим Нурбонунинг ҳусни ва феъл-атворига маҳлиё бўлиб қолганди. Улар кўп вақтларини биргаликда ўтказишарди. Шаҳзода унга қимматбаҳо тақинчоқлар совға этишдан тийила олмас, шеърлар тўқиб ўзига ўқиб берарди. Нурбону шаҳзоданинг ҳолатини жуда тўғри баҳолар, энди бундай имкониятни қўлдан бермаслик зарурлигини сония сайин англаб борарди. У ҳам худди Хуррам султон даражасига етишни орзулай бошлаганди. Бу аёлга жуда ҳаваси келарди. Хуррам султоннинг шоҳ Сулаймонга муносабатларини ипидан игнасигача ўрганиб, шу тажрибани Салим мисолида қўлларди. Орадан маълум вақт ўтиб, Нурбону шаҳзода Салимга уч қиз, бир ўғил туғиб берди. Бу нарса Салим билан ўзаро муносабатлари янада мустаҳкамланишини таъминлабгина қолмай, шаҳзода энди усиз яшай олмаслигини тушунди ва Нурбону билан шаърий никоҳдан ўтишга қарор қилди…

ИМПЕРИЯНИНГ ЭНГ ҚАТТИҚҚЎЛ ВОЛИДАСИ

Шоҳ Сулаймон оламдан ўтгач, шаҳзода Салим империя тахтини эгаллади. Шунинг билан Нурбону ҳарамдаги энг юқори ўринга эга бўлди. Бошқарув тўлиқ унинг зиммасига юкланди. Ўша кундан эътиборан Салимга давлатни бошқаришда йўл-йўриқлар кўрсата бошлади. Айниқса, у ичкиликка берилиб, усмонийлар сулоласининг пиёниста подшоси сифатида ном қозонган бўлса-да, Нурбонуга заррача таъсир этмасди. Аксинча, Салимнинг кайф-сафолари бу аёлга давлатни ўз етагида ушлаш имконини бериб қўйганди. Орадан йиллар ўтиб Салимнинг ўрнини ёлғиз ўғли Мурод эгаллагач, Нурбону сулоланинг волидасига айланди. Мурод ҳам онасини азбаройи ҳурмат қилгани, севганидан бўлса керак, давлатни бошқаришига қаршилик қилмасди. У асосан севимли канизаклари билан ишрат қилар, давлатни эса Нурбону бошқарарди.

ҚАСОС ҚИЁМАТГА ҚОЛМАЙДИ

Кейинчалик очиқчасига бошқарувни ўз қўлига олишга аҳд қилганини баён этиб, бу ҳақда онасини огоҳлантирган бўлса-да, Нурбону барибир ими-жимида империяни бошқаришда давом этди. Мурод эса барибир кўз юмишга мажбур эди. Онасини, империянинг ягона волидасини ранжитиб қўйишдан чўчирди. Шу баҳонада Нурбону султон ватани бўлмиш Венеция билан усмонийлар империяси ўртасидаги муносабатларни яхшилашга эришди.

Энди бир савол туғилади. Ҳарамга тушиб қолгач, Нурбону Салимни ҳақиқатан севиб қолганмиди ё қасд олиш учун шу йўлни танлаганмиди? Тарихчилар бу масалага алоҳида тўхталиб ўтишган. Улар ёзишганки, Нурбону Салимни ростдан ҳам севган. Гарчи қасд олиш нияти бўлса-да, муҳаббати устун келган. Агар севмаса, ундан тўрт фарзандни дунёга келтирмаган бўларди. Аммо қасос ҳам қиёматга қолиб кетмади. У ўзини қул қилиб олган босқинчиликдан боплаб қасос олди. Бу бутун бошли империяни хоҳишларига бўйсундира олишида ўз аксини топган.
Олимжон ҲАЙИТ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «Нурбону. Муҳаббатми ё қасос?..» (фото)