17:30 / 12.11.2018
1 425

“Facebook”дан маълумотлари ўғирланган 81 000 та аккаунтнинг нархи: “Ҳар бир аккаунт – 10 цент”

“Facebook”дан маълумотлари ўғирланган 81 000 та аккаунтнинг нархи: “Ҳар бир аккаунт – 10 цент”
Бундан ўн кун муқаддам хакерлар камида 81 000 нафар “Facebook” фойдаланувчиси профилини бузиб кириб, уларнинг шахсий хабарларини чоп этганди. “BBC” хакерлар билан боғланиб, воқеанинг янги тафсилотларини аниқлади.

Жиноятчилар “BBC”нинг рус хизматига берган хабарига кўра, уларда жами 120 млн фойдаланувчининг маълумотлари мавжуд бўлиб, хакерлар ушбу маълумотларни сотишни режалаштирмоқда. Лекин рақамларга шубҳа билан қарашга етарлича асослар мавжуд.

Компания вакиллари “Facebook”нинг хавфсизлик хизмати ҳозирча зарарланмагани, маълумотлар эса зарарли браузер кенгайтмалари орқали ўзлаштирилган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, хавфсизлик чораларини кучайтириш учун зарур ишлар амалга оширилаётганини баён қилишди.

Маълумотлари ошкор бўлган фойдаланувчиларнинг асосий қисми Россия ва Украина ҳудудида истиқомат қилиши аниқланди. Жабрланувчилар орасида, шунингдек, Буюк Британия, АҚШ, Бразилия ва бошқа мамлакат фойдаланувчилари ҳам учрамоқда.

Хакерлар ҳар бир профил маълумоти учун 10 цент нарх таклиф қилган. Бироқ уларнинг рекламаси оффлайн режимга ўтказилди.

“Биз маълум бўлган зарарли кенгайтмаларни улардан юклаб олишга имкон қолдирмаслик мақсадида, машҳур браузерлар билан боғландик ва уларга вазиятни тушунтирдик, – деб хабар беради “Facebook” иш бошқарувчиси Гуй Росен. – Шу билан бирга, биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилиб, маҳаллий ҳокимият идоралари билан биргаликда “Facebook” фойдаланувчиларининг маълумотларини ўзида ёритган сайтни ўчиртиришга муваффақ бўлдик”.

“Facebook” фойдаланувчиларининг маълумотини сотиш ҳақидаги дастлабки хабар сентябрь ойида, инглиз тилидаги интернет-форумда FBSaler лақабли фойдаланувчи томонидан ёзилган постда акс эттирилган эди: “Биз “Facebook” фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини сотамиз, базамизда 120 млн профилнинг маълумотлари мавжуд”, – деб ёзади муаллиф.

“Digital Shadows” киберхавфсизлик компанияси “BBC” номидан даъвони текшириб кўрди ва ҳақиқатан ҳам 81 000 дан ортиқ профил онлайн режимда шахсий хабарларнинг намунасини жойлаштирганини тасдиқлади.

Бундан ташқари, 176 мингдан ортиқ профилларнинг маълумотлари ҳам онлайн мавжуд эди, бироқ маълумотларнинг айримлари, шу жумладан, электрон почта манзили ва телефон рақамлари ушбу маълумотларни профилига кўринарли қилиб жойлаштирган фойдаланувчилардан олинган бўлиши мумкин.

Хакерлар чоп этган хабарлар орасида фойдаланувчининг сўнгги байрамдаги фотосуратлари, яқинда бўлиб ўтган “Depeche Mode” концерти ҳақида суҳбат, куёвидан норози бўлиб ёзилган мактублар, шунингдек, севишганлар ўртасида бўлиб ўтган ишқий ёзишмалар ҳам бор.

Одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун чоп этилган маълумотлар юкланган сайтлардан бири Санкт-Петербург шаҳрида жойлашгани аниқланди.

Кибержиноятлар билан ишлаш хизмати томонидан сайтнинг IP-манзили ҳам фош этилди. Унга кўра, манзил LokiBot троян вирусларини тарқатиш учун ишлатилган, бу эса тажовузкорларга фойдаланувчи паролларини қўлга киритиш имконини берган.

Ҳозирги кунда шахсий харид ёрдамчилари, хатчўп иловалари ва ҳатто кичик бошқотирма ўйинлар “Chrome”, “Opera” ва “Firefox” каби турли хил браузерлардан кенгайтма сифатида тақдим этилади.

Кичкина пиктограмма сизнинг url-манзил чизиғингизда сабр-тоқат билан уни босишингизни кутиб туради.

“Facebook” расмийларининг фикрига кўра, шундай кенгайтмалардан бири жабрдийдаларнинг платформадаги фаолияти устидан жимгина кузатув олиб бориб, хакерларга шахсий маълумотлар ва суҳбатларни жўнатган.

“Facebook” ҳозирча айнан қайси кенгайтма бу ишлар учун айбдор эканлигини ошкор қилмаяпти.

Мустақил кибер-экспертлар “BBC” билан суҳбатда айтишича, агар кенгайтмалар ростдан айбдор бўлса, браузер ишлаб чиқарувчилари ҳам жавобгарликка тортилиши керак.

“Facebook”ка хакерларнинг бемалол бузиб кириши эса жуда ёмон янгилик сифатида баҳоланмоқда.

“BBC” Россия хизмати ўзини харидор қилиб кўрсатиб, хакерлар тақдим этган электрон манзилга хабар юборган ва икки млн фойдаланувчининг маълумотларини сотиб олиш истагини билдирган. Бироз вақт ўтгач, ўзини Жон Смит деб атаган кишидан жавоб мактуби қабул қилинган. Унга кўра, Жон Смитнинг хакерлар жамоаси жами 120 млн, жумладан, 2,7 млн “Facebook” фойдаланувчисининг шахсий маълумотларини сотиши мумкин.

Аммо “Digital Shadows” хизмати бу даъво шубҳали эканлигини эътироф этмоқда, чунки “Facebook” бу қадар катта бузғунчиликни пайқамасдан қолиши мумкин эмасди.

Жон Смит нима учун сотувни янада кенгроқ реклама қилмаганини изоҳламади. Ундан бу ишлар Россия давлатига ёки Кремл билан боғлиқ хакерлар гуруҳи – Интернет тадқиқотлар агентлигига алоқаси борлиги ҳақида сўралганда, Жон оддийгина қилиб "йўқ" жавобини берди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » “Facebook”дан маълумотлари ўғирланган 81 000 та аккаунтнинг нархи: “Ҳар бир аккаунт – 10 цент”