
Тошкентнинг “Пахтакор” клуби келаси мавсум Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиши аниқ бўлганидан кейин, жамоа таркибини жиддий равишда мустаҳкамлаш ишларини бошлаб юборди. Клуб раҳбариятининг асосий эътибори маҳаллий чемпионатда ўзини кўрсата олган, тажрибали футболчиларга қаратилгани маълум бўлди.
Ишончли манбаларга кўра, Қаршининг “Насаф” жамоаси етакчилари — ҳимоячи Шерзод Насруллаев ва ярим ҳимоячи Ойбек Бозоров яқинда жамоа билан хайрлашади. Улар билан шартномалар 2025 йил якунида тугайди ва футболчилар эркин агент сифатида “Пахтакор” сафини тўлдириши кутилмоқда.
Маълум бўлишича, Тошкент клуби ҳар икки футболчи билан музокараларни якунига етказган ва томонлар ўзаро шартлар бўйича деярли келишувга эришган. Шу тариқа, “Пахтакор” янги мавсумни икки тажрибали ва синовдан ўтган ўйинчи билан бошлаши режалаштирилмоқда.
27 ёшли чап қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаев — “Насаф” тарбияланувчиси бўлиб, сўнгги 7 йил давомида Қарши клуби шарафини ҳимоя қилиб келган. У бу мавсумда Суперлигада 20 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 2 та голли узатма муаллифи бўлди.
28 ёшли Ойбек Бозоров ҳам “Насаф” академияси маҳсулоти ҳисобланади. У 2018 йилдан буён асосий таркибда ўйнаб келаётган ярим ҳимоячи сифатида жамоанинг асосий етакчиларидан бирига айланди. Жорий мавсумда у 23 ўйинда 4 та гол ва 11 та ассист қайд этди — бу эса уни лиганинг энг самарали ярим ҳимоячиларидан бирига айлантирди.
“Пахтакор” учун ушбу икки футболчининг қўшилиши келаси мавсумда жамоанинг ички ва халқаро мусобақалардаги имкониятларини ошириши кутилмоқда. Жамоа раҳбариятининг мақсади — нафақат Суперлигада зафар қозониш, балки Осиё Чемпионлар Лигасида ҳам муносиб иштирок этишдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!