16:57 / 01.01.2019
5 401

АҚШнинг икки хил «юзи»

АҚШнинг икки хил «юзи»
Бир неча кундан бери дунёдаги барча ОАВ “АҚШнинг 2019 йилдан ЮНЕСКО аъзолигидан чиқаётгани“ни ёритишмоқда. Кўпчилик “БМТни бир қўлида ўйнатиб турган“ АҚШнинг нега бундай қарорга келганини тушунмай қолди. Шу туфайли ўқувчиларга АҚШ ва ЮНЕСКО ўртасида келиб чиққан можарони шарҳлаб берсам.

Воқеалар 2011 йилнинг 31 октябр куни ЮНЕСКО Фаластин давлатини ўз сафига тўлақонли аъзо қилиб олган кундан бошланди. Ўша санагача ЮНЕСКОда кузатувчи мақомида бўлиб келаётган Фаластинни ташкилот сафига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш очиқ овоз бериш йўли орқали ҳал қилинди ва мутлақ кўпчилик Фаластинни ЮНЕСКО сафига қабул қилиниши учун овоз берди. Розилар сони 107. Қаршилар сони эса 14. Қолганлар бетараф қолишган.

Маълумот учун; БМТда бор йўғи 5 доимий аъзо давлат бор. Булар АҚШ, Франция, Англия, Россия ва Хитой. Ташкилот ташкил топганидан бошлаб ҳозиргача Ер юзидаги турли ишлар шу 5 давлатнинг хоҳишларига кўра ҳал қилинган.

ЮНЕСКОда эса ҳар қандай қарор умумий аъзо бўлган бўлган давлатлар муҳокамасига ташланади ва ҳал қилувчи қарорлар ошкора овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Шу ўринда ўқувчиларда “Хўш, Фаластин ЮНЕСКОга тўлақонли аъзо қилиб олинса бундан АҚШ манфаатларига қандай зарар етади?“ деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ҳамма гап шундаки ЮНЕСКО ташкилоти Исроилни Фаластиннинг бир қисмини босиб олган босқинчи давлат деб ҳисоблайди ва ҳозирги кунда Исроил назоратида бўлган Қуддус шаҳрини бир қисмини ҳам Фаластин ҳудуди деб билади. АҚШга ЮНЕСКОнинг мана шу позицияси ёқмайди ва ўзининг Яқин Шарқдаги энг асосий ва яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг тарафини олиб у ЮНЕСКО билан келишмовчиликка боряпти.

2011 йилнинг 31 октябр куни ЮНЕСКО Фаластинни ўз сафига қўшганини эълон қилиши ортидан АҚШ бундан буён бу ташкилотни молиялаштиришдан воз кечишини эълон қилди. АҚШ бу иши ортидан ЮНЕСКОда молиявий қийинчилик юз беришини ва ташкилот ўзига ён беришини кутган эди. Чунки ЮНЕСКОнинг йиллик бюджети 20% ини АҚШ берар эди ва бу 80 миллион долларни ташкил этган. Аммо ЮНЕСКО ён беришни истамади ва агар АҚШ аъзолик бадалини тўламаса уни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилишини эълон қилди.

Воқеалар шу зайлда ривожландики АҚШ ўша 2011 йилдан бери ҳанузгача ЮНЕСКОга аъзолик бадалини тўламайди ва бу йиғилиб бугунги кунда 500 миллион доллардан ошган. ЮНЕСКО ўз сўзида туриб АҚШга ён бермади ва уни ташкилот ишларида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Келишмовчилик шу даражага етдики ЮНЕСКОнинг ўзига ён беришидан батамом умидини узган АҚШ охири бу ташкилотдан чиқиши ҳақида қарор қабул қилди. ЮНЕСКО ҳам ўз позициясида ўзини ҳақ деб билади ва ортга чекинмоқчи эмас.

Кўпчиликнинг фикрига кўра АҚШ БМТ ва унинг бўлими бўлган ЮНЕСКО ишларига 2 хил стандарт билан ёндашмоқда. Яъни БМТда ўзининг 4 шериги билан биргаликда доимий аъзолигидан фойдаланиб анча йиллардан бери бошқаларнинг БМТни тубдан ислоҳ қилиш, доимий аъзоларнинг сонини ошириш ҳақидаги талаб ва таклифларини эътиборсиз қолдириб келяпти. Гап сиёсатдан холи бўлган ЮНЕСКО ташкилоти ҳақида кетганда эса АҚШнинг ўзи бу ташкилотни “тубдан ислоҳ қилиш керак“ деб даъво қилмоқда. АҚШнинг бундай даъво қилишига сабаб эса ЮНЕСКО ташкилоти шунчаки АҚШнинг “йўриғи“га юрмаяпти.

АҚШнинг 2 хил стандарт қўллаётганига яна бир мисол: Бу давлат ўзи билан алоқаси унча яхши бўлмаган давлатларнинг юргизаётган ички ва ташқи сиёсатларидан хато топиб оқибатда дарров БМТнинг санкцияларини қўллаш билан таҳдид қилади. Лекин гап яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг манфаати ҳақида кетганда эса авваламбор ўзи БМТнинг резолюцияларини оёқости қилади. Масалан, у Фаластин-Исроил можаросида ана шундай йўл тутмоқда ва 70 йилдан буён Исроилнинг Фаластин ерларини босиб олганига кўз юмиб келмоқда. Ҳатто Фаластинни ўз сафига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қўшиб олган ЮНЕСКОнинг бу ишини “кечира олмаяпти“.

Умумий хулоса шуки агар ислоҳот керак бўлса авваламбор БМТнинг ўзини ислоҳот қилиш керак. Ер шарининг тақдирини 5 давлат ўзаро ҳал қилмасдан доимий аъзолар сонини ошириш керак. Сиёсатдан холи бўлган ЮНЕСКО эса ҳозирча ўз ишини билиб қиляпти.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШнинг икки хил «юзи»