00:13 / 07.01.2019
4 871

XXI асрда литий учун «уруш» бўладими?

XXI асрда литий учун «уруш» бўладими?
2030 йилга бориб, энг енгил металл - литийга бўлган талаб 38 баравар ошиб кетиши тахмин қилинмоқда. Бунга таъсир этувчи омил эса электромобиль ва смартфонларнинг ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ.

Юнон тилидан «тош» маъносини берувчи литий металлар ичида энг енгил, кумуш рангдаги талабгир модда кимёвий элемент ҳисобланади. Ундан фойдаланиш XIX бошида оммалашди, XX аср охирига келиб, литий саноатнинг, деярли, барча соҳасида ишлатила бошланди. Асосан металлургия, авиасаноат, ядро энергетикаси, ойна ишлаб чиқариш, керамика ва ҳатто психик моддалар тайёрлашда ҳам литийдан фойдаланиш мумкин. Аммо у, биринчи галда, аккумлятролар ишлаб чиқаришда қўл келади. Маҳсулотнинг энергоҳажмини оширади ва товар таннархи арзонлашади.

Электромобилларни ишлаб чиқариш каби технологик инқилоблар литийга бўлган талабни оширмоқда. Шунингдек, ҳар қандай уяли электротехниканинг аккумулятори ҳам литий билан қувватланади. Муқобил энергия турини афзал кўраётган Германия учун ҳам литий муҳим хом-ашё ҳисобланади. Натижада бу металлни энди «оқ» ёки «янги» нефть, деб аташ урф бўлди, элемент нархи эса ошишда давом этяпти (https://www.wealthdaily.com/report/lithium-the-oil-of-the-21st-century/1449). Литий бозорида нималар юз бермоқда ва нима учун «литий уруши»га тайёр туриш керак?

Заҳира ва ишлаб чиқариш

Биринчидан, литий камёб, барча ҳудудда топиш қийин бўлган металлар оиласига мансуб. Унинг умумий заҳирасини аниқ айтиш қийин, лекин турли манбаларда литий заҳираси 18-40 миллион тонна атрофида экани таъкидланади. Ҳозирча, энг катта заҳира Чилида – 7,5 миллион тоннага яқин бўлиб, аниқланган заҳира бўйича дунёнинг кучли бешлиги Хитой, Австралия, Аргентина ва Португалия билан тугайди.

Литий ишлаб чиқарувчи Чилининг SQM, АҚШга тегишли Albermarle ва FMC шу йўналишда «катта учлик»ни ташкил этади. Шу билан бирга, бозорда фаоллашган Хитой 2017 йил якунлари бўйича металлни қазиб чиқашда дунёнинг тўртинчи давлати бўлди. Хитой литий-ионли батарея ишлаб чиқаришда эса етакчи давлатга айланган. Айни пайтда қазиб чиқаришда «катта учлик»нинг ҳиссаси 85 дан 53 фоизгача тушган, Хитой бу борада 40 фоиз ишни бажаряпти. Шарқ вакиллар литий қазиб чиқариш ишларида фаоллашуви анча кўзга ташланади, кези келса, бу ҳаракатлар агрессивлашган тарзда давом этяпти.

Масалан, Tianqi компанияси Австралиядаги йирик литий шахтаси – Greenbushes ўз назоратини ўрнатган. Улар SQM акцияларини сотиб олишга интилмоқда (музокаралар музлатиб қўйилганди, Чили конституцион суди келишувни давом эттиришга рухсат берди. Бошқа Хитой компанияси – Ganfeng эса Tesla ва LG Chem каби «катта ўйинчилар»га мол етказиб берувчига айланиб, ўрта муддатли келажакда сотув бозорини аниқлаб олган.

Талаб ва таклиф

Tesla Model S электрокар аккумуляторини ишлаб чиқаришга 63 кг литий талаб қилинади. Бир қарашда, ишлаб чиқариш учун металлдан кам ишлатилиши, кутилаётган хавотирлар асоссизлигини билдиради. Аммо литийни қазиб чиқариш, қайта ишлаш жараёнидаги узоқ ва мураккаб ишлар охир-оқибат талаб ва таклиф ричаги ишлаб чиқарувчининг қўлида эканлигини англатади.

Bloomberg New Energy Finance тахминича , 2016 йилга нисбатан, 2030 йилга бориб, энг енгил металл - литийга бўлган талаб 38 баравар ошади. 2009 йилда «оқ нефт»га 102 минг тонна миқдорида эҳтиёж сезилган. 2016 йили эса талаб 210 минг тоннага етди, бир йил 35 минг тоннага кўпайди. 2018 йил якунлари бўйича эса 250 минг тоннадан ортиқ бўлиши айтиляпти.

Benchmark Minerals Intelligence тадқиқот компанияси 2025 йилга қадар литий-карбонатга бўлган талаб 900 минг тонна чизиғидан ўтишини билдирган. Бу ўзгаришларнинг барчасига литий-ион батареяларга бўлган талабнинг ошиб бораётгани таъсир қилмоқда. Қазиб чиқариш суръатлари эса бозор талабларини қондирмаяпти. Келгуси тўрт йилда металлни ишлаб чиқариш ҳажми 154 минг тоннага етиши кўзланган.

Нарх ва «уруш»

2015 йилда литий етарли ишлаб чиқарилмаётгани туфайли охирги уч йилда металл қадри 5 баравар ошди. Фақат 2017 йилнинг ўзида электромобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар талаби билан литий нархи 28 фоизга ошган. Tesla асосчиси Илон Маск эса оловга ёғ қуйгандек, электрокар ишлаб чиқариш учун дунёдаги барча литийни сотиб олиш истагида юрганини маълум қилди. Кейинроқ эса у вазиятга сал ойдинлик киритиб, «литий Tesla машиналари учун шакаробга сепилган туз», дея изоҳ берди. Ҳақиқатан, унинг машиналарига ўрнатилаётган батареялар асосан никел-графитдан ташкил топган.

2015 йил бошида бир тонна литий 5,4 минг долларга баҳоланганди ва шу йилнинг охирига бориб, унинг нархи 7,8 минг доллар бўлди. 2017 йил якунлари бўйича ўтказилган савдоларда 1 тонна литий 21,5 минг доллар миқдорида нархланган. 2018 йил бошида нарх 25 минг долларга чиққанда, литийга энг талабгор Хитой вазиятни қўлга олди: у қазиб чиқариш, ишлаб чиқариш суръатларини жадаллаштирди ва йил ўртасида 1 тонна литий 13 минг долларгача тушиб кетди. Хитойнинг «агрессияси» туфайли 2018 йил октябрда нарх 11 минг долларга тенглашди. Morgan Stanley'га кўра, ишлаб чиқариш ҳажми ва суръати шундай сақлаб қолинса, 2021 йилда 1 тонна литий 7,3 минг долларга баҳоланиши мумкин.

Қазиб чиқариш талабдан паст, нарх эса битта «ўйинчи»нинг истаги билан ўзгариб кетаётган бозорда қандай «уруш» бўлиши мумкин? Бу Шимолий Америка ва Хитойнинг литий заҳиралари учун бўлаётган кураши билан изоҳланади. АҚШнинг Хитой билан «савдо уруши» давом этса, Канаданинг Power Metals ва Nemaska компаниялари фойдаси ошади, улар ҳар икки тарафга маҳсулот етказиб беришга иштиёқманд.

Энг мураккаб масала шундаки, литий очиқ бозорда олтин, мис ё саноатга зарур хом-ашёлар сингари эркин сотилмаяпти. Лондон металлар биржаси 2019 йил иккинчи ярмида, ҳатто 2020 йилда фьючерс шартномаларни тақдим этиши мумкин. Банклар аниқ хатарни шаффоф кўрмаяпти, саноқли ташкилотлар таҳлили бозор савдосига тенг келмаслиги аниқ. Келгусида, эркин бозор савдоси бошланиши билан барчамиз вазиятни кузатамиз. ​

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » XXI асрда литий учун «уруш» бўладими?