14:02 / 15.02.2019
5 415

Қайси давлатларда муҳожирлар кўп ва нима учун?

Қайси давлатларда муҳожирлар кўп ва нима учун?
Кўпчиликнинг фикрича, бугунги кунда муҳожирлар етказиб бериш бўйича Ўзбекистон энг етакчи давлатлардан бирига айланиб қолган. Аслида ҳам шундайми? Умуман, дунёда қанча одам муҳожирга айланган ва улар қайси давлатлардан қайси давлатларга кўчишган? Қуйида шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Тўғри, сўнгги йилларда миллионлаб юртдошларимиз хорижда яшаб ишлашмоқда. Аммо жуда кўпчилик четга чиқиб кетганини ҳис қилсакда, Ўзбекистон муҳожирлар сони (эмиграция) бўйича ҳам, бизга келувчилар (иммиграция) борасида ҳам кучли ўнликка кирмайди. Ўзбекистонлик муҳожирлар, хусусан меҳнат муҳожирлари асосан 5 йўналиш – Россия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва АҚШга йўл олади.

Хориждаги ўзбекистонликлар томонидан жўнатилаётган маблағ бўйича рейтингда давлатлар жойлашуви сал ўзгаради: Россия (77 фоиз), Қозоғистон (6 фоиз), АҚШ, Туркия (4 фоиздан), Жанубий Корея (2 фоиз).
Ўзбекистонга айнан ишлаш мақсадида келувчилар деярли йўқ, мамлакатимиз ҳозирча меҳнат муҳожирларини жалб қилувчи давлатлар қаторига кирмаган.

Маълумот учун: Асримизга келиб миграция янги босқичга чиқди. Олдин юз минг ёки миллионларни қамраган бу ижтимоий жараён бугунги кунга келиб юзлаб миллион инсонлар ҳаётига дахлдор бўлиб қолди. Айни пайтда дунё бўйлаб деярли 260 миллион нафардан ортиқ муҳожирлар бор. Уларнинг 165 миллион нафардан ортиғи меҳнат муҳожирлари бўлиб, 96 миллиони эркаклар, 68 миллиони аёллардан иборат. БМТ маълумотларига қараганда, уларнинг сони 2000 йилга нисбатан 49 фоизга ортган.

Меҳнат миграцияси – меҳнатга лаёқатли инсонларнинг юқори даромадли иш илинжида бир давлат ичида ёки давлатлараро (ўзи туғилган давлатдан ташқарига) кўчиши ва бир йилдан ортиқ муддат бўлишидир. Бу кучли иқтисодий омил бўлиб, бир тарафдан ишчиларга бўлган талабни қондирса, иккинчи тарафдан ишсизлик муаммоси оғир бўлган ҳудудлардаги тарангликни юмшатишга хизмат қилади.

Бирор давлатга миграция оқимининг кўпайиш сабаблари оддий ва тушунарли:
1. Иқтисодий ривожланиш;
2. Либерал қонунлар;
3. Яқин қўшниларда иқтисодий танглик;
4. Иқлим ўзгаришлари, нотинчлик, камситишлар туфайли яшаш учун қулай шароитлар излаш;
5. Демографик кўрсаткичлар пасайиши ортидан муҳожирлар келишини рағбатлантириш.

Маълумот учун: Дунёдаги 260 миллион муҳожирнинг 50 фоизи 10та давлатдан, 67 фоизи 20та давлатдан қўним топган. Муҳожирлар томонидан 2018 йилга келиб жўнатилган маблағлар миқдори 600 млрд АҚШ долларидан ортиб кетган ва бу пулнинг 450 млрд доллари ривожланаётган давлатларга (жумладан Ўзбекистонга) йўлланган. Муҳожирлар даромадларининг ўртача 85 фоизини ўз юртларига жўнатиб, 15 фоизинигина ишлаётган давлатлари иқтисодига киргизадилар.

Муҳожирлар оқими бўйича юз йиллардан буён АҚШ етакчиликни қўлдан бермай келмоқда. Бу давлатда 50 миллионга яқин муҳожир яшайди (дунё мигрантларининг тақрибан 20 фоизи) ва уларнинг 25 фоизга яқини ноқонуний муҳожирлардир. Расмий маълумотлар бўйича АҚШда 60 минг нафар ўзбекистонлик яшайди. Саудия Арабистони (12 миллионга яқин), БАА каби давлатлар ҳам муҳожирларга «бой» давлатлар ҳисобланади. Буюк Британияда ҳам 9 миллион муҳожир бор. Узоқ йиллар Германия АҚШдан сўнг иккинчиликни сақлаб турди. Аммо Россия бу давлатдан ўзиб кетди (гарчи расмий маълумотларда ҳар икки давлатда 12 миллион нафардан ортиқ муҳожир борлиги қайд этилган бўлсада, Россиядаги ноқонуний муҳожирлар сони анча кўп).

Бунинг ўзига хос ва айнан Ўзбекистонга боғлиқ бўлган сабаблари бор. Чунки, Россиядаги меҳнат муҳожирларининг мутлақ кўпчилиги ўзбекистонликлардир.

Россияга йўналган миграциянинг ўзига хос ва асосий жиҳати, албатта, меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга жўнатган пул миқдорида. Бу миқдор ҳам ҳар йили Россия иқтисодига мутаносиб равишда ўзгариб туради. Масалан, 2016 йили 2,68 млрд АҚШ доллари жўнатилган бўлса, 2017 йилнинг уч чорагидаёқ бу кўрсаткич 2,7 млрд доллардан ошиб кетган. 2018 йилнинг 1-чорагида жисмоний шахслар Россиядан Ўзбекистонга 726 миллион доллар юборишган. Бу эса 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга кўплигини кўрсатади.

Бу борадаги рекорд кўрсаткич 2012–2013-йилларга тўғри келади. Ўша йиллари ўзбекистонлик муҳожирлар Россиядан ватанига бир йилда 6,7 млрд АҚШ доллари жўнатишга муваффақ бўлган. Кейинчалик бу маблағ камая бошлади. Бунинг бир неча сабаблари бор эди: Қрим воқеасидан сўнг Россияга қарши санкциялар қўлланди, АҚШ долларининг қиймати аввал Россияда, кейинчалик МДҲ давлатларида анча ошди, Россия муҳожирларга меҳнат қилиш ҳуқуқини беришда талаб қилинувчи ҳужжатларни кескин кўпайтирди, ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам юқоридаги муаммолар туфайли бошқа йўналишларни танлай бошлашди.

Фуқаролари томонидан ўзга давлатлар меҳнат бозорини эгаллаш учун тарк этилаётган давлатлар орасида етакчилар: Ҳиндистон (16 млн киши), Мексика (13 млн), Россия (10,5 млн), Хитой (10 млн), Покистон, Бангладеш, ва Африка қитъасининг қатор давлатларидир. Биргина АҚШнинг ўзида 12 миллион нафардан ортиқ мексикалик, 5 миллион нафар атрофида хитойлик яшайди. Шунингдек, ҳозирги кунда Сурия ва Ироқдан кетаётган муҳожирлар сони ҳам ортиб бормоқда. 5 миллион нафардан ортиқ киши нотинчликлар туфайли бу ҳудудларни тарк этган.

Қизиқарли фактлар:
* 2016 йилда Тожикистон ЯИМ 7 млрд долларни ташкил этгани ҳолда Россиядаги муҳожирлар жўнатган маблағ миқдори 2 млрд долларга яқин бўлган;
* Айрим маҳаллий аҳоли вакиллари муҳожирлар кўплигидан нолийди. Аммо Исроил, АҚШ каби давлатлар деярли тўлиқ муҳожирлардан ташкил топган ва иқтисоди бақувват, фаровон давлатлар ҳисобланишади;
* Муҳожирларнинг тахминан 30 фоизигина ўз соҳасида фаолият юритади. Қолганлари фаолият турини ўзгартиришга мажбур бўлишади;
* Москвада туғилаётган болаларнинг тахминан 7 фоизи муҳожирларнинг фарзандларидир.
Аброр Зоҳидов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қайси давлатларда муҳожирлар кўп ва нима учун?