
Ҳолливуд юлдузи Маколей Калкин машҳур “Уйда ёлғиз” фильмидаги Кевин Маккаллистер ролини яна бир бор ижро этди. Бу сафар у катта ёшдаги Кевин сифатида қариялар учун парвариш хизматини тарғиб қилувчи реклама видеосида иштирок этди.
Актёрнинг бу ҳаракати бутун интернетни қўзғатди — чунки бу образ уни 1990 йилларда жаҳон миқёсида танитган эди. Ўша пайтдаги кичик Кевиннинг уйни ўғрилардан ҳимоя қилишдаги ҳазиломуз айёрликлари ва топқирлиги бутун авлод учун рамзга айланганди.
Янги ролик комедиянинг 35 йиллиги муносабати билан суратга олинган. Энди Кевин болалигидагидек беғубор қаҳрамон эмас — у катта бўлган, онасига ғамхўрлик қилаётган меҳрибон ўғил сифатида намоён бўлади. У “Онам учун хавфсизлик режаси” номли харита тайёрлаб, уйдаги ҳар бир эҳтимолий хавфни аниқ белгилайди.

Бир саҳнада у пуфакчали плёнкани йиғиштирар экан, телефонда шундай дейди:
“Мен фақат онамнинг ёлғизлигидан хавотирдаман. Агар у йиқилиб тушса ёки уни қор босиб қолса-чи?”
Роликда болаликдаги “қўрқинчли қария” Марли образи ҳам билвосита қайтиб келади — бу сафар унинг набираси кўринишида. У Кевинга онаси билан самимий суҳбат қуриш, ўз ҳисларини яширмаслик ҳақида маслаҳат беради.
Калкиннинг бу рекламадаги чиқиши нафақат носталгия, балки актёрнинг янги босқичдаги ижодий қайта туғилиши сифатида ҳам баҳоланмоқда. Чунки у сўнгги йилларда экранларда кам кўринганди.
Маълумотларга кўра, актёр яқинда чиқиши кутилган “Фоллаут” сериали иккинчи мавсумида мутлақо янги — антагонист образида намоён бўлади. Шу билан у болалик давридаги қаҳрамонлик образидан бутунлай бошқача юз билан қайтишга ҳозирланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!