date

Бразилияда 27 марта пластика қилдирган блогер сирли тарзда вафот этди

Бразилияда 27 марта пластика қилдирган блогер сирли тарзда вафот этди

Бразилияда машҳур блогер ва ижтимоий тармоқ юлдузи Барбара Янкавскининг кутилмаган ўлими жамоатчиликни шокка солди. У интернетда “Boneca Desumana” (“Инсонга ўхшамаган қўғирчоқ”) номи билан танилган ва экстремал ташқи кўриниши билан миллионлаб фойдаланувчилар эътиборини тортган эди.

Полиция маълумотларига кўра, 31 ёшли блогер 2 ноябрь куни Сан Паулу шаҳрининг Лапа туманидаги уйида вафот этган ҳолда топилган. Унинг танасида — айниқса юз ва елка қисмида — жароҳат излари кузатилган. Ўлим ҳақида полицияга хабар берган шахс — 51 ёшли давлат адвокати бўлиб, у Барбара билан ўша куни бирга бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, улар биргаликда вақт ўтказиб, гиёҳванд моддалар истеъмол қилишган. Янкавски ухлаб қолган ва кейин уйғонмаган. Шошилинч ёрдам чақирилган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга улгурмаган.

Ҳозирда тергов ишлари “шубҳали ўлим” моддаси бўйича олиб борилмоқда. Суд-тиббий экспертиза ва токсикология таҳлиллари блогернинг нима сабабдан вафот этганини аниқлайди — бу заҳарланиш, жисмоний шикаст ёки ички касаллик бўлиши мумкин. Адвокат ҳозирча гувоҳ сифатида сўроқ қилинган, бироқ тергов ҳали якунланмаган.

Полиция маълум қилишича, уйда яна бир аёл ҳам бўлган ва у терговчиларга кўрсатма берган. Унинг фикрича, Барбара йиқилган пайтда кўзидан жароҳат олган бўлиши мумкин, аммо бу кўрсатма ҳозирча тасдиқланмаган.

Барбара Янкавски Бразилиянинг энг машҳур эстетик блогерларидан бири ҳисобланади. У сўнгги йилларда жами 27 марта пластик операция ўтказган, бу жараёнларга тахминан 55 минг доллар сарфлаган. Унинг асосий мақсади “инсоний кўринишдан фарқли идеал гўзаллик” яратиш бўлган. Янкавскининг Instagramда 55 минг, TikTokда эса юз минглаб кузатувчилари бўлган. У кўплаб реклама кампаниялари ва гўзаллик шоу-лойиҳаларида иштирок этган.

Охирги ҳафталарда блогернинг ҳолати мухлисларда хавотир уйғотганди — у пластик жарроҳликдан сўнг кўзлари қизарган видеоларни жойлаштирган ва “чандиқлар деярли сезилмайди”, деб ёзган эди.

Барбаранинг ўлими нафақат унинг мухлисларини, балки тиббиёт жамоатчилигини ҳам ўйлантирди. Экспертлар эстетик жарроҳликларнинг ортиқча тарғиби одамлар, айниқса ёш авлод руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлашмоқда. Ижтимоий тармоқларда бу ҳолат инсон танасига нисбатан идеаллаштирилган босим, психологик нохушлик ва хавфли гўзаллик стандартларини муҳокама қилишга сабаб бўлди.

Тергов ҳозирча бир неча йўналишда давом этмоқда — полиция аутопсия натижаларини, телефон ёзишмаларини ва шубҳали шахсларнинг кўрсатмаларини таҳлил қилмоқда. Расмийлар натижаларни яқин кунларда эълон қилишини маълум қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Бразилияда 27 марта пластика қилдирган блогер сирли тарзда вафот этди