
Сурия етакчиси Аҳмад аш-Шаръа АҚШ пойтахти Вашингтонга расмий ташриф билан келди, деб хабар берди давлат ахборот агентлиги САНА. Бу ташриф 1946 йилда Сурия мустақилликка эришганидан буён мамлакат раҳбари томонидан Америкага амалга оширилаётган илк расмий сафар сифатида тарихга кирди.
Маълумотларга кўра, Аҳмад аш-Шаръа 10 ноябрь куни Оқ уйда АҚШ президенти Доналд Трамп билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатларнинг янги босқичга олиб чиқилиши, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, минтақадаги террорчилик гуруҳларига қарши курашиш масалалари муҳокама этилиши кутилмоқда.
Манбалар таъкидлашича, ташриф олдидан Вашингтон ва Дамашқ ўртасидаги муносабатларда сезиларли илиқлик кузатила бошлаган. 7 ноябрь куни АҚШ маъмурияти Аҳмад аш-Шаръага нисбатан жорий этилган шахсий санкцияларни бекор қилган эди. Бунинг ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам Сурия президентига нисбатан халқаро чекловларни олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Таҳлилчилар фикрича, бу воқеа Сурия ва АҚШ ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг янгидан тикланиш босқичига қадам бўлиши мумкин. Айрим халқаро экспертлар буни «ўзаро ишончни тиклаш йўлидаги илк рамзий қадам» сифатида баҳоламоқда.
Вашингтондаги музокаралар орқали икки давлат нафақат сиёсий муносабатларни яхшилаш, балки иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар ёрдам соҳаларида ҳам янги саҳифа очиши кутилмоқда. Сиёсий кузатувчилар бу ташрифни «Сурия ташқи сиёсатининг янги йўналиши бошланиши» деб атади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!