Трамп Сурияда таслим бўлди

  • 13 октябрь 2019, 14:55
  • 3 101
  • Дунё
  • Трамп Сурияда таслим бўлди
    Президент Дональд Трампнинг АҚШнинг Суриядаги фаолиятига нуқта қўйиш ҳақидаги қарорини тўсатдан амалга оширилган кутилган сиёсат сифатида баҳолаш мумкин. Ўтган йил декабрда у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан телефон мулоқотидан кейин Суриядан чиқиб кетиш тўғрисидаги кескин қарори билан барчани ҳайратга солди. Жеймс Мэттис ушбу қарорга жавобан мудофаа вазири лавозимидан истеъфога чиқди, аммо Трамп маслаҳатчиларининг кечиктириш тактикаси туфайли ўша вақтда ҳеч бир Америка аскари Сурияни тарк этмади.

    Ўшандан кейин ўтган 1 йил ичида Қўшма Штатлар ҳукумати маслаҳатчилари илгари сурган бир қанча ғоялар ҳавога учди: «Араб НАТО»сини тузиш ростанам реалликдан йироқ бўлган фикр эди, кейин АҚШ – Европа ўртасида Сурия – Туркия чегарасида ўз кучларини жойлаштириш борасидаги беҳуда музокаралар бошланди. Вашингтоннинг расмий Анқара ва курдлар ўртасида воситачилик қилиш ғояси ҳам самарасизликда олдингисидан қолишгани йўқ, Туркия – АҚШ музокаралари эса на хавфсизлик ҳудуди бўйича аниқ хулосага келинмай, на у ким томонидан идора этилишига қарор берилмай якун топди.

    Эрдоған ўтган ой Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида Трамп билан керакли учрашувни ўтказолмагач, хавфсиз ҳудуд яратишга бўлган умид сўнгандек бўлди. Аксар хорижий етакчилар сингари Туркия раҳбари ҳам АҚШ президенти билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришда яхшигина тажрибага эга. Одатда у истаганига эришади, жумладан, Россиядан С-400 мудофаа тизимини сотиб олганига қарамай, мамлакатини АҚШ санкцияларидан сақлаб қололди.

    Эрдоған яна ўзи хоҳлаганига эришиб, Трампнинг эътиборини тортди ва иккаласи ўртасидаги сўнгги қўнғироқ ўтган йилнинг декабридаги каби натижага олиб келди: АҚШ президенти миллий хавфсизлик гуруҳининг маслаҳатларига эътибор бермай, Сурияда чекинишга буйруқ берди.

    Аммо Трамп майдонни фитнасиз тарк этгани йўқ. У чекинишни АҚШнинг бу муаммо билан шуғулланиш учун бошқаларга йўл бериши деб баҳолади. Бу эса, албатта, Эрдоғанни хурсанд қилгани йўқ: у Қўшма Штатлар курдларни Туркия билан урушни давом эттиргандан кўра чекиниш мақбул вариант эканига ишонтиришини истарди.

    Кейинроқ Трамп агар Туркия қандайдир ноқунуний ҳаракатни амалга оширадиган бўлса ёки «ҳаддидан ошса», бутун Анқара иқтисодиётини вайрон қилиш билан дўқ урди. Моҳиятан, Туркия иқтисодиётига қарши санкция қўллаш таҳдиди билан Трамп маъмурияти Эрдоғаннинг ҳарбий операцияларда «ҳаддан ошишига» тўсқинлик қилиш ваколатини қўлга киритди. Вашингтон ва Анқара ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз тугаган бир шароитда бу Оқ Уй учун ўзига хос ютуқ бўлди, десак ҳам бўлади. Бошқача қилиб айтганда, Вашингтон келажакка сармоя киритяпти. Қайсидир нуқтада АҚШ барибир яна майдонга қайтади ва барча чизиқлар ҳамда кучлар мувозанати қайта кўриб чиқилиши муқаррар.

    Техник жиҳатдан Трамп Обаманинг курдлар билан мувозанатни сақлаган ҳолда Туркияни ўз иттифоқчиси сифатида сақлаш стратегиясига нуқта қўймоқчи. Шундай қилиб, агар Вашингтон ўз ҳарбий кучларини ниҳоят Суриядан олиб чиқиб кетса, бу нақ 8 йил давом этган маънисиз сиёсатнинг хотимаси бўлади.

    Умуман олганда, АҚШнинг Туркия иқтисодиётини вайрон этиши учун Анқара айнан қайси «қизил чизиқ»ни босиб ўтиши кераклиги ҳам, курдларнинг иттифоқчиликни Москва билан давом эттиришининг келажаги ҳам ҳозирча маълум эмас. Пентагон Россия мудофаа вазирлиги билан ушбу масалани муҳокама қилиш учун тайёргарликларни бошлаб юборди, Эрон эса Суриянинг шимоли-шарқида АҚШ тарк этаётган жойни тўлдиришни таклиф қилмоқда.

    Трамп ўз твиттерида «Биз 7000 мил узоқликдамиз» деб изоҳ қолдирган, ушу тариқа Сурия АҚШ муаммоси эмаслигига ишора қилиб, фикрларини умумлаштирди. Ҳозирда Трамп “Толибон” билан музокаралар олиб бормоқда. Бундан кўриниб турибдики, Трамп вақти-вақти билан чекиниш стратегияларига мурожаат қилиб туради. Аммо унинг маслаҳатчилари амин бўлсинларки, Сурияга нисбатан жорий сиёсат ҳам барибир узоққа чўзилмайди.

    На ҳозирги ҳолат, на Трамп ва унинг маъмурияти қарорлари билан боғлиқ бундай чалкашликлар кузатувчини ортиқ ҳайратга солмай қўйган. Бу АҚШ президентининг ички сиёсатда тобора яккаланиб бораётгани ва халқаро майдонда ортиқ жиддий қабул қилинмаётганидан бошқа нарсани акс эттираётгани йўқ. Сурия эса тобора муаммолар оламига ғарқ бўлаётган Трамп учун шунчаки аҳамиятсиз бир масала эди, холос.

    Манба: Azon.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Трамп Сурияда таслим бўлди