11:55 / 30.03.2020
2 173

Трамп: «Қонунни демократлар ва республикачилар бир овоздан қўллаганидан хурсандман»

Трамп: «Қонунни демократлар ва республикачилар бир овоздан қўллаганидан хурсандман»
Фото: AP/ТАСС
АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус келтириб чиқарган зарарга қарши кураш доирасида аксилинқироз режаси тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, ҳукумат коронавирус келтириб чиқарган инқироз вақтида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 2,2 триллион доллар ажратади. Бу АҚШ тарихидаги энг катта иқтисодий кўмак режаси ҳисобланади. Ҳали ҳеч қачон мамлакат ҳукумати ўз фуқароларига бу қадар катта миқдорда иқтисодий ёрдам кўрсатмаган.

Умуман, давлатчилик тарихида бу қадар катта аксилинқироз режаси бўлмаган. Хўш, бу ақл бовар қилмас даражадаги катта пул нима мақсадларда сарфланади?

Аввало оддий давлатлар бир неча ўн йилда ҳам тополмайдиган бу пул АҚШ учун ҳам оз эмаслиги ҳақида. АҚШ ЯИМ бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 21,3 триллион доллардан кўпроқ. Аммо ЯИМ мамлакат хазинасига бир йилда тушадиган пул дегани эмас. Бу бутун давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар қиймати. Шу боис қисқа муддатда 2,2 триллион доллар пулни бирор режа учун ажратиш ҳатто АҚШ учун ҳам осон эмас.

Пуллар қаерга ишлатилади?
Бунчалик катта пул қандай мақсадларда ишлатилиши ҳақида Трамп қонунни имзолаш вақтида айтиб ўтди:

- 500 миллиард доллар корпоратив акцияларни сотиб олишга чеклов қўйилган ҳолда катта зарар кўрган корхоналарга ажратилади. Биз уларга акцияларни сотиб олишни тақиқлаймиз, буни назорат қиламиз. Шунингдек, бу пуллардан компенсация тўлашга йўл қўйилмайди.
- 300 миллиард доллар йиллик даромади 99 минг доллардан кам бўлган фуқароларга ёрдам бериш учун ажратилади. Тўрт кишидан иборат битта оила 3 400 доллар олади (99 минг доллардан кам йиллик даромадга эга бир фуқаро 1 200 доллар, ҳар бир ёш бола эса 500 доллар ёрдам пули олади - тарж).
- 350 миллиард доллар кичик бизнес субъектларига улар ишчиларининг маошини тўлаб бериши учун ажратилади.
- 250 миллиард доллар ишсизларни қўллашга сарфланади. Ишини йўқотган фуқаролар 4 ой давомида узлуксиз ўз маошини 100 фоиз миқдорда олишда давом этади.
- 100 миллиард доллар бизнинг қаҳрамон шифокорларимиз, ҳамшираларимиз, касалхоналар учун ишлатилади. Нималар бўлаётганини кўриб турибсиз. Шу ўринда икки кунда бутун бошли 4та касалхонани қуриб биритган армия аскарларига раҳмат дейман.
- 45 миллиард доллар штат миқиёсидаги, маҳаллий раҳбарларни қўллаб-қувватлаш учун табиий офатларга қарши кураш фондидан ажратилади.
- 27 миллиард доллар вакцина ва бошқа касалликка қарши кураш воситалари учун ажратилади. Жумладан, 16 миллиард доллар фавқулодда ҳолатлар учун миллий захирани тўлдиришга сарфланади. Энди менга рухсат берасиз, мен матбуот анжуманига боришим керак. Бизда захира жуда кўп, бу ҳақда кейинроқ бафуржа гаплашамиз, деб сўзини якунлади Трамп харажатлар ҳақида қисқача маълумот берар экан.

«Хитой раҳбари билан гаплашдим»
Трамп қонунни имзолагач, матбуот анжуманида дунё етакчилари билан гаплашганининг баъзи тафсилотлари ҳақида гапирди: «Қонунни демократлар ва республикачилар бир овоздан қўллаганидан хурсанд бўлдим.

Ҳозир айнан Американи биринчи ўринга қўядиган вақт. Бизда барча воситалар етарли. Масалан, Boeing тиббиёт ходимларига ёрдам бериш мақсадида пластик тиббиёт ниқоблари (ўзига хос тиббиёт қалқони) ишлаб чиқаришини эълон қилди.

Вентиляторлар борасида муаммони ҳам ҳал қилдик. Афсуски, Нью-Йоркда омборларда ётган вентиляторларни вақтида олиб кетишмади. Ҳозир эса олиб кетиб керак жойларга ўрнатишмоқда. Айтганча, бугун Борис Жонсонга қўнғироқ қилдим. Биласиз, унда ҳам вирус аниқланган. Борис жуда ажойиб йигит, у саломлашиб бўлгач «Бизга вентилятор керак», деб айтди. Умид қиламан, у кўрмагандек бўлиб кетади.

Ангела Меркель билан ҳам гаплашдим. У ҳам карантинда ва бу жуда тўғри иш деб ўйлайман. Вазият чиндан жуда жиддий.

Кеча эса Хитой раҳбари билан гаплашгандим. Биз уларнинг касалликни енгишдаги тажрибаси ҳақида гаплашдик ва тўғриси кўп нарса ўргандик ҳам. Улар жуда яхши ишлашди, давлат раҳбари ҳам. У билан суҳбатимиз ажойиб ўтди», деди Трамп.

Албатта, Трамп ажратилган пулларни деталларгача қай тартибда ажратилишини айтмади. Масалан, 50 миллиард доллар коронавирус вақтида энг кўп зарар кўрган авиакомпанияларга ажратилади. Кичик бизнез вакилларига ёрдам эса уларга бериладиган катта миқдордаги кредит кўринишида бўлади.

Шунингдек, қонунга кўра ишсизлик суғуртаси ҳам оширилади. АҚШда одатда ҳафтасига 300 минг киши ишсизлик нафақаси сўраб мурожаат қиларди, пандемия тарқалгач, бу кўрсаткич ҳафтасига 3 миллионгача ошиб кетди.

Шу вақтгача АҚШ тарихидаги энг катта маблағ сарфланган аҳолига ёрдам бериш режаси 2009 йилда амалга оширилган. Ўшанда президент сифатида иш бошлаганига эндигина бир ой бўлган Барак Обама жаҳон иқтисодий инқирозидан чиқиб кетиш мақсадида ишлаб чиқилган режа учун 800 миллиард долларга яқин пул ажратиш тўғрисида қонунга имзо чекиб, бу орқали жуда катта таваккалга қўл урганди. Кейинчалик бу режа ўзини оқлаб, «Обаманинг иқтисодий мўъжизаси» номини олди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп: «Қонунни демократлар ва республикачилар бир овоздан қўллаганидан хурсандман»