07:07 / 08.04.2020
2 028

Коронавирус: Японияда фавқулодда ҳолат, АҚШ ва Францияда минглаб ўлим ҳолатлари

Коронавирус: Японияда фавқулодда ҳолат, АҚШ ва Францияда минглаб ўлим ҳолатлари
Фото: Reuters
Дунёда яна нималар содир бўлди? Қуйида коронавирус тарқалиши бўйича сўнгги маълумотлар.

Энг оғир вазият - Испания ва АҚШда
Испанияда сўнгги бир кунда яна 743 киши коронавирус қурбонига айланди, ҳолбуки душанба куни 637 ўлим қайд этилган ва бу мамлакатда 24 март кунидан буён энг қуйи кўрсаткич бўлганди.

Сўнгги кунларда қурбонлар ва зарарланганлар сони камайиши кузатилганди, соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кундаги ўсиш кўрсаткичларини бу миқдор дам олиш кунларидаги ҳолатларни ҳам ўз ичига олиши билан изоҳлади. Айни вақтда жами қурбонлар сони 14 мингга яқинлашди - дунёдаги энг юқори кўрсаткич.

Сўнгги маълумотларга кўра, Испанияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари ҳам ўсган: мамлакатда яна 5 мингга яқин киши касаллангани аниқланган ва жами миқдор 140,5 мингдан ошган. Соғлиқни сақлаш вазири Мария Хосе Сиерра буни ҳам дам олиш кунларидаги ҳолатлар қўшилиши билан изоҳлаган. Айни вақтда Испания касалланиш ҳолатлари сони бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринда жойлашган.

Сешанба куни Нью-Йорк штати касалланганлар сони бўйича Италияни ортда қолдирди. Сешанба кунги маълумотларга кўра, штатда коронавирусдан зарарланганлар сони 139 мингга яқин. АҚШда қайд этилган жами ҳолатлар - 386,5 минг киши.

Сешанба куни Нью-Йоркда пандемия бошланганидан буён энг кўп ўлим қайд этилди - бу штатда бир кунда 731 киши вафот этди. Сўнгги кунда мамлакатда жами 1529 ўлим қайд этилди ва пандемия бошланганидан буён жами ўлимлар сони 12400га етди.

Бу ҳафтада АҚШ коронавирус билан боғлиқ барча кўрсаткичлар бўйича - ўлимлар сони, касалланишлар сони ва реанимация бўлимлари тўлиши бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этиши кутилмоқда. Бу ҳақда ABC телеканали эфирида Оқ уй шифокорлар жамоасининг собиқ аъзоси, терапевт ва адмирал Бретт Григуар айтиб ўтди.

Висконсин штати ҳукумати карантинга қарамасдан Демократик партия праймеризини ўтказишга қарор қабул қилди. Штат губернатори, демократ Тони Эверс сайловларни бир ой кейин ўтказиш ҳақида фавқулодда фармонини имзолаганди, аммо душанба куни Олий суд унинг қарорини бекор қилди.

Натижада сайловлар чекланган форматда ўтказилди - Милуоки шаҳридаги 180та сайлов участкасидан фақат 5таси очилди - сайловчилар ижтимоий масофа сақлаган ҳолда овоз беришди.

Япония: фавқулодда ҳолат ва бизнесга ёрдам
Японияда фавқулодда ҳолат жорий этилди - тўғри, бу мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий этилишини англатмайди. Жамоат транспорти фаолият кўрсатишда давом этади, фуқаролар ҳаракатига чеклов ўрнатилмайди.

Аммо фавқулодда ҳолат жорий этилиши ҳукуматга исталган вақтда шундай чоралар қўллаш ваколатини беради. «Барчаси сизнинг ҳаракатларингизга боғлиқ», - деди бош вазир Синдзо Абэ ва одамларни ўзаро масофа сақлашга чақирди.

Getty Images
Фавқулодда ҳолат 6 префектурада ва пойтахт Токио шаҳрида жорий этилади. Шу тариқа, бу мамлакат аҳолисининг 44 фоизига тааллуқли бўлади.

Абэ коронавирус эпидемиясини мамлакат Иккинчи жаҳон уруши давридан буён дуч келган «энг жиддий инқироз» деб атаган ва бюджетдан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун тахминан триллион доллар (108,2 триллион иен ёки 990 млрд доллар - Япония ЯИМининг 20 фоизи) ажратишга фармойиш берган.

Касаллик туфайли Япониядаги ёзги Олимпия ўйинлари бир йил кейинга қолдирилди. Абэ заруратга кўра олимпия ўйинлари учун қурилган объектларни шифохонага айлантириш мумкинлигини айтиб ўтган.

Сешанба куни ҳукумат томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар пакети вирус туфайли молиявий қийинчиликка дуч келган оилаларга 300 минг иендан (2750 доллар) ажратишни кўзда тутади. Кичик ва ўрта бизнес компанияларига ҳам тўловлар ажратилади. Пандемиядан катта зарар кўрган компанияларга эса нол ставкали кредитлар ва солиқ имтиёзлари тақдим этилади.

Япония бошқа мамлакатларга қараганда коронавирусдан нисбатан кам зарар кўрган, айни вақтга келиб мамлакатда вирусдан зарарланишнинг 3906 ҳолати қайд этилган, 92 киши вафот этган ва 592 киши соғайган.

Европа:
Сешанба куни Францияда қўшимча карантин чоралари жорий этилди. Чоршанба кунидан Парижда яшовчиларга соат эрталабки 9дан кечқурунги 7гача кўчада югуриш тақиқланади. Бу ҳақда Париж шаҳри мэрияси ва полиция бошқармасининг қўшма қарори қабул қилинган. Дам олиш кунларида Париж кўчаларида ва бозорлар атрофида одамлар тўпланиши кузатилган.

5 апрель куни Париж кўчаларидаги ҳолат / GETTY IMAGES
Францияда қатъий карантин чоралари 16 март кунидан киритила бошлаганди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 110 мингга яқинлашди, сўнгги бир кунда 1417 киши оламдан ўтди ва жами қурбонлар сони 10328тага етди.

Британия бош вазири Борис Жонсон тунни Лондондаги Сент-Томас шифохонасининг интенсив терапия бўлимида ўтказди. 55 ёшли Борис Жонсонга эҳтиёт чораси сифатида сунъий нафас олдириш аппарати керак бўлиб қолиши мумкинлиги инобатга олиниб, у жонлантириш бўлимига ўтказилган.

Сешанба куни Даунинг-Стритдагилар бош вазир ўзини яхши ҳис қилаётгани ва ҳозирча у сунъий нафас олдириш аппаратига уланмагани ҳақида маълум қилди, аммо у кислород ниқоби орқали қўшимча нафас олмоқда.

Британиялик сиёсатчилар ижтимоий тармоқлар орқали Жонсонга руҳан далда бўлишмоқда. Собиқ бош вазир Жеймс Кэмерон Жонсонни «бақувват йигит» деб атади ва у тез орада соғайиб ишга қайтишига ишонч билдирди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳамон шошилинч чоралар қўллашга шошилмаяпти. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига қулоқ солмай келаётган саноқли давлат раҳбарларидан биридир. У ҳатто энг оддий карантин тартиблари жорий қилмаган ва ўзи ҳам ижтимоий масофа сақлаш тартибига риоя қилмаяпти: март ойи охирида беларуслар президенти ҳоккей ўйнаганди.

«Одамларни квартирага қамаб қўйиш - бир кунда амалга ошадиган иш. Эртагаёқ ҳарбийларни шаҳарга киритамиз, барчани сафар қиламиз - кўчага ҳеч ким чиқа олмайди. Кафолат бераман. Сиз шуни истайсизми? Сиз буни кураш услуби деб атайсизми? Мен эса йўқ», деди у сешанба куни коронавирус тарқалиши хавфига тайёрланиш бўйича ҳисоботни тинглаганидан кейин.

Пойтахтдаги инфекция шифохонасининг бош шифокори ўринбосари Святослав Вельгин эса беларусларни «жуда оғир апрель» кутаётгани тўғрисида огоҳлантирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Беларусда 861 кишида коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган. Беморларнинг 54 нафари соғайган ва 13 киши вафот этган.

«Касаллик бутун дунё бўйлаб жадал тарқалмоқда. Бизда ҳам вазият оғир, аммо ваҳимага тушиш керак эмас. Ҳозир биз апрель оғир ўтишини прогноз қилишимиз мумкин, аммо ҳаммасини вақт кўрсатади. Муҳими, касаллар сони кўтарилиб кетмаслигидир», дея Святослав Вельгиннинг сўзларини келтирган БЕЛТА агентлиги.

Польшада эса президентлик сайловларига ҳозирлик кўрилмоқда. Сешанба куни ҳукуматдаги «Ҳуқуқ ва адолат» партияси парламентга масофадан туриб овоз бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.

Польшада жамоат жойлари дезинфекция қилинмоқда / Getty Images
Сешанба куни Польша бош вазири ўринбосарларидан бири, собиқ Адлия вазири Ярослав Говин истеъфога чиққани маълум бўлди, у ҳукуматни бу қарор учун танқид қилганди.

Ҳукуматдаги партия амалдаги президент Анджей Дудани қўллаб-қувватлайди. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги қаршилик қилса, сайлов тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентда қабул қилинмаслиги ҳам мумкин.

Бирорта ўлимсиз кун
6 апрель куни Хитойда илк марта коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмади (бир кун аввал икки киши вафот этганди). Коронавирус тарқалиши ўчоғи бўлган ушбу мамлакатда ўтган куни коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 32 ҳолат қайд этилди (бир кун аввал 39 ҳолат эди) ва бу ҳолатларнинг барчасида вирус хорижда юқтирилган. Янги вирусдан энг кўп жабр чеккан Хубэй провинциясида эса шу куни бирорта зарарланиш ҳолати қайд этилмаган.

Уҳандан илк поезд билан чиққан йўловчилар / AFP
ХХР Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати 22 январдан буён ҳар куни янги ўлим ҳолатлари тўғрисида маълумот бериб келаётганди.

23 январда Хубэй провинциясида қатъий карантин жорий этилганди. Икки ой давомида ушбу ҳудуд маркази, 11 миллион киши яшайдиган Уҳан шаҳридан чиқиш ва унга кириш тақиқланди. Шаҳар билан темир йўл орқали ва авиаалоқалар тўхтатилган, одамларга уйдан чиқиш тақиқланганди.

Сешанба куни ҳукумат Уҳан бутунлай очилганини маълум қилди. Эндиликда бу шаҳардагилар ташқарига эркин чиқиши мумкин.

Эронда касалланганлар сони кескин ўсди. Сўнгги 24 соатда беморлар сони 2089 нафарга ошди.
Шу билан биргаликда ўлим ҳолатлари нисбатан камроқ - 7 апрель куни 133 киши вафот этди, пандемия бошидан буён - 3872 киши. Айни вақтга келиб мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари жами 62,5 минг эронликда қайд этилган.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус: Японияда фавқулодда ҳолат, АҚШ ва Францияда минглаб ўлим ҳолатлари