22:08 / 08.04.2020
2 684

Германияда коронавирус юқтирганлар кўпайса-да, ўлим даражаси паст. Бунга қандай эришилмоқда?

Германияда коронавирус юқтирганлар кўпайса-да, ўлим даражаси паст. Бунга қандай эришилмоқда?
Фото: GETTY IMAGES
Германияда инфекцияни юқтириш хавфини камайтириш учун баъзи клиникаларда коронавирусга тест автотураргоҳлардаёқ олинмоқда.
135 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган Италияда 17 минг киши вафот этди, 140 минг кишида вирус аниқланган Испанияда эса 14 минг киши ҳаёт билан видолашди. Францияда ҳолатлар сони 110 минг кишига яқинлашмоқда, ўлим кўрсаткичи 10 мингдан ортиб кетган.

Хўш, Германияда COVID-19 беморларининг ҳаёти қандай сақлаб қолинмоқда?

Мамлакатга коронавирус кириб келишидан олдиноқ тест яратилган
Германияда коронавируснинг илк қурбонлари ҳақидаги хабар 9 март куни пайдо бўлди. Ҳайнсбергда 78 ёшли чол вафот этди, Эссенда эса 89 ёшли кампир. Ҳар икки шаҳар Шимолий Рейн-Вестфалия ерларида жойлашган, бу ерда ўша вақтда янги коронавирус билан зарарланганлар сони 484 нафарга етганди. Бутун мамлакат бўйлаб 1112 кишига ташхис қўйилган эди.

Бундан бир ярим ой аввал, 27 январда Баварияда автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи Webasto компаниясида ишловчи 33 ёшли эркакда коронавирус тасдиқланган эди. Бемор бунгача шанҳайлик ҳамкасби билан алоқа қилган, бунгача унинг олдига SARS-CoV-2 ўчоғи бўлган Уҳанда яшовчи ота-онаси келиб кетган бўлган. Шундай қилиб жаҳонда илк бор Хитойдан ташқарида қариндош бўлмаган инсонлар ўртасида вируснинг юқтирилиши қайд этилган эди. Вируснинг Германияга илк «ташрифи» ҳам шу эди.

Эртаси куни Webasto компаниясининг яна уч ходимида коронавирус топилди. Икки кун ўтгач, Бавария ерининг бошқа шаҳарларида истиқомат қиладиган шу компанияга ишловчи икки эркак ва улардан бирининг рафиқасида ҳам тестнинг ижобий натижаси қайд этилди. 11 февралга келиб компаниянинг яна бир қатор ходимлари ва уларнинг оила аъзолари зарарлангани маълум бўлди.

Ундан ҳам аввалроқ — 2020 йилнинг бошида, вирус ҳали Хитойни тарк этмаган кунларда немис мутахассислари инсон организмида коронавирус борлигини аниқлаб берувчи тест устида иш бошлашган эди. Январь ойи ўрталарига келиб Берлиннинг Шарите касалхонаси қошидаги вирусология институтида илк тестни яратишди. Олимлар жамоасига 2003 йилда SARS коронавирусини аниқлаш учун таҳлил ишланмаси билан шуғулланган институт директори Кристиан Дростен бошчилик қилган. Энди у пандемия масалалари бўйича мамлакатдаги энг нуфузли инсон.

Доктор Дростен ҳар куни COVID-19’нинг хусусиятларидан ҳикоя қилувчи ярим соатлик подкаст олиб боради. Бу формат миллионлаб тингловчиларни жалб қилди, айримлар аллақачон уни канцлер лавозимига кўтариш керак, деган таклифларни беришмоқда.

Кўплаб ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ, у коронавирус тарқалиши хавфини баҳолашда пессимистлик намойиш этиб, Германия аҳолисининг 70 фоизи касалликни юқтириб олишини таъкидлаб келмоқда. Бошқа томондан, Дростен мамлакатда қабул қилинаётган чораларга ижобий баҳо бермоқда.

Ўз подкастларидан бирида Дростен ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун алоҳида чораларни жуда эрта қўллаган, шу сабабли «ишлар нисбатан яхши кетмоқда». Лекин вирусология институти раҳбарига кўра, касалланишнинг янги тўлқини вазиятни ёмонлаштирмаслигига бирор кафолат йўқ.

«Касалликни бартараф қилганлик учун ҳеч ким мақтаб ўтирмайди — у ҳали содир ҳам бўлгани йўқ. Биз ҳозир айнан нимани бартараф этганимизни ҳам билмаймиз. Ҳозир одамларга бошқа давлатларда нималар бўлаётганини кузатиш кераклигини эслатишга тўғри келмоқда. Кўплар таътил чоғида айни пайтда жиддий муаммолар кузатилаётган Испания ва Италияга борган. Бундан ташқари, бизнинг юқори самарали тиббиётимизга ўхшаш тизимда чоралар керакли вақтдан бир неча ҳафта кейин жорий этилса нималар содир бўлишини англаш учун яқин ҳафталар ичида АҚШдаги воқеалар ривожига эътибор қаратиш керак бўлади», — дейди Дростен.

Коронавирус масалалари бўйича канцлер Ангела Меркелга маслаҳат бераётган Дростеннинг ҳисоблашича, энг бошида врачлар пациентларни кўплаб ташхислаш йўлига ўтгани ҳам Германияга ёрдам берган. Энг биринчи ҳолатлар аниқланган Мюнхендаги касалланиш устидан назорат ва тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилган ишларни у «муваффақият тарихи» деб атамоқда. Ўша дастлабки босқичда лабораториялар пациентларда коронавирус бор-йўқлигини аниқлаш борасида тезкор тадқиқот ўтказа олган, врачлар эса касалланганларни изоляция қилиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилган.

«Ташхислашнинг секинлиги, унинг айрим жойларда йўқлиги тўғрисидаги шикоятларга қарамасдан бизнинг имкониятларимиз бошқа давлатлардагидан кўпроқ. Бизда ташхис қўйиш исталган жойга нисбатан яхшироқ ўтказилаётган бўлиши мумкин», — деб ҳисоблайди Дорстен.

Германияда ҳам бошқа давлатлардаги сингари врачлар маска етишмаслигидан шикоят қилишмоқда. Суратда — илгари автомобиль компанияларига маҳсулот етказган текстил компанияси ҳимоя маскалари тикишга ўтгани тасвирланган. Фото: AFP

Кунига 50 минг тест
Германияда ҳар куни коронавирусга қарши 50 мингта тест ўтказилади. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича Европада етакчи ҳисобланади. Худди шу натижа ўлим даражаси камлигига асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Бундан ташқари, Германия инсонда коронавирусга қарши антитаначалар борлигини аниқловчи тестлар ҳам ўтказади. Текширув организм бу муайян вирус билан «таниш» ёки йўқлигини кўрсатади. Тест натижаларига кўра, врачлар нафақат иммун жавобнинг борлиги (ёки йўқлиги)ни, шунингдек унинг кучини аниқлашади, демакки зарарланиш нечоғлик олдин юз берганини ҳам. Салбий жавоб инсон тўлиқ соғлом ва атрофдагилар учун зарарсиз эканини англатмайди, у ҳануз вирус тарқатувчи бўлиши мумкин.

Британияда масалан кунига 12 мингта тест ўтказилади: гарчи ҳукумат тестдан ўтказишни кунига 100 мингга етказиш зарурияти ҳақида такрорлаб келаётган бўлса-да, ҳозирча бу рақамга яқин ҳам келингани йўқ.

Немис олимлари эса ҳукуматни огоҳлантириб туришибди: вирусга қарши муваффақиятли курашиш учун янада кўпроқ тест олиниши керак. Айни пайтда Германия ҳафтасига 500 мингта тест ўтказа олиши мумкин, лекин муваффақиятни мустаҳкамлаш ва тарқалишнинг олдини олиш учун олимлар ҳафтасига миллион кишини тестдан ўтказиш керак, дейишмоқда. Яъни кунига 200 минг тест — шу ҳолатда ҳам бошқа давлатлар бу масалада Германияни намуна сифатида кўришмоқда.

Профессор Дростен ташхислаш секин амалга оширилаётгани ва мамлакатнинг айрим қисмларида ундан фойдаланиб бўлмафётганини айтганда адашмаган эди. BBC Германиянинг тури ҳудудларида ишлаётган ўндан ортиқ тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашган ва тестлар ҳаммага бирдек тарқатилмаётгани тасдиғини топган.

Врачлардан бири шундай деган:
«Ҳарорат кўтарилганда, йўтал тутганда ва нафас олишда қийинчиликлар вужудга келганда врачга ёки шифохонага мурожаат қилиш эмас, маълум рақамга қўнғироқ қилиш кераклигини барча билади. Бу врачлар хизмати рақами бўлиб, бемор билан гаплашиб унинг олдига бориш ёки «тез ёрдам» жўнатишни ҳал қилишади. Врач тестдан ўтказиш учун йўлланма беради, тест натижаси билан бемор клиникага — бизнинг ҳузуримизга келади. Яъни, тест фақат касаллик аломатлари юзага чиққач қилинмоқда. Бу тестлар ҳам клиниканинг ўзида амалга оширилмайди. Бемор машинадан тушмасдан маълум бир жойга боради, машинадан тушмасдан тест топширади», — деган у.

Фрайбурглик бошқа тез ёрдам хизмати умумий амалиёт врачи Алексей Лядов (исм-фамилия ўзгартирилган)нинг айтишича, коронавирус аломатларидан ташқари, бемор тестдан ўтиши учун юқтирганлардан бири билан алоқа қилган бўлиши ҳам керак.

Касаллар эрта аниқланади
Германияда COVID-19’дан 2 мингдан зиёд инсон вафот этди. Уларнинг ўртача ёши 82да, деб хабар бермоқда Роберт Кох институти.
Ёшлар аввалгидек, шошилинч чораларга кўп ҳам муҳтожлик сезмаяпти. Агар шунақаси рўй берса, уларда икки ва ундан ортиқ бошқа сурункали касалликлар — масалан, астма, саркоидоз, гормонал нуқсонлар ёки аутоиммун муаммолар бўлади, дейди врач Алексей Лядов. Бундай ҳолатда коронавирус оғирлаштирувчи бўлиб хизмат қилади.

Пандемияга қарши курашда Германиянинг жорий муваффақиятларини қандай тушунтирасиз, деган саволга Лядов шундай жавоб берди:
«Биринчидан, бизда бошқа мамлакатларнинг тажрибасига таянилди: биз ўз вақтида чоралар кўрдик, масалан, пандемия авж олишидан аввал клиникаларда шундай касаллар учун бўлимлар ташкил қилинди. Иккинчидан, Германияда деярли барча пациентлар суғурталанган ва қисқа муддатда оилавий врачга мурожаат қила олишади. Италияда эса, пациентлардан айримларига кўра, оилавий врачга мурожаат қилиш сира ҳам осон иш эмас».

Нордерштедт шаҳрида ишлаётган ҳамшира Анна Аринова немисларнинг интизомини эътироф этган.
«Немислар жуда интизомли. Улар айтилган ҳамма нарсани қилишади. Қўл ювилсин дейилса, кунига 400 марталаб ювишлари мумкин. Дезинфекция қилиш буюрилдими — қилишади», дейди у.

Чиндан ҳам, Германида коронавирус даврида энг қатъий чоралар киритилган: бу ерда кўплаб давлатларда бўлганидек, икки кишидан ортиқ тўпланиш мумкин эмас, мактаб ва ресторанлар ёпилган, алоҳида ерлар янада қатъийроқ тақиқлар жорий этишган, лекин умуман олганда, мамлакатда одамларга уйларидан бироз сайр қилиш ва ишга бориш учун чиқиш тақиқланмаган.

Врачларнинг фикрича, қолган омиллар ҳам якуний натижага ўз таъсирини кўрсатмоқда. Алексей Лядовнинг айтишича, масалан Россияда соғлиқни сақлаш тизимидаги муҳим муаммо профилактика тадбирларининг амалда тўлиқ йўқ қилинганлигидир.

«Ҳозир коронавирус туфайли кўпчилик ўзининг сурункали касалликларидан хабар топмоқда. Астма каби касалликлар йиллар давомида шаклланади, токи инсоннинг мазаси батамом қочмагунича билинмайди. Бунинг учун Германияда чек (текширув) ўтказилади: 35 ёшдан сўнг ҳар икки-уч йилда одамлар текширилади, гарчи ўзини яхши ҳис қилаётган бўлса ҳам», — дейди врач.

Унга ҳам, беморга ҳам аллақачон ошкор бўлган бу маълумот COVID-19’га чалинганда тезкор ҳаракат қилиш ва қарор қабул қилишда ёрдам беради.

Ниқобсиз шифокорлар
Германияда ҳам зарарланиш ҳолатлари жуда юқори бўлган бошқа жойлардаги каби врачлар учун индивидуал ҳимоя воситалари етишмаслиги муаммоси сақланиб турибди.
Врачлар ўз эътирозларини билдираётган бўлишса-да, Германия кўп кўрсаткичлар билан Европада етакчилигича қолмоқда.

Intensive Care Medicine илмий журнали Германияда реанимация кроватлари Европа давлатлари ичида энг кўпи эканини санаб ўтган: ҳар 100 минг кишига 29,2. Италияда бу кўрсаткич 12,5.
Бундан ташқари, Германияда 25 мингта ўпкага ҳавони сунъий юбориш ускуналари бор. Британияда улар 8 мингта, Италияда 5 мингта. Германия бундай аппаратлардан яна 10 мингтасини буюртма қилган ва тез орада улар ишлаб чиқарилиб етказилиб берилади.

«Бу вирусдан кутиладиган энг катта хавф — у шифохонада ёки қариялар уйида пайдо бўлгани. Биз аҳолининг энг ожиз қатламини яхшироқ ҳимоя қилишимиз, уларнинг орасида вирус тарқалишига йўл қўймаслигимиз керак. Масалан, қариялар уйида бутун персонални 4-7 кунда бир марта текшириб туриш керак», — дейди Бонн университети ОИТВ тадқиқотлари ва вирусология институти директори Ҳендрик Штреек.

Унинг қўшимча қилишича, «COVID-19 ҳаётимизга бостириб кирмоқда. Ҳар бир киши юқтирган бирор одамни танийди. Юқтирганлар сони ошаётганига қарамасдан клиникаларимизда ҳали жой борлигини яхши белги. Демак, тизимимиз кўп нарсага қодир. Бахтимизга, ҳозирча беморларимизнинг қай бирини қутқаришимиз, қай бирига эса ёрдам бера олмаслик борасида иккиланишга дучор бўлмадик».

«Германия камида ҳозирги вақтда бошқа мамлакатларга нисбатан ўлим даражасини паст ушлаб тургани — ҳақиқат. Биз бунинг аниқ сабабини билмаймиз. Бунинг сабаблари кўп бўлиши мумкин, масалан улардан бири — таъсир қилган ёш гуруҳлари. Германияда қария инсонлар вирусга кўп дучор бўлишмаган, касаллик асосан таътилда чанғи учишдан қайтган ёшлар ўртасида тарқалган. Бундан ташқари, аҳволи жиддий бўлган инсон оламдан ўтиши учун маълум бир вақт талаб этилади. Биз ҳозирча йўлнинг бошидамиз», — деган BBC’га Роберт Кох институтидан Мариеке Деген.

Оптимистик статистик маълумотларга қарамасдан, Германия врачлари касаллик ҳали ўз чўққисига етиб бормаганини тан олишмоқда. Шунинг учун касалхоналар тайёргарлик кўрмоқда, масалан, режали операциялар бекор қилинмоқда, апрелт ойи охирларида кризис эҳтимоли кутилмоқда.

Дегеннинг таъкидлашича, Германия ҳозирча йўлнинг бошида ва «муваффақият тарихи» ҳақида сўз очишга ҳали эрта.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда коронавирус юқтирганлар кўпайса-да, ўлим даражаси паст. Бунга қандай эришилмоқда?