
Фото: Kevin Frayer / Getty Images
Коронавирус пандемияси энг глобал дунёвий муаммога айланди. Унга қарши туриш ҳамда фуқаролар манфаатларини, биринчи навбатда, уларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида қаердадир карантин, қаердадир фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Бундай шароитда фуқароларнинг саломатлигини сақлаш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб бўлиб қолади. Шу боис давлат томонидан тезкор чоралар қабул қилиниши зарур бўлади.
Карантин пайтида давлат томонидан ўрнатилган тақиқларга нисбатан бепарволик ва бефарқ муносабат қатъий ва амалий чоралар, хусусан, жиддий жавобгарлик чоралари кўрилишини талаб қилади.
Хитойда ўлим жазоси
Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳукуматлар карантин режимини бузганлик учун шак-шубҳасиз ва зудлик билан жиддий жавобгарлик чораларини кўради. Масалан, вирус пайдо бўлган Хитойда ўзини яккалаш режимини бузганлик учун катта миқдордаги жарималар, қамоқ жазоси, ўта оғир ҳолатларда эса ҳатто ўлим жазоси ҳам тайинланди.
АҚШда 10 минг долларгача жарима
АҚШда 11 апрелдан бошлаб катта фалокат режими жорий этилди. Қатор штатларда март ойининг охирларидаёқ ўта зарурий ҳолатларсиз уйни тарк этиш тақиқланди. АҚШда карантин чоралари ҳам федерал, ҳам маҳаллий ҳокимият органлари ваколатига киради (штатлар касаллик юқтирган одамларнинг ўз ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди, федерал юрисдикция штат чегаралари ҳамда давлат чегараларини кесиб ўтувчиларга тааллуқлидир).
Масалан, Висконсин штатида бирор бир шахс ўзининг касалланганини билатуриб карантин талабларига бўйсунишдан бош тортса, у 500 доллар жаримага тортилиши ёки 30 кунгача қамоққа олиниши мумкин. Вайомингда изоляция режимини бузганлик учун 10 минг долларгача жарима ва бир йилгача қамоқ жазоси, Техасда эса олти ойгача қамоқ жазоси ва 2 минг доллар жаримага тортиш белгиланган.
АҚШ федерал қонунчилигида карантин бузганлик учун 250 минг доллардан кўп бўлмаган жаримага тортиш ва (ёки) икки йил қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бунда ким бўлишидан қатъи назар ҳамма жавобгарликка тортилади. Масалан, Олтон (Иллинойс штати) мэрининг рафиқаси Брент Уолкерни карантинни бузгани учун полиция томонидан ҳибсга олинди ва унга нисбатан тегишли чоралар қўлланди.
Европа Иттифоқида 25 минг еврогача жарима, 7 йилгача қамоқ

Фото EPA-EFE
Европа мамлакатлари вирусдан жуда жиддий зарар кўрди. Испания, Италия, Германия ва Франциянинг ўзида ярим миллиондан ортиқ одам вирус юқтирган. Шунга яраша карантин чоралари ҳам жиддий. Масалан, Испанияда дўкон ва дорихонада харидни амалга ошириш заруратидан ташқари, бошқа ҳар қандай ҳолатда кўчага чиқиш тақиқланган. Барселонада эса кўчага чиқишни хоҳлаган шахснинг ёнида йўл қоғози бўлиши шарт (йўл қоғози – ҳукумат томонидан уйдан чиқишга рухсат берилган ҳужжат).
Карантин қоидаларини бузган шахс катта миқдорда жарима ва икки йилгача қамоқ жазосига тортилади. Масалан, Санта-Крус-де-Тенерифе (Канар ороллари) судида қоидабузардан бири тўрт ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Испаниядаги ўхшаш қатъий чораларни Италия ҳам ўрнатди. Италия ҳукумати фуқаролар учун махсус рухсатномасиз кўчага чиқиш ва шаҳардан кетиш тақиқланади. Мазкур тартибни бузганлик учун уч ойга озодликдан маҳрум қилиш ёки 200 еврогача жаримага тортиш кўзда тутилган.
Францияда 17 мартдан карантин режими эълон қилинган. Уйдан фақат зарур ҳолларда тегишли ҳужжатга эга бўлгандагина чиқишга рухсат берилади. Биринчи марта қоида бузганлик учун 130 евро, 15 кун ичида қайта қоида бузганлик учун 1 500 евро, 30 кун ичида учинчи марта карантин қоидасини бузганлик учун эса 3 700 евро жарима ёки 6 ой қамоқ жазоси белгиланди.
Кейинчалик мамлакатда чоралар кескинлаштирилди: сайр қилиш кунига бир соатдан ошмаслиги ва уйдан 1 километргача масофада бўлиш шарти жорий этилди. Икки кишидан ортиқ йиғилмаслик, баъзи ҳудудларда фақат якка ҳолда ҳаракатланиш белгиланди. Одамларга бир ярим метр масофагача яқинлашиш тақиқланди. Биринчи ҳафтада Францияда карантин қоидаларини бузганлик учун 480 киши маъмурий жавобгарликка тортилди.
Германияда 25 минг евро жаримадан икки йил қамоқ жазосигача бўлган ўта кескин чоралар жорий қилинди. Бавариянинг Ландсҳут шаҳри полицияси ижтимоий муносабатларнинг қатъий тақиқига қарамасдан, учинчи марта ўртоқлари билан пиво ичиб «тушган» 27 ёшли фуқаронинг ишини судга оширди. Унгача қоидабузар билан бундай ҳолат нафақат ўзи, балки бошқалар учун ҳам хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида бир неча марта тарбиявий суҳбатлар олиб борилган, уч марта баённома тузилган ҳамда карантин қоидаларини бузганлик учун ундан умумий ҳисобда бир неча юз евро ундирилган. Бироқ ҳукуматнинг қонуний талабларини бажаравермагач, қоидабузар қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Кипрда март ойи охиридан бошлаб, кечки соат 9:00дан эрталабки соат 6:00гача комендантлик соати жорий қилинди. Мамлакатда қатъий чоралар ўрнатилди: уйдан кунига фақат бир марта ҳукуматдан СМС-хабар олгандан кейингина чиқиш мумкин. Ушбу СМС-хабарни олмасдан кўчага чиққанлар қоидабузар саналади ва 300 евро миқдоридаги жарима тўлайди. Машиналарда ҳайдовчини ҳам қўшиб ҳисоблаганда максимум 3 киши ҳаракатланиши мумкин.
Исроилда эҳтиётсизлик оқибатида карантинни бузганлик учун 3 йилгача, қасддан бузганлик учун эса 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Жумладан, 7 йилгача қамоқ билан 14 кунга ўзини яккалаш режими талабини бузганлар ҳам жазоланади.
Греция аҳолиси кўчада бўлган пайтларида ўзларининг нима мақсадда кўчага чиққанликларини асослаб беришлари керак. Мақсадсиз сайрлар учун 150 евро жарима солинади, такроран содир этилган қонунбузарлик учун ҳибсга олиш жазоси ҳам қўлланиши мумкин.
Сербияда фақат тез тиббий ёрдам ва Сербия давлат органлари томонидан ишлаш учун махсус рухсатномалар берилган шахслар кўчаларда ҳаракатланиши мумкин. Карантин тартибини бузганлик учун қатъий чоралар кўрилди, 1 апрелга қадар карантин тартибини бузгани учун 700дан ортиқ киши ушланган. Ниш шаҳридаги қариялар уйида 140 одам инфекцияга чалингандан кейин қариялар уйи иш бошқарувчиси полиция томонидан ҳибсга олинган. Бунга сабаб – иш бошқарувчи ўзини яккалаш режими тартибига зид равишда қарияларнинг қариндошлари билан кўришишларига ва уларнинг ташқарига чиқишларига рухсат берганлигидир. Сербияда ушбу қонунбузарлик 12 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилишига олиб келиши мумкин.
Европа мамлакатлари ҳукуматларининг ҳаракатлари шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар аввало аҳоли орасида вақтинчалик жорий қилинган чораларни тушунтириш ва қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган бўлади, лекин уларни бузганлик учун қатъий чоралар кўрилиши таъкидланиб борилади. Бундан қабул қилинган чекловларга инсоний муносабатни шакллантириш ва ҳар бир кишининг ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсади кўзланади.
Осиёда қонунлар ўзгарди, карантиндагилар «муҳрланган»

Ҳиндистонда полициячилар янгича формада / AFP
Осиё мамлакатларида ҳам қатъий чоралар назарда тутилган. Жанубий Корея шифохонага ётқизиш ва карантин чораларини бузганлик учун 10 миллион вонгача (қарийб 8,2 минг доллар) жарима солиш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган.
Февраль ойи охирида Жанубий Корея коронавирусга қарши курашиш учун қонунларга тузатишлар киритишга мажбур бўлди. Аввал карантинни бузгани учун беморларга 2,4 минг доллар миқдорида жарима солинган, аммо қонунларга киритилган ўзгартиришлар кучга киргач, санкциялар кучайтирилди. Энди қонунбузар фуқароларни бир йилгача қамоқхонага юбориш мумкин бўлади. Шунингдек, улар қамоқ жазосидан ташқари 8,2 минг долларгача жарима тўлашга мажбур.
БААда карантин режимини, хусусан, 14 кунлик карантинни бузганлик учун айбдор шахс беш йилга озодликдан маҳрум қилинади ва 13 мингдан 27 минг АҚШ долларигача жаримага тортилади.
Сингапурда юқумли касалликлар тўғрисидаги қонунни бузганлик учун 10 минг Сингапур доллари (тахминан 7 минг AҚШ доллари қиймати) миқдорида жарима белгиланади ва шу билан бирга, 6 ойлик қамоқ жазоси ҳам кўзда тутилган.
Ҳиндистонда ҳам қатъий чоралар кўрилиши белгиланган. Карантинни бузганлик учун икки йиллик қамоққа қўшимча равишда, биринчи бўлиб Маҳараштра штатининг ҳокимлиги ва ундан кейин бошқа бир қатор штатлар жорий қилганидек, ўзини яккалаш режимида бўлиши шарт бўлган шахсларнинг чап қўлига ўчирилмайдиган муҳр қўйила бошланди. Бундай муҳрланган шахслар кўчада ва бошқа жойларда пайдо бўлса, улар зудлик билан қамоққа олинади.
Лотин Aмерикаси мамлакатларида март ойи охиридан бошлаб комендантлик соатлари жорий этилди. Жумладан, Панама ҳукумати томонидан номаълум муддатгача тўлиқ карантин эълон қилинган. Фуқаролар ҳаракати ва оммавий тадбирлар чекланди. Комендантлик соати кечки соат 17:00дан тонгги 5:00гача қилиб белгиланган. Ушбу талабларни бузиш ҳолатлари қамоққа олинишга сабаб бўлиши мумкин.
Aргентинада карантин режимининг бузилиши 3 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига ва 100 минг песо (1,6 минг AҚШ доллари) миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади. «Ваколатли ҳукумат томонидан эпидемиянинг тарқалиши ва ёйилишига қарши кураш чоралари»ни бузганлар олти ойдан икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
МДҲ мамлакатларида ҳам қатъий тақиқлар ўрнатилган. Россия Федерациясида карантин режимини бузганлик учун жарима 4 минг рубль, такрорий жавобгарликка тортилиш асоси билан – 5 минг рублни ташкил этади. Масалан, 11 апрель куни Москвада ижтимоий мулоқот масофасини (камида 1,5 метр оралиғида) сақламаганлик учун 1 358 киши жаримага тортилди. Қоидабузарлар гуруҳ бўлиб йиғилишган, шунингдек, жиддий сабабсиз (дўконга, дорихонага, поликлиникага бориш, ит билан айланиш, чиқинди ташлашдан ташқари) кўчаларда бўлишган. Ўз навбатида, ҳукуматнинг расмий вакиллари карантинни бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш мақсадида етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.
Украинада агарда шахс томонидан карантин ҳудудини тарк этганлик аниқланса ёки унинг хатти-ҳаракати касаллик тарқалишига сабаб бўлса, бундай ҳолатлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Бунда ҳуқуқбузар 1,7 минг гривна миқдорида жаримага тортилади ёки ярим йилгача қамоққа олинади ё камида беш йил (кўпи билан саккиз йил) озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Украинада қатъий тақиқлар жорий этилгач ички ишлар ходимларининг ваколатларини кенгайтирилди. Бу ҳолат эса аҳоли эътирозига ҳам сабаб бўлди.
Бироқ бу чоралар талаб ва зарурат натижасида татбиқ этилди. Худди шундай, Харьковдаги инсон ҳуқуқлари гуруҳи Украина жамиятининг хавфсизлик нуқтайи назаридан келиб чиқиб, карантин чекловларини ўринли ва мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
16 мартдан бошлаб Қозоғистон ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилди. 19 март кунидан Олма-Ота ва Нур-Султон шаҳарлари карантинга ёпилди. Бундан ташқари, Нур-Султон расмийлари коронавирус билан касалланганлар яшайдиган уйларнинг кириш йўлаклари, яъни подъездларни карантинга ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. 30 мартдан бошлаб Қозоғистоннинг яна 6та шаҳри: Атирау, Абай, Темиртау, Сарань, Шахтинск ва Қарағанда карантинга ёпилди. Шунингдек, барча жамоат жойлари ҳам ёпилган.
Аҳолига зарурат бўлмаса, уйдан чиқмаслик тавсия этилди. Озиқ-овқат ёки дори-дармон сотиб олиш учун, шунингдек, тиббий ёрдам зарур бўлсагина ташқарига чиқишга рухсат берилади. Уч кишидан ортиқ бўлган гуруҳларда йиғилмаслик тавсия этилди, бир оиланинг аъзолари бу ҳолатдан мустасно. 65 ёшдан ошган кишиларга уйдан чиқмаслик буюрилди.
Қозоғистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ўз ваколатлари доирасида транспорт воситаларининг маршрутларини белгилаш ва карантин чекловларининг бажарилишини назорат қилиш мақсадида, фуқаролар ҳужжатларини текшириш, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳаракат давлатга карантин қоидаларини бузган шахсларни аниқлаш ва фуқароларни инфекция хавфидан ҳимоя қилиш учун ёрдам ҳисобланади.
Шундай қилиб, кўп давлатларда карантин шароитида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига карантин қоидабузарликларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун вақтинчалик ихтиёрий ваколатлар берилганини кўриш мумкин. Шу муносабат билан, бундай тадбирларнинг холислиги ва самарадорлиги борасида жуда кўп тортишувлар юзага келмоқда.
Бироқ оғир эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда кўрилаётган қатъий чоралар тўла асосли бўлиб, бу чоралар мамлакат ва умуман дунё аҳолисининг манфаати ва соғлигини ҳимоя қилишга қаратилган.
Коронавирус пандемияси барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам жиддий синов. Ушбу оғир дамларда барчамиз – оддий фуқародан тортиб давлат вакилларигача, ягона умумий мақсад – инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва давлат томонидан белгиланган талаб ҳамда чекловларга қатъий риоя қилиш учун бирлашишимиз керак.
Исломбек РУСТАМБЕКОВ
ТДЮУ проректори,
Шоҳжаҳон ХЎЖАЕВ
ТДЮУ ўқитувчиси.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! ТДЮУ проректори,
Шоҳжаҳон ХЎЖАЕВ
ТДЮУ ўқитувчиси.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар