2025 йилнинг январь–август ойлари давомида Ўзбекистонда умумий қиймати 86,5 триллион сўм бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, деб Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 14,6 фоизга кўп. Бу эса мамлакатимизда озиқ-овқат саноати изчил ривожланаётганидан далолат беради. Ички истеъмол талаблари ва экспорт салоҳиятининг ортаётгани ҳудудлардаги ишлаб чиқариш ҳажмига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳудудлар кесимида эса қуйидаги манзара кузатилди. Пойтахт — Тошкент шаҳри 15,3 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, барча ҳудудлар орасида етакчилик қилди. Ундан кейинги ўринларда Тошкент ва Самарқанд вилоятлари турибди — ҳар иккаласида ҳам 11,7 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Бухоро вилоятида 6,6 трлн сўмлик, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида 6,2 трлн сўмлик маҳсулот тайёрланган. Шунингдек, Андижон вилоятида 5 трлн сўм, Наманганда 4,7 трлн сўм, Навоийда 4,3 трлн сўмлик ишлаб чиқариш қайд этилган.
Қорақалпоғистон Республикасида 3,9 трлн сўм, Хоразм вилоятида 3,5 трлн сўм, Сирдарё вилоятида 3,2 трлн сўм ва Жиззах вилоятида 2 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Энг кам ишлаб чиқариш Сурхондарё вилоятига тўғри келмоқда — бу ҳудудда фақат 1,9 трлн сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилган.
Мазкур рақамлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва ишлаб чиқариш имкониятлари қай даражада фарқ қилишини кўрсатади. Тошкент шаҳри ва вилоятлари инфратузилмаси, логистика имкониятлари ҳамда сармоялар оқимига кўра бошқа ҳудудлардан илгарилаб кетмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!