14:16 / 31.07.2020
1 587

Туркиянинг ижтимоий медиа тўғрисидаги қонуни: янги тартиб қандай бўлади?

Туркиянинг ижтимоий медиа тўғрисидаги қонуни: янги тартиб қандай бўлади?
Фото: Getty Images
Twitter ва Facebook сингари миллионлаб фойдаланувчиларга эга бўлган ижтимоий медиа компаниялари учун бир қатор мажбуриятлар ва санкцияларни назарда тутувчи қонун Туркия Буюк Миллий Мажлиси (ТBММ) бош ассамблеясида баъзи моддаларнинг амал қилиш муддатини кечиктириш ва жарималар миқдорини камайтириш каби айрим ўзгартиришлар билан қабул қилинди.

Қандай ўзгаришлар киритилди?
Жамоатчиликда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлган 9 моддадан иборат ижтимоий медианинг янги тартиби Туркия парламентининг узоқ музокараларидан сўнг қабул қилинди. Шундан сўнг парламент 1 октябрга қадар таътилга чиқди.

Ижтимоий тармоқ провайдерларининг ўз вакилликларини таъминлаш мажбурияти ва бу билан боғлиқ санкцияларнинг амал қилиш муддати 3 ойга кечиктирилди.

Ижтимоий тармоқда қолдирилган постларни ўчириш ва блокировкалаш юзасидан қилинган фойдаланувчиларнинг мурожаатлари билан боғлиқ илк ҳисоботни Туркия Ахборот ва коммуникация технологиялари маъмурияти (BTK)га тақдим этиш мажбурияти 2021 йилнинг январидан 2021 йилнинг июнига қолдирилди.

Қабул қилинган яна бир таклиф билан томонларнинг IP-манзили, тақдим этилган хизматнинг бошланиш ва якунланиш вақти, фойдаланилган хизмат тури, узатилган маълумотлар миқдори ва абонентнинг шахсий маълумотлари (агар мавжуд бўлса)ни қамраб олувчи «трафик маълумотлари»га «порт маълумоти» ҳам қўшилди.

Бир хил IP-манзил айни вақтнинг ўзида турли фойдаланувчиларга ажратилгани сабабли фойдаланувчиларни бир-биридан фарқлаб олиш ва шу йўл билан эҳтимолий жабрланишларнинг олдини олиш ушбу таклифнинг сабаби сифатида кўрсатилмоқда.

Янги тартибдан кўзланган мақсади нима?
Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партиясининг (АКP) таъкидлашича, ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий зарурати интернет фойдаланувчиларининг шахсий мурожаатлари ёки давлат муассасаларининг билдиришномаларида учрайдиган қийинчиликларни енгиб ўтиш учун ижтимоий тармоқ провайдерлари билан алоқа ўрнатишдан иборат.

Мухолифат партиялар эса ушбу янги тартибга ижтимоий медиа ва фикр эркинлигини бўғиш, деб баҳо бермоқда.

Ижтимоий тармоқ нима, у кимларни қамраб олади?
«Интернетда эълон қилинган постлар ва улар орқали содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилди ва унга «ижтимоий тармоқ провайдери» номи остида янги банд қўшилди.

Унга кўра, фойдаланувчиларнинг интернет муҳитида ижтимоий алоқа мақсадида матн, расм, овоз таркибли постларни яратишларига ва эълон қилишларига имкон берувчи жисмоний ёки юридик шахслар ижтимоий тармоқ провайдерлари деб белгиланди.

Ушбу доирага кундалик ҳаётда «ижтимоий медиа» деб номланадиган Twitter, Facebook, Instagram, Tiktok, YouTube ва WhatsApp каби ижтимоий медиа ташкилотлари киради.

Билдиришномалар қаерга берилади?
Маъмурий жарималар агар қабул қилувчи чет элда бўлса, BTK томонидан қабул қилувчига, интернет саҳифаларидаги алоқа воситалари, IP-адрес ва шунга ўхшаш манбалар кўрсатилган ҳолда электрон почта ёки бошқа алоқа воситалари ёрдамида билдирилади.

Қайси ҳолларда постни олиб ташлаш ва блокировка амалга оширилади?
Фойдаланувчилар ўз шахсий ҳаёт сирларига дахл қилиниши, ҳақорат, нафрат, туҳмат каби шахсий ҳуқуққа тажовузлар бўлгани юзасидан провайдерларга мурожаат қилишлари, жабр кўрилишининг олдини олиш мақсадида постни олиб ташлаш ёки унга киришни блокировка қилиш истагини билдиришлари мумкин.

Ижтимоий тармоқ провайдери ушбу мурожаатларга 48 соат ичида ижобий ёки салбий жавоб қайтариши лозим. Агар салбий жавоб қайтарилса, унинг асослари кўрсатилиши шарт.

«Унутилиш ҳуқуқи» нимани англатади?
Янги қонуний тартибга кўра, «унутиш ҳуқуқи» шахсий ҳуқуқларга тажовуз қилиш, туҳмат, ҳақорат каби сабабларга кўра таркибни блокировка қилиш ёки олиб ташлаш билан бир қаторда қўлланиши мумкин.

Бундай ҳолда исмлар келтирилган ва «шахсий ҳуқуқларга тажовуз» деб таърифланган постлар Google каби қидирув тизимларида кўринмайди, яъни улар бутунлай ўчириб ташланади.

Вакилга эга бўлиш мажбурияти қачондан бошланади?
Туркияда ҳар куни миллиондан ортиқ фойдаланувчи кирадиган Facebook, Twitter ва Instagram каби хорижий манбаларга асосланган ижтимоий тармоқ провайдерлари энг камида бир кишини ўз вакили сифатида кўрсатиши керак.

Ушбу шахснинг алоқа маълумотлари тўғридан тўғри кириш имконияти сақланган ҳолда веб-сайтга жойлаштирилади.
Ижтимоий тармоқ провайдери ушбу шахснинг шахсини тасдиқловчи ва алоқа маълумотларини BTKга тақдим этади.

Агар вакил жисмоний шахс бўлса, у Туркия Республикасининг фуқароси бўлиши шарт. Ушбу модда, яъни ўз вакилига эга бўлиш мажбурияти 1 октябрдан эътиборан кучга киради.

Вакили йўқларга нисбатан қандай чоралар кўрилади?
Вакиллигини тегишли тартибда кўрсатмаган ижтимоий тармоқларга жарималар, шунингдек, реклама тақиқларидан тортиб, интернет тезлигини 90 фоизга тушириш каби орқали «де-факто» блокировка қилишгача бўлган тадрижий санкциялар қўлланади.

Уунга кўра, вакилини кўрсатмаган ва ҳисобот бериш мажбуриятини бажармаган ижтимоий тармоқ провайдерига BTK томонидан билдиришнома берилади. Агар ушбу билдиришдан сўнг 30 кун ичида тегишли талаб бажарилмаса, ижтимоий тармоқ провайдери 10 миллион лира миқдорида маъмурий жаримага тортилади.

Агар маъмурий жарима ҳақида хабар берилган кундан кейинги 30 кун ичида ҳам мажбурият бажарилмаса, яна қўшимча 30 миллион лиралик маъмурий жарима солинади.

Иккинчи марта берилган маъмурий жарималардан кейин ҳам 30 кун ичида ушбу мажбурият бажарилмаса, Туркиядаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ижтимоий тармоқ провайдерларига реклама бериши тақиқлаб қўйилади.

Интернет тезлигини камайтириш қарори қандай қабул қилинади?
Реклама бериш тақиқи ҳақидаги қарордан эътиборан 3 ой ичида мажбурият бажарилмаган ҳолда эса BTK ижтимоий тармоқ провайдерининг интернет-трафик ўтказиш қобилиятини 50 фоизга тушириб қўяди. Бошқача айтганда, интернет тезлигини пасайтиради. Аммо агар яна 30 кун ичида вакил тайинланмаса, BTK интернет тезлигини 90 фоизга камайтиришни талаб қилиб, судга мурожаат этади.

Ушбу аризага биноан, судя интернет тезлигини 50 фоиздан кам ва 90 фоиздан кўп бўлмаган шаклда камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Қарор ижроси 4 соат ичида таъминланиши шарт бўлади.

Жарималар қандай олиб ташланади?
Вакиллик кўрсатиш ва ҳисобот бериш мажбурияти бажарилган тақдирда маъмурий жариманинг тўртдан бир қисми олиб ташланади, реклама тақиқи эса бекор қилинади ва суд қарорлари автоматик равишда ўз кучини йўқотади.

Провайдерларга BTK томонидан интернет-трафик ўтказиш қобилиятига халақит беришни тўхтатиш тўғрисидаги хабар берилади.
Қонундаги ушбу мажбуриятлар 1 октябрдан кучга киради.

Маълумотларнинг Туркияда сақланиши мажбурийми?
Қонуннинг кўп муҳокама қилинаётган моддаларидан яна бири шуки, «Туркияда кунига 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчи кирадиган хорижий манбали ижтимоий тармоқ провайдери Туркиядаги фойдаланувчиларга оид маълумотларни Туркияда сақлашга оид зарурий чораларни кўради». Бироқ бу чоралар айнан нималардан иборат экани қонунда аниқ кўрсатилмаган ва маълумотлар олиб келинмаган ҳолларда ҳеч қандай санкция кўзда тутилмаган.

Ижтимоий тармоқ провайдерларининг ҳисобот бериш мажбурияти қандай, биринчи ҳисобот қачон берилади?
Ижтимоий тармоқ провайдерлари ҳар 6 ойда бир марта BTKга ҳисобот бериб боради ва бу ҳисоботларни ўз сайтида элон қилади. Мазкур ҳособотларда номақбул контентни олиб ташлаш ёки унга киришнинг олдини олиш, шу жумладан, махфийликни бузиш тўғрисидаги аризалар бўйича статистик ва категорияли маълумотлар ўз аксини топади.

Қонунга кўра, тармоқ провайдерлари илк ҳисоботни BTKга 2021 йил июнь ойида беришлари керак бўлади.

Жарима ким томонидан қандай қўлланади?
Амалдаги қонунда провайдерлар учун жарималар оширилди. Жойлашишни таъминловчи ижтимоий медиа институтлари, жойлашув тўғрисидаги хабарни тақдим этмаса, BTK президенти томонидан 100 мингдан 1 миллион лирагача бўлган миқдорда жаримага тортилади.

Таркибнинг нашр этилишига, киришнинг блокланишига, шахсий ҳаётнинг бузилишга оид BTK президенти томонидан билдирилган сўровга ижтимоий тармоқлар 48 соат ичида жавоб бермаса, 5 миллион лира; постни олиб ташлаш ва унга киришни тақиқлаш қарори бажарилмаган тақдирда эса 10 миллион лира миқдорида маъмурий жаримага тортилади.

Маъмурий жазо кўзда тутилган қоидабузарликлар бир йил ичида ҳар такрорланишда бир баравар оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркиянинг ижтимоий медиа тўғрисидаги қонуни: янги тартиб қандай бўлади?