17:19 / 08.03.2022
2 007

«Ҳар бир фикр ақл тарозисидан ўтиши керак...» ёҳуд Украина воқеаларига муносабат

«Ҳар бир фикр ақл тарозисидан ўтиши керак...» ёҳуд Украина воқеаларига муносабат
«Одамзод яхши нарсага тез ўрганиб қолади», деган гап бор. Сўнгги кунларда Украинада кечаётган фожеали воқеалар бу фикрнинг нақадар тўғри эканини яна бир бор исботламоқда, дейиш мумкин.

Икки қўшни давлат, дини бир, тили деярли бир ҳамда тарихи бир бўлган халқлар ўртасидаги қуролли можаролар ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар берилиши, иқтисодий, шунингдек ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан жуда катта талофатларга олиб келмоқда.

Мана шундай шароитлар кўпчиликни ҳушёр тортишга, тинчлик ва барқарорликнинг қанчалик тенгсиз неъмат эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилишига сабаб бўлган бўлса ажабмас. Чунки, сир эмас, охирги йилларда кўпчилик «юртимизда тинчлик», «осмонимиз мусаффо» деган гапларни ҳам қандайдир истеҳзо билан қўллаётганини кўраётган эдик.

Уруш ҳаракатлари бошлангандан сўнг Украина ҳудудидан эвакуация қилинган тўрт мингдан ортиқ юртдошларимиз ушбу қуролли можароларнинг аянчли оқибатлари ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг қадри ҳақида ҳар қандай уста нотиқдан ишонарлироқ фикр билдиришлари мумкин.

Ҳозир ахборот асри, турли ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрлар хабарлари инсонлар ҳаётига бевосита таъсири ошиб бораётган давр. Афсуски, ахборот ва янгиликлар айни пайтнинг ўзида кўпчилик эътиборига етиб бораётган бир шароитда бу соҳадаги айрим салбий ҳолатлар ҳам кўзга кўриниб қолмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 30 миллиондан ортиқ мобил алоқа қурилмалари мавжуд бўлиб, улардан 25 миллиондан ортиғи мобил интернетга уланган. Аҳолининг аксарияти, айниқса ёшлар тури ижтимоий тармоқларда ўз шахсий канал ва саҳифаларига эга. Яъни, истаган одам ўзи хоҳлаган воқеа-ҳодисалар бўйича ўз фикрини билдириш имконига эга.

Афсуски, айнан мана шу имконият айрим ташвишли ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Айрим экспертларнинг таъкидлашича, Украинада давом этаётган тўқнашувлар муҳокамаси жамиятининг бўлинишига, аҳоли ўртасида ғоявий зиддиятлар келиб чиқишига олиб келмоқда. Албатта, бир муаллиф можарода қатнашаётган бир томон тарафида фикр билдиргани ҳолатда, бошқа фойдаланувчилар қарама-қарши тарафни қўллаб-қувватлаши мамлакатимиз аҳолиси ўртасида сунъий ва ҳеч ким учун фойдали бўлмаган ғоявий низоларни келтириб чиқараётганини англаш учун мутахассис бўлиш шарт эмас.

Масалан, бир тоифа аҳоли ўз битикларида Россиянинг амалиётини қўллаб-қувватлаши, Украинада «нацистлар» ва «фашистлар» ҳукумат тепасида экани ҳақидаги иддаоларни билдиришмоқда. Лекин, айримлар бу мамлакатни «тўлақонли давлат деб ҳисобламаслиги», украин халқини «бандерачилар», «фашистлар» деб ҳисоблаши биз учун дастури амал бўлмаслиги керак. Аввало, Украина Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзоси деб ҳисобланади ва унинг халқаро майдондаги бу мақомини ҳеч ким бекор қилмаган. Қолаверса, бу мамлакатни ўз вақтида фашизм балосидан жабр кўрган дунё мамлакатлари қўллаб-қувватламоқда.

Иккинчи тоифадаги инсонлар эса, Россия ҳукумати «империяча» сиёсатни олиб бораётгани, шу кетишда Марказий Осиё давлатлари ҳам турли босим остида қолиши мумкинлигидан хавотирланишмоқда. Шу муносабат билан, Россия ҳаракатларини очиқдан-очиқ қоралаш ҳақидаги талаблар билдирилмоқда.

Айни пайтда, бу йўналишда айрим сиёсий гуруҳлар мақсадли равишда фаолият юритаётгани, махсус тарқатилаётган хабарлар орқали ахборот хуружлари ва ғоявий қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошираётганини ҳам назарда тутишимиз керак. Шу сабабли ҳам, ҳар қандай можаролар ахборот ҳуружлари билан ёнма-ён юришини унутмаслигимиз, турли бузғунчиликларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишимиз шарт.

Шу маънода айни кунларда мамлакатимизнинг Россия ва Украина ўртасидаги можароларга расмий муносабатини яна бир бор ақл тарозисига солиб таҳлилдан ўтказишимиз, керак бўлса, бу ҳақида яқинларимиз ва ён-атрофимиздаги инсонларга тўғри маълумотни етказишимиз фойдадан холи эмас.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати томонидан тарқатилган расмий маълумотда таъкидланганидек, мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Шу кунларда ижтимоий тармоқлардаги кўп марта таъкидланаётганидек, «ҳар икки давлат ҳам бизнинг яқин шерикларимиз» ва «ушбу можаронинг тезроқ тугаши ҳаммамиз учун бирдек фойдали».

2021 йил маълумотларига кўра, мамлакатимизда ўзларини украин миллатига мансуб деб ҳисобловчи 70 мингдан ошиқ фуқароларимиз бор, айни пайтда рус миллатига мансуб фуқаролар сони 700 мингдан ошиқроқ экани таъкидланади. Юқорида келтирилган маълумотлар ҳам Россия ва Украина ўртасидаги можароларни енгил-елпи муҳокама қилишга интилиш жамиятимиз учун жуда хатарли оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз қайси миллатга мансублигимиз, сиёсий қарашларимиздан қатъий назар, айтаётган сўзимиз ва хатти-ҳаракатларимизга ўта масъулият билан ёндашганимиз маъқул.

Мамлакатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, Ўзбекистон минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдор. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур муаммо ҳамда минтақа ва дунё миқёсидаги бошқа долзарб масалалар юзасидан билдирган қатъий муносабати Ўзбекистон Республикаси ўз ташқи сиёсати ҳамда мудофаа доктринасида белгиланган тамойилларга оғишмай амал қилиб келаётганидан гувоҳлик беради.

Мазкур ҳужжатларда белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган мезонларини инобатга олган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради.

Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Ҳар бир фикр ақл тарозисидан ўтиши керак...» ёҳуд Украина воқеаларига муносабат