07:30 / 19.04.2022
4 446

«Байрактар» эгаси, Эрдўғоннинг куёви — Селчук Байрактар ким?

«Байрактар» эгаси, Эрдўғоннинг куёви — Селчук Байрактар ким?
Учувчисиз жанговар самолётлар ишлаб чиқарувчиси Селчук Байрактар рафиқаси Сумайя Эрдўғон билан Аё Софияда камторона ифторлик қилгани билан ижтимоий тармоқлар эътиборига тушди.

Ҳа, ўша машҳур ҳарбий дронлар асосчиси, мудофаа саноати тадбиркори Селчук Байрактар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг куёви ҳисобланади.

Селчук Байрактар ўзи ким ва у қандай қилиб бу қадар машҳурликка эришган?

Болалиги

Селчук Байрактар 1979 йил 7 октябрда Истанбулнинг Сариер туманида туғилган турк муҳандиси ва тадбиркоридир. У Туркия технология жамоаси фондининг асосчиси, Байкар турк технология компаниясининг бош директори ва Туркиянинг биринчи маҳаллий эксплуатацион учувчисиз ҳаво воситалари тизимларининг меъморидир. Селчук Байрактарнинг отаси Ўздемир Байрактар 1984 йилда Байкар номи билан аталган турк аэрокосмик фирмасини тузган. Катта эҳтимол билан Селчукнинг айнан отаси таъсирида аэро-технологияларга қизиқиши ортиб борган. Бу кейинчалик унинг фаолиятига ҳам яққол ўз таъсирини ўтказди.

Таълим

Ўқишни Сариердаги бошланғич мактабда бошлаган Байрактар кейинроқ таълимни Истанбулдаги Robert College мактабида давом эттирди. У ерни тугатгач, Истанбул техника университетининг Электроника ва алоқа муҳандислиги бўлимида олий таълимни бошлади.

Тилларни яхши билган ва фитратан изланувчан Селчук талабалигидаёқ АҚШнинг Пенсилвания университети махсус лойиҳаларидан ҳисобланган GRASP лабораториясидан стипендия ютиб олди. Мазкур университетда 2004 йилда магистрлик даражасига эришди. Унинг магистрлик илмий тадқиқоти айнан учувчисиз ҳарбий роботлар билан боғлиқ эди.

Бу иш кўплаб етакчи университетларнинг эътиборини тортди. Селчукга Массачусетс технологиялар институти томонидан гранд таклиф қилинди.

Аэрокосмик дастурий таъминот муҳандислари, профессорлар Жорж Паппас ва Эрик Ферон раҳбарлигида ўқишни давом эттирган Байрактар учувчисиз вертолёт тизимларини автоном, агрессив манёвр қилиш бўйича тадқиқоти билан иккинчи магистрлик даражасини олди.

Меҳнат фаолияти

Икки магистрлик ишини муваффақиятли якунлаган Селчук Байрактар 2007 йилда Туркияга қайтиб келди. Сўнгра Байкар компаниясининг бош технология директори бўлди.

Унинг раҳбарлигида Байкар, Bayraktar Mini UAV (учувчисиз учиш воситаси), Bayraktar TB2, Bayraktar VTOL ва Bayraktar Akıncı каби Туркиянинг биринчи маҳаллий учувчисиз учиш воситалари ишлаб чиқилди.

Селчукнинг дронлари Туркия хавфсизлик кучлари томонидан терроризмга қарши операцияларда, Сурия фуқаролар урушида, Иккинчи Ливия фуқаролар урушида, Иккинчи Тоғли Қорабоғ ҳамда Украинадаги можароларда ишлатилиб, катта ном қозонди.

2021 йил март ойида Bayraktar янги UUV модели — Bayraktar TB3 чиқарганини эълон қилди. Байрактар 2023 йилда биринчи маҳаллий учувчисиз қирувчи самолётнинг парвозини амалга ошириш мақсадини эълон қилган. Бундан ташқари, унинг бошчилигидаги яна бир муҳим лойиҳа — Туркиянинг биринчи учар автомобили Baykar Cezeri ҳисобланади.

Оила

Селчук Байрактар 2016 йил март ойида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг кенжа қизи Сумайя Эрдўғон билан унаштирилиб, май ойида никоҳини расмийлаштирди. У амалдаги президентнинг Бош вазирлиги пайтидаёқ бу оила билан яхши муносабатлар ўрнатгани маълум. Бу никоҳ Селчукни ҳукуматга янада яқинлаштирган бўлса-да, у оммавий чиқишларда жуда кам иштирок этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Байрактар» эгаси, Эрдўғоннинг куёви — Селчук Байрактар ким?