Стресс нима? Аввало, бу инсоннинг ташқи муҳит таъсирига мослашиш реакцияси. Муайян вазият ёки турли воқеа-ҳодисалар организмни мувозанатдан чиқаради. Қолаверса, бу таъсирлар ёқимли ёки ёқимсиз бўладими — организм учун муҳим эмас. Одатий вазиятни бузиш стресс ҳолатига олиб келади. Бунинг сабаблари ҳам турлича. Ҳар бир инсоннинг организмида ўта шахсий созламалари бор, шунинг учун бирор омил бир одамга умуман таъсир қилмайди, иккинчиси эса вазиятни жуда кескин, оғир бошдан кечиради.
Америкалик физиолог Валтер Каннон стрессни универсал омон қолиш реакцияси деб таърифлаган, олимнинг фикрича стресс ҳар доим ҳам инсон учун ёмон ва зарарли эмас.
Стресснинг уч босқичи мавжуд: мобилизация, қарама-қаршилик ва чарчоқ. Одатда, биринчи икки босқич одамга жиддий муаммоларни келтириб чиқармайди, лекин учинчиси нафақат психикада, балки соматикада ҳам хавфли бузилишларга сабаб бўлиши мумкин.
Кимлардир кўп касалликлар стресс туфайли юзага келади деб ҳисоблайди. Эҳтимол, кўп эмасдир лекин етарлича экани исботланган. Стресс таъсир қилишининг давомийлиги ва интенсивлиги билан организм ва руҳият заифлаша бошлайди. Узоқ муддатли стрессли шароитлар, кўпинча қайғуга айланиб, ҳаёт маромини бузади. Кўпинча бу уйқусизлик билан кечадиган невроз, хавотир, депрессия каби психо-эмоционал касалликларга олиб келади. Бора-бора хотира, диққат, фикрлаш каби когнитив функциялар бузилади. Узоқ муддатли ҳиссий ортиқча зўриқиш деярли барча органлар ва тизимларга таъсир қилмай қолмайди.
Қуйида касбий ва шахсий стресснинг салбий таъсирларини кўриб чиқинг.
Грипп ва ЎРВИ
Сурункали стресс ҳолатида бўлганимизда, иситма билан бирга келадиган грипп, ЎРВИ, тонзиллитни келтириб чиқарадиган вирусли ва бактериал инфекцияларни юқтириш хавфи ортади.
Мигрен
Ортиқча стресс остида бўлганимизда, мушакларимиз таранглашади. Бу реакция автоматик равишда ишга тушади ва у танани оғриқ ва шикастланишдан ҳимоя қилиш усулидир. Зўриқиш ҳар доим бўшашиш билан тугайди, аммо стресс узоқ давом этадиган бўлса, мушакларнинг доимий зўриқиши бош оғриғига ва оғирроқ ҳолат — мигрен ҳужумларига олиб келади.
Юрак-қон томир касалликлари
Стресс юрак-қон томир ва нафас олиш тизимларига сезиларли таъсир кўрсатади, гормонлар (адреналин, норепинефрин, кортизол) таъсирида қон томирларининг торайиши кузатилади, бу эса ўз навбатида қон босимини, пулсни ва нафас олиш тезлигини оширади. Юрак-қон томир тизимининг бундай меъёрдан ортиқ ишлаши инсулт ёки инфаркт каби қўрқинчли асоратларга етаклайди.
Қарамлик
Узоқ муддатли стрессли шароитлар хатти-ҳаракатларнинг бузилишига олиб келади — спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик, овқатланиш тартибининг бузилиши сингари.
Уйқусизлик
Стресс фонида психо-эмоционал стресснинг кучайиши уйқусизликка сабаб бўлади. Одамда ухлаш истаги бор, чарчоқ бор, лекин сира уйқу келмайди — безовта қилувчи фикрлар, ҳозирги, ўтмиш ёки келажак ҳақидаги циклик чуқур ўйлаш унинг ухлаб қолишига йўл қўймайди.
Бир оз вақт ўтгач, унинг хавотирли ўй-фикрлари уйқунинг бошланишига халақит бера бошлайди: “Ухлаб олиш учун жуда оз вақт қолди, мен зудлик билан ухлаб қолишим керак, нега ухлай олмаяпман?” Аммо ухлаб қолсангиз ҳам уйқунинг нормал чуқурлигига эриша олмайсиз ва юзаки, саёз уйқуда одам ҳар қандай шовқиндан осонгина уйғонади, атроф-муҳитни, вақтни текширади. Ушбу бузилишлар “психофизиологик уйқусизлик” деб аталади ва кўпинча қуйида тавсифланган бошқа муаммоларни шакллантириш учун асос бўлади.
Астения
Кўпинча астения чарчоқ билан чалкашиб кетади, бинобарин улар икки хил ҳолатни акс эттиради. Чарчоқ ишдан кейин пайдо бўлади — ақлий ёки жисмоний — бу бизга дам олишимиз кераклигини кўрсатадиган физиологик ҳолат. Дам олишдан кейин чарчоқ йўқолади. Астения эса дам олишдан кейин ҳам ўтмайдиган ҳолат бўлиб, беморни эрталаб ҳам уйқудан кейин, кундузи ҳам безовта қилади. Астения узоқ давом этган психо-эмоционал ҳаддан ташқари зўриқиш, дам олиш механизмларининг бузилганлиги ҳақида сигналдир — мия чарчаган, аммо дам ололмайди, чунки у доимий стрессли ҳолатда. Астения шифокорга учраш, дори-дармонларни қабул қилиш ёки дори-дармонсиз даволанишни талаб қиладиган психотерапияни талаб қиладиган синдромлардан биридир.
Вазннинг ўзгариши
Одатда ҳар доим астения ёки депрессия билан бирга келади. Вазннинг ўзгариши ҳам юқорига, ҳам пастга бўлиши мумкин, иккаласи ҳам психологик сабаблар билан боғлиқ. Оғирлик ўзгаришининг шаклланишидаги муҳим нуқталардан бири уйқу бузилишидир. Уйқу вақтида агар унинг талаб қилинадиган давомийлиги ва сифати кузатилса, қанд даражаси ва глюкоза алмашинувининг бошқа кўрсаткичлари пасаяди. Агар уйқу бузилган бўлса, кечаси қанд даражасида зарурий пасайиш бўлмайди. Бу ўз навбатида, вазннинг ўзгариши (кўпинча унинг ортиши) ва инсулин қаршилигининг шаклланиши, охир-оқибат диабет учун асосдир.
Артериал гипертония
Стрессдан босим кўтарилиши мумкинми? Ҳа. Оддий ҳолатда ухлаш вақтида нафақат глюкоза алмашинуви даражасининг пасайиши, балки қон босимининг пасайиши, шунингдек, юрак уриши тезлигининг секинлашиши ҳам кузатилади. Уйқунинг сифати етарли бўлмаган шароитда тунги вақтда босим ва пулс пасаймайди, бу артериал гипертония шаклланиши учун шароит яратади. Кун давомида ҳаддан ташқари психо-эмоционал стресс ҳам қон босимининг ошишига ёрдам беради. Шу тариқа стресс даражасини пасайтириш нафақат ҳаётнинг ҳозирги сифати, балки жиддий сурункали касалликлар ривожланишининг олдини олиш учун ҳам муҳим ҳисобланади.
Қандли диабет
Қандли диабет кўпинча сурункали стресснинг бевосита натижасидир. Вазн ортиши, қанд алмашинувидаги ўзгаришлар, инсулин қаршилиги, уйқу бузилиши узоқ муддатли стресснинг одатий кўриниши бўлиб, уларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси
Бу яралар кўпинча сурункали стресс фонида ривожланади, улар унинг бевосита натижасидир: доимий психо-эмоционал стресс ошқозон секрециясининг ўзгаришига олиб келади ва сурункали гастрит шаклланиши учун асос бўлиши мумкин. Нотўғри ва тартибсиз овқатланиш одатлари эрозив гастрит, ошқозон яраси ва ўн икки бармоқли ичак яраси ривожланиш хавфини янада оширади. Шунингдек, энг кенг тарқалган касалликлардан бири ИБС (ирритабий ичак синдроми)дир.
Депрессия
Депрессия ҳақида ҳамма биладигандек туюлади, лекин аслида ҳар доим ҳам инсон томонидан амалга оширилмайдиган жуда маккор ҳолат ҳиссий стресснинг оқибатларидан биридир. Аввало, депрессия фақат кайфиятнинг пасайиши эмаслигини унутмаслигимиз керак. Кўпинча одам руҳий тушкунлик йўқ деб тахмин қилади, чунки унинг кайфияти ўзгармайди. Аммо депрессия бошқа аломатлар билан ҳам намоён бўлиши мумкин — кучсизлик, айниқса, эрталаб бирор бир ишни бошлашда қийинчилик, хотира, диққатни йўқотиш ҳисси ва ҳоказо. Бу ҳолда одам одатда ўзини қўлга олиш керак, ҳамма нарса яхши бўлади, деб ҳисоблайди. Агар одамда депрессиядан олдин узоқ вақт психо-эмоционал зўриқиш бўлса депрессияни чарчоқ билан аралаштириб юборади. Юқорида айтиб ўтилганидек, чарчоқ дам олишдан кейин кетадиган нарсадир.
Депрессиянинг биринчи белгилари ўзингизда кузатилса, шифокорга учранг. Депрессия белгилари:
- Уйқусизлик, бошқа уйқу муаммолари.
- Узоқ муддатли чарчоқ, кучни йўқотиш ҳисси.
- Аччиқланишнинг кучайиши, қўзғалиш.
- Иштаҳанинг сезиларли ўзгариши.
- Ўзини қадрсиз ҳис қилиш.
- Айбдорлик ҳисси, ўзидан нафратланиш.
- Ўз жонига қасд қилиш фикрларига олиб келиши мумкин бўлган умидсизлик ҳисси.
Тиклар (беихтиёр қилинадиган ҳаракатлар)
Кўпинча тиклар болаларда ривожланади ва у бола мияси фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ. Бундай ҳолда, ҳиссий стресс фонида, масалан, оиладаги ёки мактабдаги қийин вазиятда, болада маълум бир ҳаракатни амалга ошириш истаги пайдо бўлади (елкасини буриш, кўзни пирпиратиш, бошини буриш, муштларини қисиш ёки очиш, қўлларини силкитиши ва ҳоказо) ёки товуш (йўтал, ҳидлаш ёки бошқа товушлар) чиқариш. Агар болада тиклар пайдо бўлса, невролог билан боғланишингиз керак.
Хотира бузилиши
Улар деярли ҳар доим стрессга ҳамроҳ бўлади ва тўғридан-тўғри у билан ҳам, астения, ташвиш, депрессия ва уйқу бузилиши билан ҳам боғлиқ. Кўпинча хотира бузилиши кўп вазифаларни бажариши, чалкаштириш ва ақлий вазифаларни тез бажаришда қийинчиликлар билан бирлаштирилади. Ушбу аломатларни камайтириш учун биринчи навбатда стрессдан ҳоли бўлиш талаб этилади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг