date

Қозоғистонлик блогер аёл Тошкент метросида эркакларга шилқимлик қилди (видео)

Қозоғистонлик блогер аёл Тошкент метросида эркакларга шилқимлик қилди (видео)

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида полиция жамоат жойида ахлоқсиз хатти-ҳаракатларини видеога олган ва ижтимоий тармоқларда тарқатган блогер аёлга нисбатан текширув ўтказди. Бу ҳақда шаҳар полицияси матбуот хизмати маълум қилди, деб хабар берди маҳаллий нашрлар.

Маълумотларга кўра, А.А. исмли блогер Ўзбекистондаги метро поездларидан бирида йўловчиларга нисбатан ноўрин ҳаракатлар қилиб, бу ҳолатни телефонга ёзиб олган ва кейин шахсий саҳифаларига жойлаштирган. Видеолар ижтимоий тармоқларда катта муҳокамага сабаб бўлди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолатни майда безорилик сифатида баҳолаб, маъмурий иш қўзғатган. Ҳозирда материаллар суд кўриб чиқиши учун юборилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари билдиришича, мазкур шахс аввал ҳам шундай ахлоққа зид ҳаракатлар билан эътибор марказида бўлган ва у билан профилактик суҳбат ўтказилган эди.

“Бироқ, кўриниб турибдики, у ўтган воқеалардан хулоса чиқармаган. Бундай хатти-ҳаракатлар жамиятнинг маънавий қадриятларига ҳурматсизликни англатади ва жамоат жойларида қабул қилинган хулқ-атвор меъёрларини бузишдир”, — дейилади полиция маълумотида.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жамоат жойларида ахлоқсиз ёки провокацион хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланганини яна бир бор эслатди. Улар фикрича, интернет орқали бундай видеоларнинг тарқалиши нафақат шахсий обрўга, балки жамоат ахлоқига ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

Шу муносабат билан полиция фуқароларни жамоат жойларида ўзини одоб доирасидан чиқмаган ҳолда тутишга, ижтимоий тармоқларда эса контент жойлаштиришда масъулиятни унутмасликка чақирди.

Экспертлар таъкидлашича, сўнгги пайтларда интернет орқали провокацион контент орқали обрў орттиришга уриниш ҳолатлари кўпайган. Лекин бу каби ҳаракатлар нафақат ахлоқий меъёрларга зид, балки қонун нуқтаи назаридан ҳам жазога сабаб бўлади.

Шу билан бирга, ахборот соҳаси мутахассислари ижтимоий тармоқлар орқали тарқаладиган ҳар бир видеонинг жамоат тафаккурига таъсирини ҳисобга олиш лозимлигини таъкидламоқда. Улар таъбирича, “лайк” ва “просмотр” учун ахлоқни қурбон қилиш жамиятда хатарли тенденцияни кучайтиради.

Олмаота полицияси ҳозирда ишни суд кўриб чиқишидан олдин қўшимча маълумотлар тўплаётганини маълум қилди. Суд қароридан кейин блогерга маъмурий жазо ёки катта жарима тайинланиши мумкин.

Бу воқеа интернетдаги “ахлоқ меъёрларини унутган контент” ҳақидаги баҳсларни янада жонлантирди. Жамоатчилик ва ҳуқуқшунослар бундай ҳолатларга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўриш лозимлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистонлик блогер аёл Тошкент метросида эркакларга шилқимлик қилди (видео)