Фото: Wday
Бугунги кунда витаминлар деярли ҳар қандай касалликнинг олдини олиш учун универсал восита деб ҳисобланади ва улардан фойдаланиш бўйича тавсиялар ҳар бир интернет порталида мавжуд. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, уларнинг кўпчилигини мутахассисга мурожаат қилмасдан қабул қилиш организм учун хавфли бўлиши мумкин.
Витаминлар соғлиқ учун жуда муҳим бўлган биологик фаол бирикмалардир. Витаминларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларнинг аксарияти бизнинг танамизда шаклланмаган, шунинг учун уларни доимий равишда ташқаридан озиқ-овқат ёрдами билан таъминлаш керак. Бироқ озиқ-овқатдан ҳам етарли миқдорда витамин олиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд. Бундай ҳолларда ушбу муҳим моддаларнинг маълум миқдорини ўз ичига олган қўшимчаларни буюриш мумкин. Аммо ҳамма витаминларни ҳам шифокорнинг рецептисиз олиш мумкин эмас. Улардан баъзилари назоратсиз қабул қилинганда танага жиддий зарар этказиши мумкин.
D витамини
D витамини бутун дунё бўйлаб анча машҳур бўлиб қолди. Таркиби ва таъсири бўйича ушбу модда гормонларга ўхшайди. D витамини кальций метаболизмида муҳим рол ўйнайди, ичакдаги кальцийнинг сингишини ва организмдан чиқарилишини камайтиради. Шунингдек, кальцийнинг суяк тўқималарига кириб боришига ёрдам беради, суякларнинг мустаҳкам бўлишини таъминлайди.
D витамини кальций алмашинувига таъсир қилишдан ташқари, айниқса, пренатал даврда иммунологик ҳолатни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди, яъни аслида у аутоиммун жараёнларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Вирусли ва бактериал инфекцияларга чидамлилигини ошириш, саратон ва қандли диабет хавфини камайтириш нуқтаи назаридан иммунитет тизимига таъсири борлиги исботланган.
Шуни таъкидлаш керакки, бу касалликнинг ривожланишига тўсқинлик қилмаслик эмас, балки фақат хавфни камайтириш билан боғлиқ, чунки касалликнинг ривожланишига бошқа омиллар ҳам таъсир қилади. D витамини танага озиқ-овқат билан киради, шунингдек, қуёш нурлари таъсирида терида синтезланади. Балиқ, тухум, сариёғда оз миқдорда D витамини мавжуд бўлиб, улар кунлик эҳтиёжни қондира олмайди.
Препаратни назоратсиз қабул қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин: гиперкальцимия – қонда жуда кўп кальций тўпланиб қоладиган ҳолат ва унинг томирлар ёки юмшоқ тўқималарда чўкиши. D витаминини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш буйракда тошлар пайдо бўлиши ва ҳатто синиш хавфининг ортиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
E витамини
Аслида, бу нафақат битта витамин, балки ёғда эрийдиган витаминларнинг бутун гуруҳидир. У буғдой уруғи, авокадо, ёнғоқ, кунгабоқар уруғи ва турли хил сабзавотларда учрайди. E витаминининг етарли миқдори ўсимлик мойларида мавжуд.
E витаминининг асосий таъсири антиоксидантдир. У ҳужайралардаги пероксидланишнинг олдини олади ва иммунитетни оширишда, саратон, юрак-қон томир касалликлари ва яллиғланишдан ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнайди.
Аммо E витаминининг юқори дозалари қон ивишига халақит бериб, қон кетишига олиб келиши мумкин. Бу, айниқса, қонни суюлтирувчи дориларни, масалан, аспирин, шунингдек, геморрагик инсулт ёки жигар касаллигига чалинган одамлар учун жуда хавфлидир.
C витамини
C витамини сувда эрувчан витамин ҳисобланади, шунинг учун у одатда организмда қолмай, пешоб билан ажралиб чиқади. Мазкур витамин деярли барча ўсимлик маҳсулотларида – айниқса цитрус мевалар, булғор қалампири ва брокколида учрайди.
C витамини тўқималарнинг ўсиши ва тикланишига ёрдам беради, иммунитет тизимига таъсир қилади, коллаген синтезини рағбатлантиради, серотонин ҳосил бўлишида иштирок этади ва шунингдек, антиоксидант хусусиятларини намойиш этади.
Баъзи одамларда C витаминининг юқори дозалари диарея, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, гастрит, чарчоқ, қизиб кетиш, бош оғриғи ва уйқусизлик каби аломатларга олиб келиши мумкин ва уларни шифокор билан маслаҳатлашмасдан ичиш мумкин эмас. Сурункали жигар ёки буйрак касаллиги, подагра ёки буйраги тош туфайли билан оғриган инсонлар C витаминини юқори дозаларини қабул қилмасликлари керак.
А витамини ва бета-каротин
А витамини – бу кўриш қобилияти учун ажралмас бўлган кучли антиоксидантдир. У суяк, тиш, териларни соғлом шакллантириш ва сақлашда иштирок этади. Тухум, гўшт ва сут маҳсулотлари каби ҳайвонот маҳсулотларида учрайди. Бета-каротиннинг манбалари: тўқ сариқ ва сариқ рангли мевалар ва сабзавотлар, қуюқ яшил баргли сабзавотлар.
А витаминининг катта дозаларда назоратсиз ишлатилиши ҳомиладор аёллар учун, айниқса, дастлабки босқичларда хавфлидир. Чунки бу ҳомила етишмовчилиги хавфининг ортиши билан боғлиқ. Витамин антиоксидант хусусиятларига қарамай, узоқ вақт давомида А витамини, бета-каротин ва E витаминини истеъмол қилиш чекувчиларда ўпка саратони хавфи ортиши билан боғлиқдир.
Фолик кислота (витамин B9)
Янги ҳужайраларни шакллантириш учун жуда муҳимдир. Ҳомиладорликнинг бошида қабул қилинганда ҳомила таркибида мия ва умуртқа поғоналарида нуқсонларнинг олдини олишга ёрдам беради. Юрак касаллиги хавфини камайтириши мумкин. Баъзи олимларнинг фикрига кўра, фолатнинг етарли миқдори ДНК хатоларини тўғрилаш орқали саратон ўсмаларининг ривожланишидан ҳимоя қилиши мумкин, аммо фолий кислотасининг кўплиги мавжуд ўсмаларнинг ўсишига ҳам ёрдам беради. B9 витаминининг манбалари: сабзавотлар, айниқса, қуюқ яшил, янги узилган мевалар, жигар, денгиз маҳсулотлари ва тухум.
Витамин B6
Мазкур витамин ҳам бир қанча метаболик жараёнларда қатнашади, юрак хасталиги ривожланиш хавфини камайтиришга ёрдам беради. Cерoтонин синтезида,ухлаш жараёнида, иштаҳани ва кайфиятни бошқаришда муҳим рол ўйнайди, гемопоэзда қатнашади. Когнитив қобилият ва иммунитет функциясига таъсир қилади. Гўшт, балиқ, паррандачилик, картошка, цитрус бўлмаган меваларда учрайди.
Бир йил ёки ундан кўпроқ вақт давомида кўп миқдордаги B6 витаминини истеъмол қилиш периферик асабларга зарар етказиши ва суяк оғриғи, мушакларнинг заифлашиши, уйқусизлик, оёқ-қўлларидаги мушакларнинг мажбурий қисқариши ва юришнинг қийинлашувига олиб келиши мумкин.
Шундай қилиб, витаминларни қабул қилиш, баъзида ҳатто соғлиққа хавфли бўлиши мумкин. Витаминларни қабул қилишни бошлашдан олдин етишмовчилик аломатларини аниқлашда ёрдам берадиган шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Шунингдек, уларни аниқлаш учун зарур бўлган текширувлардан ўтиш керак. Лаборатория текширувлари билан қонда деярли барча витаминларни аниқлаш мумкин. Агар таҳлилларда муаммо аниқланса, шифокор даволаниш ва етишмовчиликнинг олдини олиш учун керакли дозани ҳисоблаб чиқади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг