Бақлажон озуқалар омбори ҳисобланади. Унда C ва К витаминлари, клетчатка, марганец, калий, магний, мис ва ҳатто оз миқдорда ўсимлик оқсили бор. Бундай бой композицияга эга бўлган бақлажон паст калорияли маҳсулот ҳисобланади. Парҳезга амал қилганлар учун ушбу маҳсулот идеал ечимдир.
Антиоксидантлар сурункали касаллик ва қариликка қарши курашда энг катта ёрдамчилардир. Улар оксидланиш жараёнлари билан самарали курашади ва ҳужайраларни эркин радикалларнинг шикастланишидан ҳимоя қилади. Бақлажон таркибида антосиянин пигментлари бор, улар нафақат ёрқин рангга, балки кучли антиоксидант хусусиятларга ҳам эга.
Бақлажон таркибида антиоксидантларнинг кўплиги туфайли нафақат ёшаришга ёрдам беради, балки юрак-қон томир касалликлари ривожланиш хавфини ҳам камайтиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бақлажонни мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир саломатлиги учун хавфли бўлган холестерин ва триглицеридлар даражасини пасайтиради.
Бақлажоннинг яна бир ажойиб хусусияти шундаки, у қондаги қанд миқдорини назорат қилишга ёрдам беради. Унинг даражасидаги кескин ўзгаришлар организм учун жуда кўп нохуш оқибатларга олиб келади.
Бақлажон таркибидаги толанинг яна бир афзаллиги шундаки, у иштаҳани бошқаришга ёрдам беради. Овқат ҳазм қилиш жараёнини секинлаштирган ҳолда тўйинганлик ҳиссини сезиларли даражада узайтиради ва ортиқча овқатланиш хавфини камайтиради, натижада вазн ортмайди. Бундан ташқари, у ошқозон-ичак тракти саломатлиги учун жуда фойдали.
Келтирилган барча фойдали хусусиятларига қарамай бақлажон кўп миқдорда истеъмол қилинмаслиги ҳам керак. Чунки унинг таркибида алкалоид соланин бор. У танадаги бир қанча жараёнга салбий таъсир кўрсатишга қодир. Соланин ичак функциясини бузиши, ошқозоннинг кислоталилик даражасига салбий таъсир кўрсатиши ва баъзи нейротрансмиттерлар ишлаб чиқаришни тақиқлаши мумкин. Бу асаб дисфункциясига, парасемпатик асаб тизими ва қалқонсимон без фаолиятининг сусайишига олиб келади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг