11:30 / 09.10.2024
71

Мақсадининг охиригача бормайдиганларга нима халақит беради?

Мақсадининг охиригача бормайдиганларга нима халақит беради?
Юртимизда, умуман ўзбеклар ичида иқтидорли инсонлар кўп. Уларнинг фикрлашини, дунёга бўлган муносабатини кузатсангиз буни илғаш қийинмас. Лекин, уларнинг кўплари бошлаган ишларини охиригача етказолмайди ёки мақсадининг охиригача бормайди.

Баъзан, ўйлаб қоламан нима учун шундай? Нима ёки қандай омиллар халақит қилади? Нега орзу-мақсадлари сари илк қадамларни бошлайди-ю, аксарият одамлар охиригача бормайди?

Дейлик, атрофни кузатсангиз ҳамма инглиз тилини ўрганаётгандек кўринади, лекин натижада инглиз тилини ўзига керакли даражада биладиганлар кўп эмас, яъни охиригача бормайди ўрганишни бошлаганлар.

Ва, бунга сабаб бўладиган психологик томонлари ҳақида ўйлаб қолдим. Бунинг бир неча психологик сабаблари бўлиши мумкин, улар орасида:

Интизом

Худди шундай ички интизомнинг етишмаслиги: Баъзи инсонлар мақсадларига эришиш учун ўзларини ўзлари бошқара олмаслиги, вақтини режалаштира олмаслиги ва ҳаракатларини назорат қила олмаслиги мумкин.

Ташқи интизомнинг етишмаслиги: Иқтидорли ёшлар интизомни талаб қиладиган оилада ёки мактабда, муҳитда ўсмаган бўлиши мумкин.

«Осон йўл» синдроми: Қийинчиликка дуч келишдан қочиб, осон йўлларни излагани учун ҳам мақсадининг охиригача бора олмайди.

Қунт ва тиришқоқлик

«Тез натижани» кутиш: Биз нима ишлар қилаётган бўлсак негадир унинг тезроқ натижа беришини истайверамиз.

«Гапиришга осон»: Ҳар нарсани осон бажариш мумкинлигини таъкидлайвериш ҳам «қунт» ва «тиришқоқлик»ка тўсқинлик қилиши мумкин. Айниқса, ҳозир турли мотиватор ва коучлар бирор нарсага эришишни сунъий осонлаштираётгандек туюлади, менга. Реал ҳаётда эса мақсадни қандайлигига қараб эришиш осон бўлмаган мақсадлар ҳам борлигини ақлимиз билан қабул қилишимиз керак. Дейлик, «3 ойда энг осон йўл билан ўргатамиз» дейдиган тил курслари шунчаки маркетинг ҳийласи. Тил ўрганиш учун албатта, қаттиқ интизом ва қунт бўлмаса, шунчаки осон эмас.

«Истеъдодига ортиқча» ишониши: Иқтидорли инсон ўзининг истеъдодига ишониб, ўзини «қийинчиликдан» холи деб ҳисоблаши мумкин. Ёки, иқтидорли ўзига ортиқча баҳо бериб юбориши мумкин. Дейлик, иқтидорли ўзига бўлган баҳони иқтидорли эмаслар орасида берса қандай-ю, аксинча кўплаб иқтидорлилар ичида иқтидорли эканлигига баҳо берса қандай?

Ўрганиш

«Енгил ҳаёт» маданияти: Инсонларга «енгил ҳаёт» маданияти бирор нарсани яхшироқ ўрганишга ва мақсадларга эришиш учун қийинчиликларга ҳам тайёр туришга тўсқинлик қилиши мумкин.

Хатолардан қўрқиш: Хато қилишни «ёмон», деб қабул қилишимиз ўрганишдан тўхтатиши мумкин.

Ўрганишда стратегиянинг етишмаслиги: Аксарият, иқтидорлиларга қандай ўрганиш ва ахборотни қандай кетма кетликда ёки бирор бир структурали тарзда ўзлаштиришни билмаслиги муаммо туғдириши мумкин (яъни, пала-партиш).

Яна ўзига ишонмаган инсон мақсадларига эришишдан қўрқиши мумкин.

Вақтни бошқара олмаслик ҳам мақсадларга етишга тўсқинлик қилади.

Хатолардан қўрқиш билан бир қаторда, муваффақиятсизликлардан қўрқиш ҳам бошлаган ишларни ташлаб кетишга олиб келиши мумкин.

Қолаверса иқтидорли инсонларни тўғри йўналтирувчи маслаҳатчилари, устозлари бўлиши ҳам жуда муҳим.

Ечимлар

Интизомли ҳаётни шакллантириш, яъни ўзини ўзи бошқариш, вақтни режалаштириш ва қийинчиликларга чора топа олиш кўникмаларини ривожлантириш.

Қунт ва тиришқоқликни ривожлантириш: «Осон йўл»синдроми билан курашиш, хатоларни «таълим» ёки сабоқ деб ҳисоблаш ва албатта, қийинчиликларни енгишга тайёр бўлиш.

Ўрганиш маданиятини шакллантириш – ўрганиш ўз-ўзига ишончни кучайтиради, хатолардан сабоқ олишга кўниктиради ва ҳаётий тажрибага эга бўлади.

Тўғри маслаҳат олиш ва йўналтириш: Иқтидорли инсонларни «охиригача бора оладиган» шахслар томонга йўналтириш. Албатта, бу борада давлат даражасидаги тизимга солинган лойиҳалар бўлиши шарт.

Ушбу сабаблар ва ечимларни англашимиз юртимиздаги иқтидорли инсонларни мақсадларига эришишига ёрдам беради деб ўйлайман.

Мадина Мийтан, психолог

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Мақсадининг охиригача бормайдиганларга нима халақит беради?