
Кўпчилик учун қаҳва кунни бошлашнинг ажралмас бир қисмига айланган. Айримлар эрталабки илк қадамларини айнан бир пиёла қаҳва билан бошлайди. Аммо у ҳақиқатан ҳам қайси пайтда фойдалироқ? Бу ҳақда “Gazeta.ru” нашрига маълумот берган сомнолог-эндокринолог Даря Лебедева бир қанча муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтди.
Мутахассис таъкидлашича, одамлар кофеинга жуда турлича муносабатда бўлишади. “Баъзилар борки, бир пиёла қаҳвадан сўнг серғайрат ва тетикликни ҳис қилади. Яна бошқалар эса ундан сўнг ўзини нотинч тутади, қўллари титрайди, юраги тез ура бошлайди. Учинчи тоифа инсонлар эса қаҳвани ичгани билан, аксинча, уйқуга мойиллашади,” — дейди шифокор.
Бу фарқлар инсон организмидаги генетик хусусиятлар билан боғлиқ экани айтилди. Айримлар организмдаги кофеинни икки соат ичида парчалаб юборса, бошқаларда бу жараён 12 соатгача чўзилиши мумкин. Шу боис, бир турдаги тавсиялар барчага бирдек тааллуқли бўлиши мумкин эмас. Аммо барибир умумий қоидалар мавжуд.
Шифокорнинг таъкидлашича, қаҳва учун энг мақбул вақт — уйғонишдан кейин бир ёки икки соат ўтгач ҳисобланади. Чунки бу вақт оралиғида организмдаги кортизол — яъни стресска жавобгар гормон даражаси пасайишга юз тутади. Мана шунда қаҳва энг самарали таъсир кўрсата бошлайди.
Лебедеванинг сўзларига кўра, агар инсонда уйқу билан боғлиқ муаммолар кузатилса, қаҳвани соат 14:00 дан кейин ичмаслик тавсия этилади. “Тушликдан кейин ичилган бир пиёла қаҳва ҳам, эҳтимол, организмнинг тундаги табиий уйқу режимига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин,” – дейди у.
Агар инсон доимий равишда уйқусизлик, безовталик, чарчоқ ва асабийлашишни ҳис қилаётган бўлса, бундай ҳолатларда шифокор қаҳвадан бутунлай воз кечишни маслаҳат беради. “Бундай вазиятларда ўзбошимчалик қилмасдан, мутахассис билан маслаҳатлашиш маъқулроқ,” – деб огоҳлантиради у.
Лебедева таъкидлашича, қаҳванинг ўзида зарар йўқ — муаммо уни меъёрсиз, назоратсиз истеъмол қилишда. Қисқа муддатли диққатни жамлаш, кайфиятни кўтариш ёки жисмоний фаолликни ошириш учун у фойдали бўлиши мумкин. Аммо кун давомида 5–6 пиёла қаҳва ичилиши стресс, уйқусизлик ва бош оғриққа сабаб бўлади. Агар қаҳва сиз учун чарчоққа қарши "таёқ"қа айланган бўлса, бу хавотирли белги.
“Бундай вазиятда энг тўғри йўл — қаҳва дозасини қисқартириш ва, энг муҳими, уйқу тартибини қайта тиклашдир. Чунки доимий чарчоқни эътиборсиз қолдириш оқибатлари анча жиддий бўлиши мумкин,” – деб хулоса қилди шифокор.
Қаҳвани онгли равишда, организмга мослаштирилган ҳолда истеъмол қилиш нафақат соғлиқни сақлаш, балки кунлик кайфиятни ва самарадорликни ҳам оширишга ёрдам беради. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар