Хитойлик олимлар инсон кўзининг имкониятларини кенгайтирувчи янги инфрақизил контакт линзаларни яратишди. “Cell” журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, бу линзалар қоронғуда ҳам кўриш имконини беради.
Илмий гуруҳ нанозаррачаларни контакт линзалар билан бирлаштириб, илгари кўринмас бўлган инфрақизил нурларни кўзга кўринадиган ёруғликка айлантиришга эришди. Бу технология ёрдамида инсон 800–1600 нанометр оралиғидаги нурларни сеза олади.
Тажриба дастлаб сичқонлар устида ўтказилган: улар ретинага нанозаррачалар юборилгандан кейин қоронғуда ҳам ҳаракатлана олган. Кейинчалик линзалар инсон кўзи учун мослаштирилган. Синовларда иштирок этганлар ёпиқ кўз билан ҳам қоронғуда ёруғлик сигналларини таний олган.
Олимларнинг сўзларига кўра, бу линзалар қутқарув хизмати, ҳарбий амалиётлар ёки тунги назорат соҳаларида катта фойда келтириши мумкин. Улар ташқи қувват манбаига эҳтиёж сезмайди ва оддий контакт линза каби тақилади.
Бироқ тадқиқот ҳали бошланғич босқичда. Линзалар баъзи ҳолларда тасвирни хиралаштириши ёки заиф нур манбаларида самарасиз ишлаши мумкин. Шу боис олимлар технологияни янада такомиллаштириш устида иш олиб боришмоқда.
Мутахассислар бу кашфиёт инсон кўриш қобилиятида янги давр бошланишини, яқин келажакда “тунги кўриш линзалари” ҳаётимизда оддий воқеликка айланишини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!