Юртимизда муборак рўзаи Рамазон ойи давом этмоқда. Ушбу муқаддас ой дилида иймон-эътиқоди мустаҳқам бўлган ҳар бир юртдошимизни савобли ишларга ундаши билан янада аҳамиятлидир. Зеро, муқаддас Ислом динининг мазмун-моҳияти аслида инсонпарварлик, дўстлик, баҳамжиҳатлик каби олийжаноб туйғуларга асосланган. Ана шундай мақсадлар йўлида қилинган хайрли амалларнинг асосийси етим-есирлар, бева-бечоралар, касалманд, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглига йўл топишдан иборатдир. Бундай савобли ишларни эса кўз-кўз қилиш шарт бўлмагани каби, ўзини эътиқодли, деб билган мусулмон, муслим инсонлар ҳар нарсага билиб-билмай сажда қилавермайдилар…
Биз тилга олмоқчи бўлганимиз Урганч туманида “Мушкулкушод биби” деб аталган норасмий зиёратгоҳ кимлар томонидан ўйлаб топилгану, кимлар унга “эътиқод“ қилиб, ҳар сешанба куни унга назр-ниёзлар қилишга одатланаётгани ҳақида. Ачинарлиси шундаки, айрим дин илмидан мутлақо бехабар кишиларнинг “саъй-ҳаракатлари” боис баъзи хотин-қизларнинг диний мутаассибликка берилаётгани хусусида сўз очишни жоиз деб билдик.
Бу хусусда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакили Давронбек Абдуқодиров ўз фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён қилиб берди:
– Яқин кунларгача Урганч тумани ҳудудида норасмий тарзда ва бирон бир ерда зиёратгоҳ сифатида рўйхатдан ўтмасдан фаолият кўрсатиб келган, одамлар ўртасида “Мушкулкушод биби” деб номланувчи мазкур жойга тўхталадиган бўлсак: “Мушкулкушод номини олган шахс асли ким?” – деган савол туғилади, албатта. Муҳиба Ҳамидованинг “Валия волидалар” номли китобида қуйидаги маълумотлар келтирилади: “Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд холаларининг асл исми “Биби Мусалламхондир”. Бухорода уни “Биби Чоршанба” ҳам дейишади. Унинг қабри Бухоронинг қасри Орифон қишлоғида бўлиб, Хўжа Баҳоуддин ҳазратларининг оналари билан бир қаторда қарор топганлар”.
Бундан кўриниб турибдики, Урганч туманидаги “Биби Мушкулкушод” деб номланган қабр ва ундаги зиёрат қилинаётган шахс асли кимлиги номаълум. Ислом шариати нуқтаи назаридан ҳам “Мушкул кушод“ номли маросим ўтказилиши мутлақо кўрсатилмаган. Мушкулни кушод қилувчи, яъни банданинг бошига тушган оғирликни бартараф қилувчи зот Аллоҳ таолонинг ўзи, холос.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларида: “Қабримни саждагоҳ қилманглар”, деб марҳамат қилганлар”. “Ислом маърифати” номли китобда Мушкулкушод маросими хурофот амаллардан экани таъкидланиб: “Биби Сешанба маросими муҳтарам зотларнинг руҳидан мадад сўраш, ҳожатларини тилаш бўлиб, у ислом ақидасига хилоф амалдир”, – дейилади. Шу боис уларни ўтказишни шариат маън қилади.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси томонидан 1984 йилда чоп этилган “Янги чиққан китобфурушлар фаолиятининг зарарлари ҳақида”ги асарда ўзбек тилидаги “Мавлиди шариф”, “Биби Сешанба”, “Мушкулкушод” каби китоблардаги маълумотларнинг кўп қисми ислом дини асосларига тўла мувофиқ келмаслиги, уларнинг муаллиф ва ноширлари бундай ишга ё динни бузиш мақсадида ёки моддий манфаатдорлик ниятида қўл урганликлари қайд этилган. Хусусан, “Биби Сешанба” рисоласи шариатга мутлақо тўғри келмайдиган афсонавий эртакдан иборат экани, унда бидъат йўли билан турли таомлар тайёрланиб, исрофгарчилик кенг тарғиб қилиниши, азиз-авлиёларнинг руҳи ва мозорига атаб қурбонлик қилиш каби ислом таълимотига зид бўлган амалларнинг бажарилиши таъкидланади.
Шунга қарамасдан, айрим норасмий “отинойилар” ўз атрофидаги содда, ишонувчан ва диний тушунчага эга бўлмаган ҳамда турли ақидаларга берилувчи фуқароларни авраб-алдаб, шу жойни зиёрат қилса, мушкули осон ечим топишини тарғиб қилиб, бу ерга инъом этилган хайр-эҳсонларни ўзлаштириб келганлар. Бундай хурофотларга берилишнинг асосий сабаби динимиз асосларини тўлиқ тушунмаслик, айниқса, эътиқод борасидаги масалаларни яхши билмаслик натижасидир. Бунинг оқибатида аёллар гўёки ўзларича бир савобли ишни қилдим, деб яна бир гуноҳга қўл уришаётганларидан бехабар эканликларини алоҳида таъкидлаш лозим. Қуръони каримда Оллоҳ таоло ўзига ширк келтирган инсонни кечирмаслиги баён этилган.
Маълумки, шўролар мафкураси асосида атеистик таълимга ружу қўйилиб, муқаддас динимизнинг асл моҳиятини яширишга ҳаракат қилинган. Ўша йилларда асл ҳақиқатга эга бўлмаган китоблар чоп қилинган ва бу билан динимиз софлигини йўқотишга уринилган. Жумладан, муаллифлари номаълум бўлган – “Мушкулкушод”, “Бобо Равшан”, “Тулум хўжа”, “Нурнома”, “Ғавсул Аъзам”га ўхшаган китобларда кўпинча тўқима маълумотлар келтирилган. Жумладан,”Бобо Равшан“ номли китобда “Ҳазрат Алининг бошига киядиган дасторлари, яъни урушда киядиган бош кийимлари минг ботмон эрди”, дейилади. Аслида минг ботмон йигирма тоннани ташкил қилишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу маълумотнинг ҳақиқатга нечоғли мос келиш-келмаслигини англаш қийин эмас. Кези келганда, юртдошларимизни мумтоз адабиёт вакилларидан Махтумқули, Аҳмад Яссавий ҳикматлари, Девони Машраб, “Иброҳим Адҳам қиссаси” ва бошқа кўплаб тарбиявий аҳамиятга эга китобларни маърака-ю, турли маросимларда тарғибот қилиб, ундаги чуқур ҳаётий ҳикматларни ўқиб-ўрганиб, шууримизга сингдирсак, нур устига аъло нур бўлар эди.
Эътиборли томони шундаки, айнан Мустақиллик йилларида динимиз асосларини ўрганиш мақсадида мўътабар китобларимиз она тилимизда етарли даражада чоп қилиниб, халқимизга ҳавола қилинмоқда. Бугунги кунда шариатимиз қонун-қоидалари ҳақида илмий асосланган илмларни ўзлаштирган мутахассисларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, айрим “отинойи“ларнинг нотўғри фатволарига эргашиб, баъзи бировларнинг ширку бидъат ҳамда хурофотга берилиши оқибатида кўр-кўрона эътиқод натижасида қабрларга атаб қурбонликлар қилишларидан ажабланасан, киши. Бундай нотўғри фатволари билан одамларни авраётганларга қарата Пайғамбаримиз ҳадисларида шундай деганлар: “Сизларнинг фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”. Бу билан илмсиз фатво беришнинг салбий оқибатлари инсонларни гумроҳликка даъват қилишдан бошқа нарса эмаслиги таъкидланади.
Тўғри, шариатимиз инсонларни зиёрат килишдан қайтармайди. Балки, уни динимизда белгиланган меъёрлардан чиқмаган ҳолда, амалга оширишни буюради. Пайғамбаримиз: “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, сизларга охиратни эслатиб туради”, деганлар. Азиз ўқувчиларимизнинг юқорида баён қилинган фикр-мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқариб, ўз ҳаёт йўлларида учрайдиган баъзи қийинчилик ва мушкулотлар, айрим ҳодисаларга ечим топишда инсонга фақат мустаҳкам ирода, сабр-қаноат, қолаверса, шукроналик туйғусигина нажот бўла олишини тушуниб олишларига имонимиз комил.
Меҳрибон ИСМОИЛОВА
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди