13 989
Келинининг фош бўлган сирини оила тинчлиги учун қайнонаси ўзи билан қабрга олиб кетишга тайёр!
Эрталаб супурганимга қарамай дарахтлардан тўкилиб тушаётган оқ, ним пушти гуллар ҳовлию кўчаларни нафис гилам мисоли эгаллабди. Ҳеч эринмай ҳовлини тозалаб чиқдим-да, кўча эшиги томон одимладим. Шу пайт хаёлимга эгнимдаги кийимларимни алмаштириш фикри келгани учун остонадан ортимга қайтдим. Шкафдаги кийимларнинг барчаси ҳам чиройли. Қизил, яшил, сариқ каби ёрқин кўйлаклар қалашиб ётар, онам бечора ўзиям тўйдан аввал бутун бозорни кўчириб келиб, кўйлак тиктиришга ундаганди. Бекорга эмас экан, мана, ҳозир ял-ял ёнишимдан ҳамманинг кўзи қувнайди. Кийимларим орасидан ним пушти ранглисини танладим. Пардозимни ҳам бир қур янгиладиму, кўчага шошилдим. Ширинтой болалар маҳалламизда қий-чув кўтарганча югуришар, мен ҳали танишга улгурмаган аёллар саломимга алик олиб, бурчак-бурчакда ўзаро пичирлашарди. Маҳалладаги энг обрўли, бадавлат хонадонга келин бўлиб тушганим учунми ёки эрим маҳалланинг олди йигитларидан бўлгани боисми, хуллас, фахрланардим.
Шу пайт ёнгинамда эримнинг машинаси тўхтади-ю, чўчиб тушдим. Иш қилаётгандай кўринсам ҳам, ўзимни подиумда юрган моделлардек ҳис этар, фахр ҳисси устунлик қилиб эримнинг машинасини ҳам пайқамагандим.
— Намунча?! — деди эрим қошларини чимириб, менга яқинлашаркан. — Бир кунда ўн маҳал кўчага чиқмасанг, эрталаб супургандинг-ку.
— Аввало, ассалому алайкум, — атрофдаги нотаниш аёлларга мақтангандек қувониб кулдим. — Бу ёғи янги келинчилик…
— Ҳадеб кулаверма, ҳамма бизга қараяпти! Уйга кир, тезроқ.
Эримнинг «бизга» деган сўзидан, аслида, «сенга» демоқчилигини англадим. Унинг билинар-билинмас рашки кайфиятимни икки баробар кўтарганди.
Ҳаммаси яхши-ю, фақат қайнонамни негадир жиним суймас, унинг гаплари энсамни қотирарди. Гарчи менга нисбатан ҳеч қандай ёмонлик қилмаса-да, бу аёлга ҳеч ҳушим бўлмади. Лекин турмуш ўртоғимга шунчалар меҳрим тушиши етти ухлаб тушимга кирмаган эди. Дарҳақиқат, онам айтгандай никоҳнинг юзи иссиқ экан. Лекин аҳён-аҳён юрагимни тушунарсиз қўрқув эгаллайди, ваҳимага тушаман. Айниқса, эримнинг баъзи гапларидан кейин.
— Анавиларни қара, — деди эрим кечки сайрдан қайтаётганимизда қаршимиздаги севишганларга ишора қилиб. — Кечаси қўл ушлашиб юришини кўрмайсанми?!
— Севги-да…
— Нима?! — деди эрим менга ҳам бояги нафратли кўзларини қадаб.
Индамай қўя қолдим. Лекин эрим бирдан менга қаттиқ тикилиб қолди-да, қатъий савол берди.
— Сенда бундай нарсалар бўлмаган, а?!
Титраб кетдим. Кўз олдимда гавдаланган хотираларим гўё эримга ҳам кўринаётгандай тилим айланмасди. Гарчи Комрон билан боғлар кезиб бояги севишганлардай юрмаган эсак-да, ҳар ҳолда, ёнимдаги бу инсон учун «Севганим бор эди», деган гапимнинг ўзи қанчалар фожиа.
— Шубҳа ёмон нарса, — дедим бироздан сўнг.
Тилимдан чиққан ягона жумла шу бўлди. Эрим менга кейин бу саволни бермади. Мен учун эса аллақачон суюкли инсонимга айланган эримни йўқотишдан катта мусибат йўқ. Унча-мунчага «Хўп» дейишни билмайдиган мендай жиблажибон қиз шу сўзни кунига юз марта айтиб, эрининг олдига тушиб кетяпти-я. Уйга киргач, дарвозани ёпиш олдидан зумга фикрим бўлинди. Тўғридаги қўшниларимиз уйида қандайдир жанжал чиққанми, бақир-чақир овози тобора баландлаб борарди.
Тонг саҳар. Ҳали ҳеч ким туришга улгурмаган. Ноз уйқумдан базўр кечиб, ўзимга оро бердим, ял-ял ёнган кийимларга такрор буркандим.
— Оббо, яна кўча супуришгами? — деди эрим ўрнидан чала ярим туриб.
Шу пайт «Чиқмасам, ойингизга сиз жавоб берасизми?» дегим келди-ю, онамнинг «Ҳамма гапни гап деб гапираверма, ҳатто эрингга ҳам», деган сўзлари ёдимга тушиб:
— Одамлар янги келин бор хонадон файзини ҳис этиши, қолаверса, озодалик ва барака юзасидан шундай қилиш шарт! — дедим.
Кайфиятим аъло, чаққон ҳаракат билан кўчага одимладим.
Оила қуришдан аввал ҳеч бир уй юмушини ёқтирмай, энди ҳар қандай вазифани оғринмай бажараётганим қизиқ эди. Ширин хаёлларга берилиб, кўча супураётгандим. Бирдан қаршимиздаги уй дарвозаси шарақлаб очилгани сабаб чўчиб тушдим. Олдин аёл кишининг ҳақоратли йиғи овози, кейин машинанинг ўт олгани эшитилди. Қўшниларни хижолатга қўймаслик учун ишимни тезлатдим ва уйга кириб кетдим. Эшикни ёпаётганимда эса ўша жанжалли уй олдидаги аллақандай эркак менга қараб турганини сездим. Қўшни уйнинг чироқлари ёқилмагани боис менга тикилиб қолган одамнинг юзини кўриш имконсиз эди.
Эрим қайнона ва қайнотам учун дам олиш масканига йўлланма олиб келганди. Шунинг учун улар тушликка яқин йўлга тушишга киришишди.
— Қизим, ҳеч уялмай ҳамма жойни ўз қўлингизга олаверинг, энди бу сизнинг ҳам уйингиз! — деди қайнонам хайрлашиш олдидан тез-тез гапираркан.
— Хўп, ойижон!
— Ҳадеб уйда ўтиравермай, бирор жойга бориб, ўйнаб келинглар. Ишни ҳам қилинг, дам олишни ҳам билинг!
Ташқаридан эримнинг «Ойи, дада, кетдик», деган овози эшитилди.
— Хўп, хавотир олманг!
— Ҳа, айтгандай, эрталаб қўшни аёлнинг келини кетиб қолибди, ярамас, — деди қайнонам кўча томон юраркан, қаршидаги хонадонга ишора қилиб, сўнг елкамдан қучди. — Шу бечора аёлдан ҳам хабар олиб туринг, ўзи саратон деган дардга йўлиққан. Бир ўғли чет элда уйланиб олган, эри қамоқда, яқинда уйлаган ўғлининг хотини ҳам нобоп чиқди…
— Тавба! — қайнонамнинг гапини шарт кесган қайнотамнинг овозидан мен ҳам чўчиб тушдим. — Индамасам, бутун ҳаётини гапириб берасан, а?! Қани, тезроқ хайрлашиб, ўтирсанг-чи машинага. Бўпти, келин, Худога омонат.
Кўп ҳам гапиравермайдиган қайнотам машинага ўтирди-ю, қайнонам ҳам «Раҳмим келади-да, бечорагина», деб минғирлаганча мен билан яна хайрлашди. Ҳойнаҳой суҳбатнинг давомини йўл бўйи ўғли ва эрига бошқатдан сўзлаб беради.
Ним табассум билан уйга кираётгандим ҳамки, ҳозиргина қайнонам айтиб турган қўшни хонадон эшиги очилди. Қорамағиздан келган, бироз тўлароқ, рангпар аёл ташқарига чиқди ва шу он мувозанатни йўқотиб деворга суянди. Азбаройи қўрқиб кетганим сабаб, турган еримдан жон ҳолатда «Эҳтиёт бўлинг!» дея бақириб, аёл томон югурдим.
Қўлларидан тутганимда, маъюс кўзлари менга қадалди ва юракни эзиб юборгувчи унсиз кўз ёшлари доғли юзи бўйлаб оқди. Сесканиб кетдим.
Аёл то ҳовлисига олиб киргунимга қадар оёқда базўр юрди. Унинг сўлғин юзи, чаккасидан оқаётган тер томчилари, ҳансираб тез-тез нафас олиши абгор аҳволидан дарак берар, бечора аёл ўзини ўнглолмасди.
— С-сув… — деди у оҳиста.
Бегона ҳовлида ҳеч нарса таниш бўлмагани сабаб нигоҳим ошхонани қидирди ва топди ҳам. Йигирма қадам наридаги ошхона томон югурдим. Шкафдан пиёла олаётганимда, ҳовлидан эркак кишининг «Она!» деган ҳайқириқли овози эшитилди. Қизиғи, бу овоз қулоғимга шунчалар таниш эдики! Лекин ҳозир аёлга сув олиб чиқиш кўпроқ муҳим ва ортиқча хаёллар ўринсиз. Идишдаги сувни тўкиб юбормаслик учун кўзимни қўлларимдан узмай, қўшни аёл ҳузурига ошиқдим. Аммо шу онда қаршимдаги йигит мен томон ўгирилди-ю, пиёла ва унинг ичидаги сув ер билан битта бўлди. Титраб кетдим! Иккимиз ҳам бир зумга қотиб қолгандик. Лекин мен сир бой бермасликка уриниб, тезда ҳушимни йиғдим. Қандай қилиб, билмайман, ошхонага қайта бориб, сув олиб келдим.
— Она, яхшимисиз?!
— Ҳа, ўғлим, анча яхшиман…
— Нега яна ўрнингиздан турдингиз, ахир ҳозирча юриш мумкин эмас, деб айтдим-ку!
— Ётавериб юрагим сиқилди, кейин кўчага мўралай дедим ва ногоҳ кўнглим беҳузур бўлди, — деди қўшни аёл. Сўнг менга ўша мунгли кўзларини қадади. — Бахтимга, шу қиз бор экан.
Мен жилмайганча бош эгдим. Ичимда эса туғён бош кўтарган, саволлар миямда ғужғон ўйнарди. «Демак, у шу ерда яшар экан-да, айнан менинг қаршимдаги хонадонда-я?! Эй, Худо, бу не кўргулик, не савдо? Энди уни ҳар куни кўраманми? Буни атай уюштирган деб ўйлаётган бўлса-я?!»
— Сиз кимнинг қизисиз? Маҳалламизга яқинда кўчиб келдингизми?
Гапиришга оғиз жуфтлаганимда, Комрон ўрнимга жавоб берди:
— Ойи, бу қўшнимизнинг келини!
Ҳар не бўлмасин, бу хонадонни ҳозироқ тарк этишим шарт эди.
— Шундайми? — деди аёл чуқур хўрсиниб, менга маъноли қараркан.
— Ойи! — деди Комрон. Унинг асабдан кўзлари тез-тез пирпираганини сездим. — Энди дам олишингиз керак.
Нозик ишорани дарҳол тушундим. Чиқиб кетарканман, ҳаяжоннинг зўридан оёқларим бир-бирига чувалашар, ортимдан уларнинг ҳар иккиси қараб қолишганини сезганим учун ҳам қаддимни ғоз тутгандим. Уйимга, ҳа ўша яқиндагина келин бўлган янги уйимга кирдим-у, йиғлаб юбордим. Тасодифий бу вазият ич-этимни кемириши табиий ҳол, аммо айнан қайси сабаб туфайли куйинаётганимга тушунолмасдим.
Шу дам эшикнинг қаттиқ тақиллаган овозидан хаёлим тарқади, ўрнимдан сапчиб турдим.
Орадан икки ҳафта ўтдики, кўчага чиқишга ҳамон юрагим бетламайди. Кўча супураётганимда Комрон кузатаётганини билганимдан бери остона ҳатлагим келмай қолганди.
— Сенга нима бўлди? Ҳатто кўча супуришга ҳам чиқмай қўйдинг.
Эримнинг гапида заррача шубҳа бўлмаса-да, юрагим така-пука уриб кетди. Хато иш устида қўлга тушган ёш боладай қизариб, томоғим қуриб, такрор ва такрор ютинардим.
— Мазам йўқроқ.
— Ие, икки ҳафтадан бери касалмидинг ҳали? — деди эрим ҳазилкашлик билан ва жавобимни кутмай мен томонга жиддий ўгирилди. — Қаршимизда турадиган қўшнилар билан танишиб олдингми?
Ёзнинг саратонида кимдир устимдан қайноқ сув ағдаргандай этим жунжикиб кетди. Бу саволнинг жавоби оиламни бузиб юборадиган кучга ўхшарди гўё.
— М-мен… Шунчаки… У аёлга ёрдам…
— Ҳа, қўшни аёлга, ҳақиқатан ҳам, ёрдам керак! Келинида заррача уят йўқ экан, ҳайронман, шундайларни ер қандай қилиб кўтариб турибди.
Гапнинг учи қўшни аёлга бориб тақалгани эшитиб, кўксимни босган оғир тош қулади, эркин нафас ола бошладим.
— Нима эмиш, ортиқ яшамас эмиш! — эрим гапини кучли ғазаб билан давом эттирарди. — Мана шунинг учун тўйдан аввал ўлдим, куйдим деб йиғлаб юрадиган қизларни кўришга кўзим йўқ. Ана, ҳозир ўша ошиғи билан топишиб олибди. Шарманда!
Эримнинг ҳар бир сўзидан алам, ижирғанишга ўхшаш заҳархандалик томар, асабдан қулоқлари қимирлаб кетарди. Мен эса ўзимдан ўтаётганини фақат ўзим билардим. «У менга ишора қиляптими? Ёки ҳаммасини билиб, энди бурчакка оляптимикин? Наҳотки гулдай турмушим барбод бўлди?!»
Шу он эримни шундоққина тепамда кўрдим.
— Хуллас, бечора аёлдан хабар олиб тур. Ўғлининг исми Комрон, онасининг ёнида кун бўйи ўтиролмайди, уларга ҳозир ёрдам керак.
Эримнинг қистови билан ўша уйга яна қадам босдим. Супада ухлаётган аёл ёнига базўр қадам ташларканман, ичимда «Комрон уйда бўлмасин-да», деган илтижо айланарди.
— Ойим ухлаяпти.
Қўлимдаги идиш тушиб кетишига сал қолди. Лабимни тишлаб ортимга ўгирилсам, Комрон қовоқларини уйганча менга қараб турибди.
— Мана буни еб олсинлар, — дедим-да, таомни нарироқдаги столга қўйиб, у ердан кетишга шайландим.
— Бахтсизлигимни кўриб, роса хурсанддирсан? «Менга уйланмай, хор бўлибсан», деган хаёлларинг бордир?!
Сукут сақлаб кетмоқчи эдим-у, унинг аччиқ гапига чидолмадим ва илкис ортга қарадим.
— Бирга бўлолмаганимиз яхшиликка экан, — дедим Комроннинг кўзларига тик боқиб. — Лекин сизга ёмонлик тиламаганман!
То ўша кундан буён уларнинг уйига қадам босмай қўйдим. Ўз-ўзимга энди ҳаммасини бошидан бошлашим кераклигию, ортиқ ёмон хаёлларга бормаслигим ҳақида қайта-қайта тушунтирдим.
«Оилам ҳеч қачон бузилмайди. Ўтмишдаги муносабатлар ўтмишда қолиб кетган»…
Қайнонам саёҳатдан қайтгач, таъбим яна бироз хира тортди. Ҳомиладор эканим сабабми, уни ҳар кўрганимда асабим яна-да кўпроқ бузилар, гаплашишни истамасдим. Сайр баҳонасида кўчага чиқиб, кўпроқ қолиб кетибман, уйга келсам қайнонам Комроннинг онаси билан дардлашиб ўтирибди
— Бу гапларни мен билдим, ҳеч ким билмасин. Келиним ҳомиладор, барчасидан хабардор эканимни эшитса, сиқилиб юради, — деди қайнонам қўшни аёлга юмшоқлик билан.
— Кўнглингиз хотиржам бўлсин, — деди қўшни аёл кўз ёшларини тўхтата олмай.
Ўша куни уларнинг суҳбатини эшитиб қолганимда юрагим зивирлаб кетди.
— Комрон ва келинимнинг ўртасидаги муносабат ёшликдаги ҳавасдан бошқа нарса эмаслиги аниқ. Аммо оила тинчлиги, муносабатларга дарз кетмаслиги учун бу сирни қабрга олиб кетишимиз керак.
Дафъатан қулоқларимга чалинган бу гапдан товонимнинг учигача музлаб кетдим. Лекин қандайдир кўнгил хотиржамлиги ва асосийси, қайнонамга, йўқ, онажонимга чуқур меҳрни ҳис этардим. Кўзимдан оққан қувонч ёшлари эса юзимни юварди.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин