16:58 / 20.09.2017
5 930

Қайнонанинг синови қачон тугайди?

Қайнонанинг синови қачон тугайди?
Таҳририятга бўлган қўнғироқнинг ҳар учтасидан биттасида келинлар ўзининг ҳуқуқий манфаатларини қандай тиклаш мумкинлигини сўраб мурожаат этишади: қонуний никоҳ, алимент, доимий рўйхатга қўйиш. Нега ўз ҳуқуқингизни вазиятларнинг аввалида ҳимоя қилмагансиз: тўйдан аввал ФҲДЁга бормагансиз, ажрашишдан аввал алимент бўйича келишмагансиз, доимий рўйхатга қўйилмагансиз, деб сўрасак, қайнонаси «Олдин синовимдан ўтинг», деганини айтишади. Бу қандай синов бўлдики, бир уйда яшаб туриб, қариндошликни тан ола туриб, наслни давом эттиришни шу келинга ишона туриб, лекин уни тан олмасликка сабаб бўлса? Бу сафар «Менинг оилам»да ана шу мавзу бўйича гаплашамиз.

«Қонуний никоҳим йўқ...»

Нигора, 25 ёш: — Турмуш ўртоғим 29 ёшда, битта боламиз бор. Иккинчи фарзандимга ҳомиладорман. Лекин ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Ўртада қонуний никоҳимиз йўқ. Никоҳни расмийлаштиришни на эрим, на қайнонам хоҳлайди. Турмуш ўртоғим эса яна туғишимни истамайди, «Менга бола керакмас, машина олишим керак», дейди. Қайнонам эса «Ўғлим ҳали ёш, яна ота бўлишга тайёрмас, бу болани олдириб ташланг, ЗАГСдан эса ҳозир ўтказмайман, олдин синовимдан ўтинг», деб оғзимга уради. Мен эса тирик жонни олдириб ташлашни истамайман, аммо яна туғсам, қонуний никоҳдан ўтмай ажрашиб кетсак, икки бола билан қаёққа бориб, нима қиламан?!

Мулоҳаза: Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 13-моддасида «...Алоҳида ҳолатлар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин...», деб ёзиб қўйилган. Демак, никоҳингизни бир кун ичида ҳам қонунийлаштириб олишингиз мумкин. Келин ва она сифатида қонунлардан муносиб жавобингизни оласиз, дейлик, ўртада фарзанд бўлгани учун ҳам ажрашган тақдирингизда унинг отасидан алимент талаб қилишингизга ҳеч нима дахл қилмайди. Бироқ.... уйингиздаги «синовчи»ларнинг дунёқарашини ўзгартира олмасангиз, ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган никоҳингиз сизга кўп муаммолар туғдириши ҳеч гап эмас. Маслаҳатни аввало сизга эмас, қайнонангиз ва эрингизга айтишни жоиз деб билдик.

Ҳурматли Бувижон! Сизга «қадрли қайнона» деб мурожаат қилмаганимиз боиси, сизни бувига айлантирган шу келинингиз олдида аллақачон инсонийлик бурчингиз ва масъулиятингиз борлигини эслатиб қўйишдир. Келинингиз кўнглингизга ўтирмаётган экан, нега ҳозир жавобини бериб юбормаяпсиз? Синовингизнинг тугаш муддати борми ўзи? Яна неча йил керак, 5 йилми, 10 йилми? Ўттизга кириб қўйган ўғлингизнини бола деб атаб, яна қанча юрмоқчисиз? Нимадан қўрқаяпсиз: келинингиз уйингизни елкасига ортиб қочиб кетадими ёки ўғлингизни сиздан тортиб оладими? Ўша «никоҳ гувоҳномаси» деб аталган бир парча қоғоз шу келинга нима учун муҳим, биласизми? Унинг нияти сиз билан қонун талашиб юриш эмас. У мана шу оилада муваққат эмас, бутунлай қолмоқчи! Сизлар уни қабул қилганингизга мутлоқ ишонмоқчи, холос! Бировнинг боласи ёлланма ишчимидики, куч-қуввати борида ишлатиб, туғдириб, сўнг истаган пайтда жўнатиб юборсангиз? Келин овқатингизни пишириб, кирингизни ювиб, иссиқ-совуғингиздан хабар олиб, ўғлингизнинг хизматини қилса ҳам, унга келинлик бахтини бермай бахиллик қилмаяпсизми? Поликлиникага чиқса, ё паспортидаги доимий рўйхат муҳрини сўрашади, ёки никоҳ гувоҳномасини кўрсатишини талаб қилишади. Туғруқхонага борса ҳам, боласини боғча ёки мактабга жойлаштирмоқчи бўлса ҳам худди шу аҳвол. Худди болани кўчадан орттириб келгандек, келин бечоранинг боши ҳамма ерда эгилган. Тўғри, юртимизда туғилган ва туғилажак ҳар бир бола давлат ҳимоясида. Вазият қандай бўлишидан қатъи назар инсонпарвар қонунлар ёрдамида болалар ҳуқуқлари тўлиқ ҳимояланади. Худди шу маънода, Сиз ва ўғлингизнинг бу иши, аниқроғи, чиқарган қарори сизларга ҳеч қандай қонуний устунлик бермаслигини биласизми? Яъни набираларингиз ҳаққи ўртада ЗАГС бўлмаса ҳам, сақланиб қолаверади. Ахир ўғлингиз, яъни ОТА боласига насаб берган, фарзандини тан олган, шундай эмасми? Ажратиб юборган тақдирингизда ҳам болаларга алимент тўлайди, улар ҳаётида моддий-маънавий жавобгарликни ҳис қилишга мажбур. Аччиқ гап бўлса ҳам айтамиз, бу ишингиз содда муғомбирнинг бефойда ишига ўхшайди. Қўйинг, келин сизга ёқмаса ҳам, болангиз битта турмушида тинчисин. Ёшингиз катта, тажрибангиз ҳамманикидан кўп, кўрган-кечирганларингиз ҳаққи-ҳурмати келинингиз билан яхши гумонда яшанг. Бировнинг боласини калака қилиш сизга ярашадими? Ўйлайсизки, бир ёмони кетиб, иккинчи яхшиси келади. Ҳеч унақа бўлмайди: яна уйлантириб, яна тўй қилиб, яна янги келин билан муроса қилиб, яна унинг бола туғишини кутиб яшашга сабрингиз етармикан?

Ҳурматли Ота! Сизга ҳам «қадрли ЭР» деб мурожаат қилмаётганимиз боисини тушунгандирсиз. Улов сотиб олиш учун иккинчи бола сизга халақит қилишини айта олган экансиз, демак, онангиз тўғри фаҳмлабди, ҳали маънан анча ёш экансиз. Боланинг ризқини Яратганнинг ўзи беришини, ўн йил йиғинсангиз ҳам, оилангизда бебарака ва файзсиз ишлар бўлаверса (бола олдириш, ажрашиш), орзуларингизга етмаслигингизни мулоҳаза қилмабсиз-да! «Жуда яхши-да, боламни олдираман, синовингиздан ўтмасам-ўтмабман, ота уйимга кетаман», деб хотинингиз кўч-кўронини йиғиштириб, отасиникига қайтиб кетганида уйингиздаги аҳволни кўринг. Ёки қонуний никоҳни расмийлаштирмай туриб, хотинни кўпайтиришни ният қилганмисиз? Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 126-моддасида: «Кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», деб ёзиб қўйилганидан хабарингиз борми? Диний жиҳатдан олиб қараганда ҳам қўш хотинлик шартларини бажара олиш жуда мураккаб иш: ҳам моддий, ҳам маънавий эътиборни таъминлай олишингизга кўзингиз етадими? Иккинчи болани боқа олишга қурбингиз етишидан шубҳа қилаяпсиз-у, хотинингизни синовдан ўтказишга бунча иштиёқмандсиз? Наҳотки, тўлақонли оила бўлиб яшашга қизиқмасангиз? Онангизнинг тазйиқи остида мана шундай ҳаракатсизлик йўлини танлаган бўлсангиз, мулоҳаза қилинг: оила сизники, бахтли бўлиш учун аввало сиз ҳаракат қилишингиз керак. Аслида, аввал бошдан ниятни тўғри қилиш керак эди. Ўйлаб кўринг, балки оилангиздаги жанжаллар мана шу никоҳ гувоҳномасини деб бўлаётгандир? Хотинингиз ЗАГСдан ўтмай, сиз билан оила қуришга, сизни ОТА қилишга рози бўлган экан, яна Она бўлишни истаётган экан, шу кичик бир илтимосини ерда қолдирманг. Тўғри, болани кўпайтирмаслик ёки қонуний никоҳ тузмаётганингизнинг ўзига яраша, сиз асосли деб ўйлайдиган сабаблари борлиги аниқ. Балки ажрашмоқчидирсиз?! Бироқ танингизга ўйлаб кўринг, ажрашгач, қулоғингиз, ҳаётингиз тинчийдими? Ҳаммасини ижобий ҳал қила олишингизга ишончингиз комил бўлса, оилага бефарқлик ва мужмаллик йўлидан воз кечинг-у муайян қарор қабул қилинг. Аминмизки, ЭРКАК сифатида қабул қилган қарорингиз ҳаммангиз учун фойдали бўлади.

Азиз қизлар, тўртта чиройли кўйлак ва ваъдаларга ишониб, турмушга чиқишдан аввал оилавий ҳаётингизнинг ҳуқуқий мақоми қандай бўлишини аниқлаб олинг. Никоҳни расмийлаштириш, келинлик фамилиясига ўтиш ёки ўтмаслик, ўз вақтида паспорт алмаштириш, доимий рўйхатга қўйиш каби масалаларга бефарқ бўлманг.

Ота-оналар, болангизни бегона уйга узата туриб, қудаларингиз билан келишиб олинг.

Дарвоқе, никоҳга киришувчилар! Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексини ўрганиб чиқсангиз, ҳуқуқ ва мажбуриятларингиз ҳақида анча аниқ тасаввур ҳосил қиласиз. Унда никоҳдан ўтишдан тортиб, никоҳ шартномаси тузиш, фарзанд олдидаги ҳуқуқ ва бурчларингиз билан танишасиз.

Мақолани ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев тавсиялари асосида Азиза Қурбонова тайёрлади.

Манба: «Суғдиёна» газетаси.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қайнонанинг синови қачон тугайди?