date

Тошкент иссиқлик марказида мазутдан бутунлай воз кечилди

Тошкент иссиқлик марказида мазутдан бутунлай воз кечилди

Тошкент иссиқлик электр марказида энди мазут ёқилғисидан бутунлай фойдаланилмайди. Ҳозирда электр ва иссиқлик энергияси фақат табиий газ асосида ишлайдиган замонавий ва юқори самарали қурилмалар ёрдамида ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса пойтахт аҳолиси ва саноат корхоналари учун экологик тоза энергия таъминлашни мақсад қилган.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2024 йилда марказда умумий қуввати 64 МВт бўлган янги газ-турбиналари ишга туширилди. Ушбу замонавий қурилмалар орқали йилига 515 миллион кВт⋅соат электр ва 630 Гкал иссиқлик энергияси пойтахт аҳолиси ва иқтисодиёт эҳтиёжлари учун барқарор равишда ишлаб чиқарилмоқда.

Экологик хавфсизлик масаласи ҳам марказ учун устувор аҳамиятга эга. Ҳудудда жойлаштирилган 3 та замонавий газ-турбинали қурилмага махсус экопостлар ўрнатилган бўлиб, атмосферага чиқарилаётган газлар доимий равишда мониторинг маркази томонидан кузатиб борилади ва таҳлил қилинади. Шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамда Туркиянинг “Iltekno” компанияси ҳамкорлигида Чилонзор, Олмазор ва Сергели туманларида когенерация марказлари ташкил этилган, уларда ҳам сўнгги замонавий технологиялар орқали экологик тоза энергия ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Келгусида Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод, Яшнобод ва Янгихаёт туманларида ҳам худди шундай қурилмаларни барпо этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, марказ шаҳар экологиясини яхшилашга муносиб ҳисса қўшмоқда: фақат 2025 йилда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 5 минг туп манзарали ва соғлом дарахт экилди.

Бу ишлар нафақат энергия тизимини замонавийлаштиришга хизмат қилмоқда, балки пойтахтнинг ҳаво сифати ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкент иссиқлик марказида мазутдан бутунлай воз кечилди