Ўзини Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Марказий банк ходими сифатида таништирган шахслар фуқарони 170 минг АҚШ долларига алдагани маълум бўлди. Бу фирибгарлик оқибатида жабрланувчи фуқаро автомашинаси ва уйини сотиб, қарзга кирган, жамғармаларини йўқотган.
Маълумотларга кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига мурожаат қилган фуқаро М.П. ўзининг соддалиги ва эҳтиётсизлиги оқибатида катта миқдордаги маблағдан маҳрум бўлганини билдирган. Мурожаатда у 2024 йил декабрь ойида шахслар ўзини Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходими деб таништириб, уни криптовалюта орқали 170 000 АҚШ долларини ўтказиб юборишга мажбур қилганини маълум қилган.
Бу мақсадда фуқаро М.П. ўзининг шахсий мулки – автомашинаси ва уйини сотишга мажбур бўлган, шунингдек, жамғармаларини йўқотган ва қарзга кирган. Ҳодиса юзасидан у 2024 йил декабрида Киберхавфсизлик марказига расмий мурожаат қилган ва жиноий иш қўзғатилган ҳамда жабрланувчи сифатида расман тан олинган.
Омбудсман шикоятда кўрсатилган ҳолатларни аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилган. Ҳамкорликда ўрганиш натижасида Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан “Криптодўкон” орқали фуқаро М.П. фойдасига 115 минг АҚШ доллари (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундириб берилган.
“Омбудсманга фирибгарлик билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушади, аммо уларнинг катта қисмида маблағларни қайтариш имкони бўлмайди. Бу эса бундай ҳолатларга алданмаслик ва олдиндан огоҳ бўлишни тақозо этади”, дейилади хабарда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!