Орадан ярим соатлар ўтиб, Нилуфар йиғлай-йиғлай ухлаб қолди. Халил бойвачча ҳам косадаги овқатни яримлатмай, маст бўлиб, ўтирган жойида мудраб-мудраб уйқуга кетди. Лазокат эса бир хўмрайиб, бир кулиб, тўрт дугона бир бўлишиб кафеда роса ўйнаганларини, кейин Маъмураникига бориб, озгинадан коньяк ичишганини, бошлари айланиб эр-хотин ўйнаганларини айтиб берди. Унинг баҳонасига онаси тугул, ўзи ҳам ишонмасди. Аммо Мўътабархон унинг қиз эмаслигини тан олмаганидан хурсанд бўлди, ҳатто энди эри билан Нилуфарнинг бўлмағур ўйларга боргани учун адабини бериб қўйишини ҳам кўнглига тугди.
Нилуфар соат тўққизлардан ошганда уйғонди. Шоша-пиша ювиниб, чой ҳам ичмай уйдан чиқди. Қизига “заҳарли нина”сини яхшилаб санчиб олишга шайланган Мўътабархон лабини тишлаб қолди. Чунки қизининг важоҳати бошқача эди.
Шом маҳали кўзини очган Халил бойвачча кимдир ўзини ечинтириб тўшакка ётқизганини билди-ю, бир муддат қаерда, нега ичганини эслолмай ётди. Бироздан кейин ҳарир ичкўйлакда кенжа қизининг чўзилиб ётгани, ундан анқиган ароқ ҳиди ёдига тушиб асаби ўйнади. Ўрнидан сакраб туриб югуриб борди-да, эшикни қарсиллатиб тепиб очди. Пастки қаватда бир ўзи чой ичиб ўтирган Мўътабархон чўчиб тушди. Эрининг уйғонганини сезиб, юраги ҳаприқди. Кўзини бир юмиб очиб, жанжалга ҳозирланди.
— Қалай, хоним?! — деди Халил бойвачча ошхонага кириб келаркан, киноя билан. — Ўтирибсизми кайфингизни суриб!
— Дадаси, — деди Мўътабархон киприкларини пирпиратиб. — Ҳалиги, ош дамловдим, сизни уйғотишга ҳаддим сиғмади.
— Шунақа дегин! Ҳали ош қилиб қўйибсанми? Оббо сен-эй, тўйнинг тайёргарлигини бошлаб юборибсан-да.
Хотин “ғинг” демади, тилини ичига тортиб, бошини хам қилди.
— Қани анави оқпадар?!
— Адаси, ҳалиги…
— Қани дедим!
— Тепада, хонасида!
— Чақир!
— Аввал…
— Чақир!!!
Мўътабарнинг мижжалари ёшга тўлди, у оғир-оғир қадам босиб ошхонадан чиқа бошлади. Халил бойваччанинг жиғибийрони чиқди:
— Имиллама!!! — бўкириб юборди у.
Хотини сапчиб тушиб, қадамини тезлатди.
Халил бойвачча ўйга толди, мияси зўриқиб, бу шармандаликдан қутулиш чорасини қидирарди. Бир маҳал “лоп” этиб хаёлига Бердимурод тушди: Лазокатни шунга узатса-чи? Шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади. Бу ўйдан бойваччанинг кўнгли ёришди, ичида бир энтикди. Қизига нафрати ҳам бироз сусайди. Шу тобда Бердимуродга буюрган юмуши эсига келиб қолди. Икки кундан бери натижадан бехабарлигига аввал ажабланди, кейин жаҳли чиқди. Шу пайт эшикдан Мўътабархон, унинг кетидан Лазокат кўринди. Халил бойвачча қовоғини уйиб оромкурсига чўкди. Эрининг кайфиятида ўзгариш сезган Мўътабархон ичида: “Худога шукур-эй”, дея енгил тортди.
— Қани, эрка қиз, — масхаромуз жилмайди бойвачча, — яхши юрибсизми?
— Раҳмат… — бошини эгди Лазокат.
— Кўринмайсиз?
— …
— Сендан сўраяпман, ит! — тўсатдан ўкириб юборди бойвачча. — Қайси гўрларда санқиб юргандинг?!
— Ада… Адажон… — ўзини аранг тутиб турган Лазокат йиғлаб юборди. — Мани кечиринг…
— “Кечиринг”?! Ҳали мен кечиришим керак бўлган иш ҳам қилганмисан? Мен эшитмаган эканман. Гапир! Қулоғим сенда. Қани, қандай айб иш қилибсан?
— Дадаси, — бидиллаб гапга аралашди Мўътабархон, — дугоналари билан кафеда ўтиришган экан. Тўғриликча ўтиришибди, мен ҳаммасини суриштириб билдим дугоналаридан. Чимкентга юбормаганингизга қизингиз хафа бўлиб…
— …маишат қилган, шунақами?! — хотинининг гапини илиб кетди бойвачча. — Ўғил “дугоналар” билан-а!
— Адажониси, унақа хаёлга борманг, ҳаммаси қиз болалар экан.
— Сенинг ўзинг ким-у, суриштирганинг нима бўларди! — хотинига жавобан Халил бойвачча аччиқ киноя қилди.
— Адажон…
— Қизим, — деди бойвачча сўлиш олиб, — мени тириклайин гўрга тиқмоқчи бўлсанг, шу ишингни яна такрорлайверасан. Энди хонангга чиқ.
Лазокат бошини эгганча ортга тисарилиб, ичидан севинганча ошхонани тарк этди. У бир ойча бурун ўзини илк марта эркак ихтиёрига топшириб қўйган эди. Ўша пайт даҳшатга тушган, бировга билдирмай роса йиғлаб-сиқтаганди. Қилмишидан ҳеч ким хабар топмаганини билгач, аламлари ёдидан кўтарилиб кетди. Сўнг Ашур банкирнинг ўғлига яна бир неча марта хуфиёна назокат ҳадя қилди…
— Хоним! — хотинига тик қараб гап бошлади Халил бойвачча. — Қани, менинг ёнимга ўтиринг-чи!
Мўътабархон бўри ҳуркитган қўйдай олазарак бўлиб, қулоғини динг қилганча, эрининг ёнидаги оромкурсига омонатгина чўкди.
— Энди, хотин, мен ёш бола ёки гўлмасман, ернинг тагида илон қимирласа биламан. Сен минг марта уринганинг билан фойдаси йўқ. Хуллас, бир нима демасанг ҳам ҳаммасидан хабарим бор… Лекин бунинг эртароқ олдини олишимиз керак.
Мўътабархон эрига савол назари билан термилди.
— Йўлики, — давом этди бойвачча, — қизингни эрга беришимиз керак. Шу ҳафтадан қолдирмасдан.
— Кимга? — ютиниб олди Мўътабархон.
— Менинг бир яхши ёрдамчим бор. Ўзи қишлоқдан-у, лекин уддабурон бола. Биринчидан, қизингни хор қилиб қўймайди. Иккинчидан, Лазокатни кўча-кўйда санқитиб қўймайди.
— Бердимуродми?
— Умрингда бир марта калланг ишлади-я, қойилман.
— Сиз отасиз, — деди Мўътабархон бироз ўйланиб туриб, — нима десангиз — шу.
— Ҳа-а, мен нима десам, мана шу уйда ҳамма нарса бўлади, шундайми?
Хотини бошини силкиб бойваччани маъқуллади. Бундан эрнинг ҳам кулгиси келди, ҳам ғазаби қўзиди. У ўзини босолмай қолди. Беихтиёр Мўътабархоннинг юзига бор кучи билан шапалоқ тортиб юборди. “Қарс” этган овоз ошхонада акс-садо берди. Бақиришгаям улгурмаган хотини қўллари билан юзини бекитди.
— Итдан тарқаган! — ғазабдан бойваччанинг кўзлари чақнаб кетди. — Ҳаммасига сен — молнинг қариндоши айбдорсан. Энди мен шу бир лайча, Бердимуроднинг олдидаям бошимни кўтаролмайман.
Мўътабархон “пиқ-пиқ” йиғлашга тушди, бу эса ёнган оловга ёғ сепгандай гап эди.
— Ҳали сен кўзингдан сийдигингни оқизаяпсанми?! — ўрнидан сапчиб турган бойвачча хотинининг сочидан тортиб ерга ағанатди-да, тепкилашга тушди. Мўътабархон ҳар зарба текканида “Вой ўлди-и-им!” деб бақирар эди. Унинг жонига шу пайт кириб келган Нилуфар оро кирди. У югуриб келиб отасини қучоқлаб четга тортди.
— Ада! — қичқирди Нилуфар жон ҳолатда. — Нима қилаяпсиз?!
— Қоч! — кўзи қонга тўлган бойвачча ўкирди. — Ҳозир ўлдираман!
— Ундан кўра мени уринг, адажон!
Нилуфарнинг қичқириғи отасини инсофга келтирди. У қизини силтаб ташлаб, ташқарига йўл олди. Худди шу пайт хизматкори ичкарига киришни ҳам, кирмасликни ҳам билмай ташқарида турарди. Унинг бу қилиғи бошига бало бўлди: “Сен қайси гўрда юрибсан?!” дея бойвачча уни тепкилашга тушиб кетди. Аммо нафаси бўғзига тиқилиб, зинага ўтириб қолди. Хотини, қизи, хизматкори — ҳаммасини бўралаб сўкди. Хизматкори бойваччанинг бу қилиқларига ўрганиб қолгани боис, тепки ҳам, сўкишлар ҳам унга зиғирча таъсир қилмади.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда...