Украина сулҳга яқин: Трамп вакили икки асосий тўсиқни айтди!

Украинадаги урушни тўхтатиш борасидаги келишувни имзолаш “ҳақиқатан ҳам жуда яқин” эканлиги эълон қилинди. АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлогнинг сўзларига кўра, сулҳ тақдири иккита асосий масала — Донбасс минтақасининг келажаги ва Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) атрофидаги муаммоларни ҳал этишга боғлиқ.
Музокараларнинг "Финиш чизиғи"
6 декабрь, шанба куни Калифорнияда Роналд Рейган президентлик фонди томонидан ташкил этилган форумда нутқ сўзлаган Келлог: “Агар шу икки муаммони тартибга сола олсак, қолган барча масалалар осонликча ҳал бўлади, деб ўйлайман. Биз деярли мақсадга етдик… Ҳақиқатан ҳам жуда яқин турибмиз”, — дея таъкидлади.
Унинг айтишича, музокаралар жараёни “марафоннинг сўнгги 10 метри” босқичида турибди. Бу эса, одатда, энг мураккаб ва қийин босқич ҳисобланади. Келлогнинг аниқлашича, тўлиқ кўламли уруш бошланганидан бери Россия ва Украина томонида ҳалок бўлган ва яраланганларнинг умумий сони 2 миллион нафардан ошган.
Reuters агентлиги хабарига кўра, Россия айни пайтда Украина ҳудудининг 19,2 фоизини назорат қилмоқда.
ЗАЭС ва Кушнернинг роли
ЗАЭС атрофидаги масалани ҳал этиш бўйича АҚШнинг дастлабки таклифлари мавжуд:
Станцияда иш қайта тикланади.
ЗАЭС Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) назорати остига ўтади.
Ишлаб чиқариладиган электр энергияси Россия ва Украина ўртасида тақсимланади.
АҚШ президентининг махсус элчиси Стивен Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер музокараларни олиб боришда асосий фигуралар сифатида тилга олинмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский 6 декабрь куни Кушнер билан узоқ ва “мазмунли” телефон суҳбати ўтказганини маълум қилди. Кремлда эса айнан Кушнер келишувни тайёрлаш бўйича асосий ишни олиб бориши мумкинлиги айтилди.
Европа етакчиларининг учрашуви
АҚШ раҳбарлигида олиб борилаётган бу музокаралар жараёни Европа давлатларининг ҳам диққат марказида.
Франция президенти Эммануэл Макрон 8 декабрь куни Лондонда Украина раҳбари Володимир Зеленский, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мерц билан музокаралар ўтказади. Ушбу учрашувнинг асосий мақсади — АҚШ раҳбарлигида эришилган илгарилашларни “танқидий баҳолаш”дан иборат.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!