
Неапол футболи яна бир бор ўз нуфузини исботлади. «Наполи» 2025 йил А Серия доирасидаги барча уй учрашувларини мағлубиятсиз якунлади ва шу билан клуб тарихидаги энг муваффақиятли йиллардан бирига имзо чекди. Антонио Конте бошчилигидаги жамоа ўз майдонидаги ҳар бир баҳсда қаттиқ ёнди ва рақибларига деярли имконият қолдирмади.
7 декабрь куни кечаси бўлиб ўтган марказий тўқнашувда «Ювентус» устидан 2:1 ҳисобида қозонилган муваффақият йилнинг сўнгги уй ўйинидаги ишончли нуқта бўлди. Шу тариқа, «Наполи» 2025 йил давомида чемпионат доирасидаги 17та уй учрашувида 13та ғалаба ва 4та дуранг қайд этиб, мағлубиятсиз серияни сақлаб қолди.
Қизиғи шундаки, бу каби натижани сўнгги бор клуб 1987 йилда қайд этган — ўшанда жамоа 11та уйдаги ғалаба ва 3та дуранг билан мавсумни ёрқин якунлаган эди. Ортиқча гапсиз, Неапол жамоаси яна ўша даврдаги барқарорлик ва характерни намойиш этмоқда.
Конте қўл остида жамоа нафақат ҳисобда, балки ўйин услубида ҳам жиддий ривожланишга эришди. Рақиблар учун «Диего Марадона» стадиони яна қайтадан қўрқинчли масканга айланди — бу жойда фаворит ҳам, аутсайдер ҳам бирдек қийналиб ўйнаяпти.
Маълумот ўрнида, «Наполи» А Сериядаги навбатдаги уй учрашувини 7 январ куни «Верона»га қарши ўтказади. 14 турдан кейин жамоа мусобақа жадвалида пешқадамликни қўлга киритган ва чемпионлик пoйгасида бир қадар ишончли қадам ташлаб бормоқда.
Неапол мухлислари учун бу йил хотираларда узоқ сақланадиган тарихий давр бўлди — ва энг қизиғи, ҳали энг муҳим онлар олдинда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.