date

Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тартиб...

Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тартиб...

Ўзбекистонда қурилиш учун ажратилган ерларнинг мақсадли ва қонуний фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, фуқаролар томонидан барпо этилган уйлар ва иншоотларни ягона тартибга солиш мақсадида янги механизм жорий этилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида, ўзбошимчалик билан қурилган объектларни ҳам қонуний ҳисобга олиш ва расмийлаштиришнинг аниқ қоидалари белгиланган.

Ҳужжат “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилган.

Янги тартибга кўра, ишчи гуруҳлар томонидан барча турдаги кўчмас мулклар босқичма-босқич хатловдан ўтказилади. Бу жараёнда ер эгалари томонидан ариза топшириш талаб этилмайди — текширувлар тўлиқ давлат ташаббуси билан амалга оширилади. Аниқланган қурилишлар, хусусан, ажратилган ерда ўзбошимчалик билан тикланган уй ва иншоотлар ҳақидаги маълумотлар махсус “Эътироф” ахборот тизимига киритилади.

Шунингдек, Кадастр агентлиги томонидан қурилишига рухсат берилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Агар хатлов жараёнида қонуний бўлмаган қурилишлар аниқланса, фуқароларга уйларни қай тартибда расмийлаштириш мумкинлиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилади.

Энг муҳим нуқталардан бири — хатловдан кейин уч ой давомида расмийлаштирилмаган уй ва иншоотлар бўйича маълумотлар тегишли идораларга юборилади. Жумладан, Кадастр агентлиги маълумотларни Солиқ қўмитасига тақдим этади, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эса назорат инспекциясига хабар беради. Бу эса тизимли назоратни кучайтириш, ерлар ва уй-жойлар билан боғлиқ тартибсизликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Янги механизм, аввало, фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг мулк ҳуқуқини кафолатлаш ва энг муҳими, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли. Эндиликда ҳар бир бино, ҳар бир иншоот аниқ рўйхат асосида ҳисобга олинади ва келгусида баҳсли ҳолатлар эҳтимоли кескин камаяди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбошимчалик билан қурилган уйларни расмийлаштириш бўйича янги тартиб...