20:18 / 12.12.2017
6 828

Янги иш жойига мослашишга доир тавсиялар

Янги иш жойига мослашишга доир тавсиялар
Кўпчилик янги ишга ўтганда ишни нимадан бошлашни, ўзини қандай тутишни билмай қолади. МДҲнинг энг муваффақиятли фаолият олиб борувчи HR-директорларидан бири Михаил Притула (12 йилдан буён шу соҳада фаолият юритади, ундан аввал «Wargaming», «СТБ», «Альфа-Банк»да ишлаган) "Лайфхакер"да шу мавзуга доир тавсиялари билан бўлишди, деб ёзмоқда Кун.уз нашри.

Ходимлар адаптацияси ёки Ғарб тили билан айтганда, onboarding мавзусига кўп тадқиқотлар, мақолалар, тавсиялар ва ҳатто китоблар ҳам бағишланган. Китоб номлари, статистика, ҳавола ва бошқалар билан бошингизни қотирмай, дарҳол мақсадга ўтаман ва HR соҳасидаги 12 йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб, бир неча тавсияларим билан бўлишаман.

Янги ишга мослашиш ўз-ўзидан рўй бермайди

Инсон қанча ўз ишининг устаси бўлмасин, янги ишга ўрганиши осон кечмайди. Кўпчилик зўр профессионални ишга олсам, нима қилиш ва қандай молашиш борасида муаммолар бўлмайди, деб ўйлайди. Бу профессионаллик белгиси ҳисобланади. Мослаша олмадими - демак, профи эмас. Кейингиси!

Аслида янги ишга мослашиш анчагача чўзилади ва янги ходим 3-6 ойдан кейингина жамоага тўлиқ мослашади. Сифатли адаптация билан бу муддат икки баробарга қисқаради.

Биринчи кун осон бўлмайди

Шундай қилиб, адаптация — жуда фойдали жараён эканини тушундингиз. Нима қилиш керак, қаёққа югуриш керак? Тезда ходимларингизни жамоага мослаштириш билан шуғулланувчи HR-менежерни ишга ёллаш керак. Энг аввало эса, тинчланиб олиш керак. Адаптация муваффақияти 90 фоиз биринчи ишчи кунга боғлиқ ва буни раҳбарнинг ўзи сифатли уддалаши мумкин. Бироқ бунга бироз тайёргарлик керак бўлади.

Ҳужжатлар

Бу вақтга келиб ҳужжатлар имзоланганига ишонч ҳосил қилинг (ходимлар компания томонидан ҳужжатларнинг имзоланиши чўзилишини ёқтиришмайди). Имкони бўлса, буни олдиндан тайёр қилиб қўйиш керак.

Масалан, «СТБ»да биз тайёр анкетани номзодга йўллардик, у анкетадаги саволларга жавоб ёзиб, бизга жўнатарди. «1С»да барча шартномаларимиз жойланар эди, биз номзод анкетасини ўша ерга юклаб, 5 дақиқада барча ҳужжатларни чоп этардик. Шунда кадрлар бўйича ходим номзоднинг анкета тўлдиришини кутиб ўтиришига ҳожат қолмасди.

Preply'да эса барча шартномаларни DocuSign'да имзолаймиз, бизда ҳатто кадрлар бўлимига бориш деган тушунчанинг ўзи ҳам йўқ. Номзод паспорт скринини йўллайди, биз уни шартномага киритамиз, DocuSign'га юклаймиз ва имзолаш учун бош директор ҳамда ходимга жўнатамиз. Имзо - рақамли, уни ҳатто телефон ёрдамида ҳам қўйиш мумкин.

Иш жойи ва зарур имкониятлар

Барча жиҳатлар ҳисобга олиниши керак: почта, Slack ва бошқалар. Бу шартнома имзоланиши билан қилиниши керак бўлган ишлар.

Компьютер, стол ва стул эгаси келгунча тайёр ёки тайёр эмаслигини текширинг. Фирма логоси туширилган ручка ва блокнот, футболка, компания нишони кабилар ҳам эсдан чиқмасин.

Офис ва ходимлар билан танишув

Барча ходимлар жамоага янги ходим келаётганидан хабардор бўлиши керак. Агар компанияда 100 нафардан кам киши ишласа, Slack'ка бизга ким келиб қўшилгани ҳақида ёзамиз, LinkedIn'даги (ёки Facebook) профилга ҳавола ташлаймиз. Компания ходимларининг сони 100дан ортиқ бўлса ҳам, худди шу ишни қиламиз, фақат департамент доирасида.

Биринчи куни офис бўйлаб экскурсия уюштиринг: "бу ерда ошхона, бу ерда ҳожатхона, бу ер музокаралар хонаси, мана бу ерда дам оламиз, бу ерда бухгалтерия ва ҳ.к".

Янги ходимни унинг ёнида ўтирганлар билан таништиринг: "Ҳамкасблар, бир дақиқа вақтингизни ажратишингизни сўрайман. Жамоамизга янги ходим (...) қўшилди, қўлдан келганча ёрдам берасиз деган умиддаман".

Ўзингизни қандай тутишингиз керак?

Раҳбар

Табриклайман, сиз янги ходимни мослаштириш шарафига эга бўлдингиз. Буни сиз учун биров бажармайди, лекин ёрдам беришлари мумкин. Сиздан нима талаб қилинади?

1. Янги ходимни эрталаб ўзингиз қарши олинг. Буни дарҳол тақвимда белгилаб қўйинг ёки HR-менежердан янги ходимнинг ишга чиққан кунини белгилаб қўйишни сўранг;

2. Уни офис бўйлаб айлантиринг. Ишчи ўрнини кўрсатинг, ходимнинг керакли тармоқлардан рўйхатдан ўтганини текширинг;

3. Янги ходим билан суҳбатлашишга бир соат вақт ажратинг. Компаниянгиз, унинг бўлимлари, асосий (умумий ва персонал) вазифалар ҳақида суҳбатлашинг. Ходимга биринчи ҳафта нималарни ўрганиш кераклиги, илк уч ойда ундан нималар кутилишини айтинг;
  • "Сизга керакли ҳужжатлар мана бу ерда. Мана бу кишилар билан фалон мавзуда гаплашиб олишингизни истардим. Мен билан мана бундай шаклда мулоқот қилган яхши, учрашувларни мана бундай белгилаш, фалон масалалар бўйича мурожаат қилган маъқул. Келаси сафар фалон жойда учрашамиз".

4. Табассум қилинг. Бу жуда муҳим. Бундай қилгингиз келмаса ҳам, жилмайишга ҳаракат қилинг. Ходимлар компанияга ўзлари келишади, кетиш эса раҳбар ихтиёрида;

5. Муайян вазифалар қўйинг ва уларни қайд қилиб боринг, ҳеч бўлмаганда почта орқали хат кўринишида йўлланг;

6. Барча зарур ҳужжатлар ва имкониятларни тақдим этинг;

7. Жамоадан тажрибали ва хушмуомала инсонни танлаб, уни янги ходимга мураббий этиб тайинланг. Бу шундай инсон бўлсинки, янги ходим барча масалаларда унга мурожаат қила олсин.

Янги ходим

1. Сизга қандай маълумот етишмаяпти ва уни қаердан олишингиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Саволларни дадил бераверинг;

2. Биринчи ҳафта, ой, уч ойда ўз вазифаларингизни тушуниб олинг. Агар раҳбар булар ҳақида айтмаган бўлса, ўзингиз сўраб билинг;

3. Танишган одамларингизнинг исми шарифларини ёзиб олинг. Умуман олганда, бошида ҳамма нарсани ёзиб боришни тавсия қиламан: маълумотлар ҳажми катта, шу боис унутиб қўйишингиз ҳеч гап эмас;

4. Ҳар бир танишган одамингиз билан мулоқотда ўзингиз ҳақингизда жуда қисқа маълумот беринг, масалан:

"Менинг исмим - Миша. 12 йилдан бери шу соҳадаман. Бундан аввал «Wargaming», «СТБ», «Альфа-Банк»да ишлаганман. Laba'да HR бўйича энг муваффақиятли онлайн-курсларни ўтганман, 1 миллион марта ўқилган резюмелар учун лайфхаклар ҳақидаги мақола муаллифиман".

Стартап-муҳитда бу «питчинг» ёки «elevator speech» деб аталади. Олдиндан тайёрланинг. Ўзингиз ҳақингизда айтиб бермагунингизга қадар янги ходимлар учун ҳеч кимсиз. Биринчи кунданоқ яхши таассурот қолдириш имконини қўлдан бой берманг.

5. Агар лавозим компанияда ўзгаришлар жорий қилишни кўзда тутса, уларни илк 60 кунда амалга оширган маъқул, кейин қийин бўлади. Айниқса, у қадар таниқли бўлмаган ёки қийин қарорлар (ишга ёллаш, ходимларни истеъфога чиқариш, бошқа лавозимга ўтказиш, янги дастурий таъминотга ўтиш, ҳисоботнинг янги шакли, жараёнлар кетма-кетлигини қайта кўриб чиқиш, янги соҳага сармоя киритиш) қабул қилиш керак бўласа.

6. Кичик ғалабаларни режалаштиринг, улар сизга бўлган ишончни шакллантиришга ёрдам беради. Масалан, илк 60 кунда ҳал қилишингиз мумкин бўлган вазифаларни танлаб олинг-да, асосий эътиборни уларга қаратинг. 60 кундан ортиқ вақт талаб қиладиган вазифаларни кейинга қолдиринг. Жуда катта ҳажмдаги ишни бажариш керак бўлса, уни қисмларга бўлиб, босқичма-босқич ишлаб чиқиш керак бўлади;

7. Ўзингиз бирга ишлайдиганларнинг барчаси билан 30 дақиқали учрашувларга келишиб олинг. Саволларни олдиндан ёзиб олиб, жавобларни ёзиб боринг;

8. Қандай қилса, яхши ёки ёмон бўлади, нимани ўзгартириш керак - сўранг. Кўп маълумотга эга бўласиз ва ишончли муносабатлар ўрнатасиз;

9. Агар раҳбар ёки эксперт бўлсангиз, аудит ўтказинг ва натижаларни тақдимот қилинг;

10. Раҳбар билан мунтазам равишда бирга бир учрашишга келишиб олинг, шунда амалга оширилаётган ишлар натижалари ҳақида маълумот бериш имкони пайдо бўлади;

11. Ҳамкасбларингизга табассум қилинг. Ҳеч ким қовоғи уйилган ходим билан ишлагиси келмайди.

HR-менежер

Бу ҳақида бутун бир китоб ёзиш мумкин бўлса-да, энг муҳим тавсиялар:
  1. Янги ходимлар кунини ташкил қилинг: уларни эски ходимлар олдида тўплаб, ўзи ҳақида қисқача (5 дақиқа) сўзлаб беришни илтимос қилинг. Preply'да шундай қиламиз ва бу жуда яхши натижа беради;
  2. Янги ходимлар билан мунтазам мулоқот қилинг. HR-бизнес-ҳамкорингиз бўлмаса, рекрутерларингиз ҳафтада бир марта янги ходимлар билан суҳбатлашишсин.

Ҳамкасб

Албатта, ҳамкасб сифатида янги ходимлар адаптацияси бўйича ҳеч қандай мажбуриятларингиз бўлмайди, бироқ бундан муайян фойда олишингиз мумкин. Одамлар қийин дамларда уларга ёрдам берган кишиларни яхши эслаб қолишади, шундай экан, янги ходим билан яхши муносабат ўрнатиш ва кейинчалик унинг ёрдамига умид қилиш имконингиз бор.
  1. Биринчи бўлиб танишинг. Унинг ёнига бориб, шундай денг: "Салом, менинг исмим Миша, мен бу ерда HR-менежер бўлиб ишлайман. Янги ходимга ўхшайсиз, келинг танишиб олайлик";
  2. Ҳар қандай масалада сизга мурожаат қилиши мумкинлигини айтинг;
  3. Ўзингиз муҳим ва керакли деб билган нарсаларни айтинг;
  4. Тушликка таклиф қилинг;
  5. Янги ходимдан аввалги тажрибаси, келгусидаги режалар ва мақсадлари ҳақида сўранг. Уларга эришишда фойда бериши мумкин бўлган маълумотлар билан бўлишинг.

Хулоса

Аксарият компанияларда адаптацияга ё умуман эътибор берилмайди, ёки жуда ёмон амалга оширилади. Натижада ҳам бизнес, ҳам ходим жабрланади. Сабаб — икки томондан жараённи тушунмаслик. Юқорида қайд этилган оддий маслаҳатлар компанияга мослашиш жараёнини сезиларли даражада яхшилашга ёрдам беради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Янги иш жойига мослашишга доир тавсиялар