17:53 / 29.06.2018
4 937

Кўнгил таянчидан айрилган амалдор

Кўнгил таянчидан айрилган амалдор
— Ҳа, саҳармардондан қаёққа отланяпсиз? Энди кўчаларда пиёда юргани хижолат бўлмайсизми? Кечагина Мардон Қосимович бўлиб остонасигача машина олиб келиб, яна остонасидан машина олиб кетган одам оёғида юрса, аянчли кўринса керак. Раҳми келганнинг ҳам, келмаганнинг ҳам тилидан «Бечора, шу кунга тушибди-да», деган гапни эшитгингиз келяптими?

Кечагина эрига гапирадиган бўлса, гоҳ «Улуғим», гоҳ «Ҳазрат», дея тилидан бол томиб мурожаат қиладиган хотинининг ёш болага гапиргандек жеркиши дилига қаттиқ ботган бўлса-да, Мардон Қосимович Назокатни қа­йирмади. Ахир Мардон Қосимович ҳозир биттани гапирса, Назокат иккитани ёпиштирадиган бўлган. Келин-куёвлар олдида сочи оқарганда хотини билан «сан-ман»га бориб, обрўсини туширгиси келмади.

— Қишлоғимга бориб, бир айланиб келмоқчиман. Раҳматли ота-онам тушимга кирибди. Дадам «Қабримнинг бир чети ўпирилиб кетди, шамол киряпти», дермиш. Қабрини зиёрат қилай, чиндан ҳам қаровга муҳтож бўлса…

Мардон Қосимович ёнига югуриб келган кенжа набирасини даст кўтариб, бир-икки марта осмонга отди-да, ҳансираб қолиб, яна ерга қўйди. Тер чиқа бошлаган юз-кўзини артай деб чўнтагига қўл тиқди: рўмолчаси йўқ. Лекин ҳануз болохонада қўлини белига тираб, эрига қараб турган хотинига: «Хоним, чўнтагимга рўмолча солишни унутибсиз-да», демади.

— Майли, яхши ўтиринглар. Мендан хавотир олманглар. Вақтимга қараб келаман, — деди.

Назокат эса таомил бўйича:

«Яхши бориб келинг. Қариндошларни сўраб қўйинг», — дейишнинг ўрнига:

— Ота-онангизнинг қабрларига оҳак суркаш учун ҳамма пулни олиб кетиш шарт эмасдир. «Ма санга, ма санга, нима қолди Ҳасанга» қилиб келманг! — деб жавраб қолди.

Мардон Қосимович кўчага чиққач, кўйлагининг тугмаларини ечиб юборди. «Хотин зоти дўст бўлмайди», деганлари тўғри гап, шекилли. Ахир амалда ўтирганимда ҳам, вазият тақозоси билан амалдан тушганимда ҳам ўша-ўша Мардонман. Лекин ўттиз йиллик хотинимнинг наздида бир кунда қадрсизланиб қолдим… Еганинг олдингда, емаганинг орқангда кунларни унутдингми? Ахир қулоғинг жез исирға ҳам кўрмаган қиз эдинг. Мардон Қосимовичнинг орқасидан бўйнинг тилла занжир, бармоқларинг қўша-қўша узук кўрди. Шу қилганларимнинг қадри йўқми?» Мардон Қосимович бу гапларни хаёлида бир неча марта такрорлади, лекин тилига чиқара олмади.

Сўнг қай бир донишманднинг «Хотинлар кулиб енгади. Кулиб енголмаса, бақириб енгади. Агар бунда ҳам ниятларига ета олишмаса, йиғлаб енгишади. Чунки йиғлаётган аёлга қўл кўтариш ҳам, бирор нарсани уқтириш ҳам бефойда. Фақат «Сеники тўғри», дебгина кун кўриш мумкин», дея айтган гапи эсига тушиб, индамай қўя қолди. Мана, амалдан тушганига икки ой бўлди, ҳануз тилининг устига тош қўйиб келяпти…

* * *

«Таваккал қилиб юраверай, бирор таниш кўчадан чиқиб қоларман»…

Мардон Қосимович таксини қишлоққа кираверишдаги гузардан қайтариб юборди. Чунки у ҳеч қаерни танимаётган эди. «Тағин ўзимнинг кўчамга кириб, бу кўча қайси кўча?» дея сўраб турмай деди-да, Мардон Қосимович дуч келган тарафга қараб йўл олди. У худди таниш кўчалардан юраётгандек салмоқланиб қадам ташлар, аслида, бирор хонадон, бирор бинони танимаётган эди. Мардон Қосимович баланд-баланд кўтарилган шиферли, оппоқ оқланган уйлар олдидан ўтар экан, қисқа фурсатда Ширмонбулоқнинг шу қадар ўзгариб кетганига ишонгиси келмасди. Ўқиш, иш пайти бўлгани учун бўлса керак, кўчаларда ҳам одамлар сийрак, учраганлар ҳам салом бериб ўтиб кетишар, Мардон Қосимович бирортасини танимасди. Тепасига «Дорихона» деб ёзилган ихчамгина бино олдида тўхтаб, «Шу ерга кириб, Асқаралининг уйини сўрасаммикин?», деб турган эди, ўрта ёшлардаги бир одам дорихонадан чиқаётиб, унга яқинроқ келди-да:

— Узр, Мардонмисиз? — деб сўради.

Мардон Қосимович бирровга уни кимдир танигани, исмини айтганига суюниб кетди-да, аммо ўзи ҳам бу одамнинг кимлигини эслагач, бўшашди, оёқ-қўлларидан дармон қочгандек бўлди.

— Замоналимисиз? — деб сўради руҳсиз бир овозда.

— Ҳа, омонмисиз? Уй ичи, оиладагилар яхшими? — Замонали Мардон Қосимович билан самимий сўрашди. — Келинг, бир жигарларни йўқлаб қўяй, дебсиз-да! Яхши қилибсиз, ҳеч ким жигарларчалик одамга кўнгил таянчи бўла олмайди.

Мардон Қосимовичнинг назарида Замонали кесатиқ қилаётганга ўхшади.

— Ҳа, бир фурсат бўлиб қолган эди… — деди чайналиб.

«Балки, ишдан кетганимни Замонали эшитгандир. Келиб қолса, кўриб қолсам, бир боплайман, деб юргандир», деб ўйлади.

— Юринг, Мардон. Ғариб кулбамиз, бир пиёла чойимиз бор. Кирсангиз, хурсанд бўламиз, — деди Замонали.

— Раҳмат, бошқа гал. Уйга борай-чи…

Мардон Қосимович нима қилишни, гапини қандай давом эттиришини билмай иягини қашиди.

— Майли, шу ерда бўлсангиз, Асқарали билан ўтинг. Ўтган-кетгандан гаплашиб ўтирамиз…

Мардон Қосимович ичидан зил кетди. Ўша аро йўлда қолиб кетган илтимосини эсига солмоқчи бўлди. Ўшанда нега ўзи бепарволик қилди? Аллақандай Замонали деб институт ректорига эгилиб юраманми, деди.

Мардон Қосимовичнинг бир хаёли: «Жиянингиз нима бўлди?» деб сўрамоқчи, шу билан, «Мен ўшанда ректорга айтганман», дегандек ишора қилмоқчи бўлди. Лекин сохта навозишга юраги дов бермай, секин одимлади. Ўшанда лавозим курсисига ўтирганига беш-олти йил бўлиб қолган, у ёқ-бу ёққа гапи ўтадиган йиллар эди. Мана шу бир мактабда ўқиган Замонали уни йўқлаб борди.

— Афғонистонда хизмат қилиб келган жияним бор, опамнинг яккаю ягона ўғли. Биласиз, у ёқда хизмат қилиб келганларнинг аксариятининг руҳиятида ўзгариш бўлади. Жияним ҳам тезоброқ. Институтда ўқиётган эди, ўзи жуда иқтидорли йигит. Бир амалдорнинг боласи билан гап талашиб, жанжаллашиб қолишибди. Булар уч киши, у тарафда ҳам икки-уч йигит бор экан. Йигитлар ўзлари эркакчасига ҳал қилса бўладиган масала жанжалга айланиб кетибди. Хуллас, институт ректори қора рўйхатга — ички ишлар ҳисобига тушмаслик учун буларга «безори» деган ёрлиқ ёпиштириб, ўқишдан ҳайдаш ҳақида буйруқ чиқарибди. Жияним безори йигит эмас, жиддий, масъулиятли бола, фақат тезоброқ. Илтимос, орага тушсангиз, ўқиши жувонмарг бўлиб кетмасин, — деди.

Мардон Қосимович Замоналини диққат билан тинглагандек бўлди.

Фақат:

— Жиянимни ёнингизга олиб келайми? Гаплашиб кўрасизми? — деган таклифига:

— Шарт эмас, исм-фамилияси, факультетини ёзиб беринг! — деди.

Аммо Замонали кетгач, ректорга учрашгиси ё қўнғироқ қилгиси келмади. «Мен нимадир илтимос қилсам, у ҳам эрта-индинга нимадир сўрайди, афғончи бўлса, ҳақини билади, ўзи йўлини топиб кетар», деб ўйлади. Кейинчалик Замонали унга бир-икки қўнғироқ қилди, котибага:

— Йўқ, денг. Сафарда эди, деб қўя қолинг, — деди…

Мардон Қосимович оғир-оғир қадам ташлаб борар экан, тобора қўл-оёқлари, боши ўзига оғирлик қилаётгандек туюлар эди. Ниҳоят, адашиб, бир кирган кўчасига икки-уч кириб, ота уйи — ҳозир амакисининг ўғиллари яшаётган хонадонни топди. Бахтига, катта жияни Асқарали уйда экан. У амакиваччасини кўриб, қувониб кетди.

— Бормисиз, Мардон ака, сизни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку. Ҳой, ким бор, бу ёққа қаранглар. Тошкентдан азиз меҳмон келди…

Бирпасда ариқ ёқасидаги сўрига жой қилинди. Сувлар сепилиб, ариққа тарвуз думалатилди. Юмшоқ парқуга суяниб ором оларкан, Мардон Қосимович бояги йўлда дилига тушган дилхираликни унутишга ҳаракат қилди.

— Олинг, Мардон ака, чакки ғуборингизни олади. Ўзимиз қилганмиз, ҳозир шўрва келади, қайноққина…

Мардон Қосимович амакиваччасининг беғуборлиги, бетаъмалигидан ҳам хурсанд, ҳам хижолат бўларди. Ахир шунча йиллар ором курсида ястаниб мана шу қондошларига битта нафи тегмабди. Ўзлари ҳам ҳеч нарса сўрашмади-да. Фақат… кенжа амакиваччаси Акбарали… Акбарали икки марта уни йўқлаб борган эди.

— Акбарали қалай? Ҳалиям қоғоз-қалам қучоқлаб юрибдими? — деб сўради Мардон Қосимович, сўрашга сўради-ку, пушаймон бўлди.

Нима қиларди ўлган илоннинг бошини қўзғатиб?

— Ҳа, уям сизга ўхшаб шаҳарлик бўлиб кетган. Катта рассом, ўзининг устахонаси бор, ўн чоғли ёшларни ёнига олиб, устозлик қиляпти…

Асқаралининг гап оҳангидан укаси билан фахрланиши сезилиб турибди. Мардон Қосимович:

— Ҳа, шунақами, омадини берсин! — деб қўя қолса, олам гулистон эди. Лекин ўзи:

— Ие, шунақами? Амаким бор деб бормайдиям… — деб юборди.

Айтиб хато қилди. Асқаралининг юзига ғалати бир ифода қалқи­гандек бўлди.

— Назаримда, хабарингиз йўққа ўхшайди. Акбарали борган — деди-да, ўғли патнисга солиб келтирган косани олдига қўйди.

Бетида майда қирқилган райҳон ва қўй ёғи парчалари сузиб юрган шўрвадан хуш ис анқиб, димоқни қитиқлар эди.

— Олинг, Мардон ака, шўрва совимасин. Уни қайноқлигида ичганга не етсин, «Етмиш икки дардга даво», дерди раҳматли дадам…

— Ҳа, амаким раҳматли беназир инсон эди, — деди Мардон Қосимович.

— Ҳа, укам дадамга тортган, санъат одами…

Асқарали:

— Укам бир гал тўйидан аввал сизни ахтариб борган. Дадам раҳматли фарзандларининг тўйига таниқли ҳофиз Фахриддин Умаровни олиб келишни орзу қиларкан. Укам «Дадамизнинг истагини амалга оширсак, руҳлари шод бўлади», деб ўзи ҳофизга учрай олмай, сизни қора қилиб борган экан, назаримда, келинойим…

— Ҳа, мен сафарда эдим. Қайтиб келгач, келинойинг айтди. Аммо тўй санаси ўтиб бўлган эди, кейин шу иш, югур-югурлар билан…

Мардон Қосимович бу ёғига нима дейишини билмай, жим қолди. Аслида, у ёлғон гапираётган эди. Акбаралининг келганини Назокат айтишга айтди.

— Фалон жойда бўламан, амаким билан учрашсам дегандим, деди. Назаримда, жиянингиз сиздан пул сўрамоқчи. Тўй олдидан одамга бош­қа нима керак бўлади? Албатта, пул! Нима, сизнинг болангиз йўқми? Нима, сиз тўй қилмайсизми? Қишлоқиларининг тўёнаси нима бўларди? Сузма билан қурут кўтариб келишади-да. Учрашиб, овора бўлиб юрманг. Мен сизни сафарда дедим.

Назокатга ўша пайтда Мардон Қосимович «Барибир, тўёна бериш керак эди», демоқчи бўлдию, шу лўли хотини билан ади-бади айтишгиси келмай, индамай қўя қолганди.

Ҳозир шўрвани ичиш-ичмаслигини ҳам билмай ўтирар экан, ичида «Жияним бор-йўғи отасининг васиятини амалга оширмоқчи бўлган экан-ку, ўшанда мен аҳмоқ хотинимнинг гапига кирмай, жияним айтган жойига борсам бўлмасмиди?» деб ўйлади, ичи эзилди, иштаҳаси бўғилди.

— Олинг, Мардон ака… Ўзингиз Акбарали бормаяпти, деганингизга айтдим-да. «Катта кўприк, кичик кофир», деган нақл бор. У торлик қилиб келмасаям сиз ўғилларингиз билан Акбарникига боринг. Ахир биз бир дарахтнинг япроқларимиз. Биз узоқлашсак, болаларимиз тамоман бегона бўлиб кетишади.

Асқарали гапни бошқа тарафга бурди. Лекин энди Мардон Қосимовичнинг аввалгидек иштаҳаси йўқ эди. Бир-икки қошиқ шўрва ичиб:

— Келин бирпасда қилиб келган қатлама жуда тўйимли экан, шўрва кетмаяпти, — деб қўйди.

Аслида, унинг эсига жияни Акбаралининг яна бир йўқлагани тушган эди. Бу гал уйига эмас, идорасига бориб таклифнома ташлаб кетган эди. Шахсий кўргазмасига.

— Ие, зўр-у, қишлоқдан келиб, марказда шахсий кўргазма ўтказаётган бўлса, бориш керак, — деди.

Лекин бу эсидан чиқиб кетган экан. Кўргазма ўтган, эртасими, индиними, ёрдамчиси:

— Мардон Қосимович, кўргазмага бормадингиз-а? Жиянингизнинг кўргазмасидаги бир бўлим «Менинг оилам» деб аталар экан. Сизнинг адангиз, ойингизнинг ҳам расмини чизган экан, — деди.

Шунда ҳам Мардон Қосимович ёрдамчисига:

— Нега шу гапни таклифнома берган пайтда айтмадинг? Шунда эсимдан чиқмас эди, — деб уришиб берди.

Кейин ҳам ҳафсала қилиб бормади…

* * *

Қабристон. Барча одамларнинг бир кун келадиган жойи.

— Сен менсиз ҳам бу ерга тез-тез келсанг керак. Мен ўзим… — деди Мардон Қосимович.

Асқарали уни тушунди ва қабристонга кираверишдаги ўриндиқда ўтириб қолди. Мардон Қосимович у кўрсатган йўлакдан юриб, ота-онасининг қабрини топди. Йўқ, иккаласининг ҳам қабри атрофига гуллар экилган, оқланган. Бошларига садақайрағоч соя солиб турарди…

«Дадам нимадан безовта бўлди экан? Балки, менинг амалдор бўлиб, ғўддайиб, жиянларимдан узоқлашиб кетганимга нотинч бўлгандир? Қийин кунимда мени оиламга қайтармоқчи бўлгандир. Тўрт тарафим ҳувиллаб, бўшлиқда қолгандек туюляпти. Фарзандларим ўзи билан овора. Бундай пайтда мени ким суяйди? Албатта, жигарларим, қондошларим. Бош­қа кимим бор ахир? Лекин мен уларга керак пайтимда бирор хизматига «Лаббай» дебманми? Шунинг учун юзим қора менинг…»

Мардон Қосимович ота-онасининг қабри қошида чўккалаб ўтирар, худди иккови бағри хун фарзандларини эшитаётгандек шивирлар, амалдан тушганидан буён ичида тўпланиб тугун бўлиб ётган ҳасратларини тўкарди. Майин шабада эсар, атиргулларнинг ҳиди атрофга тарқар, дарахтларда қушлар сайрарди. Мардон Қосимович гўё қайтадан дунёга келаётгандек эди.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кўнгил таянчидан айрилган амалдор