19:15 / 02.09.2018
7 543

Номаҳрам... (2-қисм)

Номаҳрам... (2-қисм)
— Худойим, мен сенга нима ёмонлик қилгандимки, бу кунларни бошимга соляпсан? — Ҳамиданинг туғуруқхонадан икки оёғи қийшиқ ҳолда туғилган қизчаси билан уйга олиб келган Матназар томорқага — ҳеч ким кўрмайдиган пана жойга ўтиб олганича, осмонга қараб зорланарди. — Нега фарзандимниям ногирон қилиб яратдинг? Ахир, авлод-аждодимда бунақаси бўлмаган! Энди нима қиламан? Одамларнинг кўзига қандай қарайман? Бу қизим қандай кун кўради катта бўлганида?

Ҳамиданинг ўзи ҳам туққандан бери бўларича бўлганми, эрининг кўзларига қарай олмас, нуқул чақалоққа боқиб кўз ёши қиларди.

Гўдаклар киядиган кийимларни суюнчи қилиб олиб келган қайнотаси Ботир дўкондор Матназарни ёнига ўтқазиб гина қилгани ўлганнинг устига тепган бўлди:

— Энди, ўғлим, ёш эмассиз. Майли, кўргилик экан. Мен Ҳамидам шу аҳволда туғилганида сизга ўхшаб нолимаганман. Худога шукур қилиб қўя қолганман. Бардам бўлинг-у, секин-секин қарзларни узишниям ўйланг!

— Нима? — Матназар кескин бошини кўтариб қайнотасига қаради. — Қарз? Қанақа қарз?

— Ие, эсингиздан чиқдими, ота ўғил? Тўйни ким қилиб берди сизга? Ҳамма харажатини ўзим кўтардим-ку! Ўйлайсизки, қизим эрли бўп қолсин, деб шундай қилибманми? Бекорларни айтибсиз. Ботир дўкончининг қизлари ҳеч қачон кўчада қолмаган. Оқсоқолингиз, “шу камбағал йигитни қўллаб туринг, савоб бўлар, бир кун қайтарар қарзини”, деб зорланавергани учун рози бўлгандим.

— Шунақа денг? — Матназар тиззасидаги Мардонни секин пастга тушириб Ботир дўкондорга ер остидан разм солди. Ёши элликдан ўтса-да, сочига бирорта оқ ораламаган, икки юзи қип—қизил бу эркак дастурхондаги ўзи олиб келган писта-бодомларни чақиб, чамаси, куёвидан тайинли жавоб кутарди.

— Хўш, қарзим қанча экан? — сўради Матназар.

— Икки юз минг сўм, холос, ота ўғил. Дунёнинг пулимас. Автобусингизни сал тезроқ югуртирсангиз, бемалол топасиз.

— Буларни боқиш-чи, дада? — Ҳамида ўтирган хонага ишора қилди Матназар. — Уйда фақат мен ишлаётган бўлсам.

— Нима?! Ие, сиз ишламай, ногирон қизим ишласинми? Ишлайсиз! Хотинни эркак киши боқади-да!

— Яхши, — гапни калта қилди Матназар. — Қарзим бор экан, тўлайман! Хотиржам бўлинг!

— Мана бу бошқа гап, куёв! — кулимсираб ўрнидан қўзғалди Ботир дўкондор. — Айтишади-ку, ҳисобли дўст айрилмас деб! Ҳали нима бўпти? Неварамнинг бешик тўйи ҳам менинг бўйнимда турибди.

— Бешик тўйидан хавотир олманг! Автобусимнинг тагидан шамол ўтиб турса, ўзим амаллайман.

— Шунақами? Майли, кўрамиз, қандай бешик тўйи қилиб бераркансиз? Вей, ўша шалоғи чиққан автобуснинг кетидан чопаверсангиз, айтиб қўяй, ҳеч қачон бирингиз икки бўлмайди. Каллани ишлатиш керак, каллани!

Матназар Ҳамиданинг камчиликларини шартта-шартта айтиб ташлагиси келди-ю, ўзини босди. Жанжал кучайиб кетишини ўйлаб, босиқлик билан қайнотасини кузатиб қўйди.

* * *
Ботир дўкондор кетишга шошилмади. Куёв орқага қайтиб уйига кирдими-йўқми, орқасига қараб оларкан, дарвозадан чиқибоқ Ҳамиданинг қулоғига шивирлади:

— Қизим, сенинг хабаринг йўқ. Лекин мен эрингга бир гапни айтиб қўйдим.

— Нимани? — ҳайрон бўлиб сўради Ҳамида.

— Қарзларни узишни ўйла, деб айтдим.

— Нима? Дада, қанақа қарз?

— Тўйни ким қилиб берди, қизим? Дадангнинг жарақ-жарақ пуллари кетмадими? Тўғри, сен қизимсан. Сенинг тинчингни ўйлаймиз, онанг икковимиз ҳам. Лекин ўша пуллар дўконникийди.

— Қўйинг-э, дада, одам ўз қизигаям қарзга пул берадими?

Ботир дўкондор кулиб қўйди:

— Очиғини айтсам, ўша пулларни эринг топиб қўлимга топширишига кўзим етмайди. Кўриб турибман, чориғини зўрға судраяпти. Шу аҳволда сенларни қандай боқяпти, ҳайронман. Лекин бу гапимдан кейин сал ҳушёр тортади. Ҳа, энди ишласин, куйиб-пишиб пул топишни ўргансин-да! Қолаверса, сени бўлар-бўлмасга тергаб жанжал кўтармайдиган бўлади.

Ҳамида норозиланган кўйи тескари қаради.

— Бўлмаса, менинг пенсиямни ола қолинг ҳар ойда. Нима қиласиз, бизни қийнаб?

— Ие, ўзгариб қолибсанми, қизим? Илгари менинг тарафимни олардинг. Ҳа-я, энди уйинг бошқа-да! Пенсиянгни нима қиламан? Бошимга ураманми?.

Ҳамида кескин орқасига ўгирилди-да, хайр-маъзурни ҳам унутиб ичкарига кириб кетди.

* * *
— Ҳой, онаси, чой опкел! — Ботир дўкондор ҳовлига кирар-кирмас, хотини Маржон холага бақирди. — Қаердасан ўзи?

— Буёқдаман! Ҳозир олиб чиқяпман, — Маржон хола ошхонадан қўлида чойнак билан чиқди-да, шоша-пиша сўрига дастурхон ёзди. — Қаерда юрибсиз, дадаси? Бирортасиникида ош бормиди?

— Йўқ, қизингникига боргандим.

— Ҳамиданикигами?

— Ҳа, бир-иккита кўйлакча ташлаб келдим.

— Ишқилиб боши омон бўлсин неварамнинг, — уф тортди Маржон хола. — Ҳамидамнинг шунча сиқилганлари каммиди? Қизиям ўзига ўхшаб…

— Овозингни ўчир! — жеркиб берди Ботир дўкондор. — Ҳаммаси Худодан. Пешанага ёзилганини кўради одам боласи. Нолишинг нимаси?

— Нима қилай? Боламга ачинаман-да! Аччиқ тўлғоқ еб туққанман, ахир!

— Бўпти, энди эшит. Мен куёвингнинг кўзини сал очиб қўйдим.

— Вой, куёвга нима қипти?

— Ишонасанми, дастурхонининг устида қотган-қутган нондан бўлак ҳеч вақо йўқ. Қизимга ачиниб кетдим.

— Нима дедингиз куёвга?

— Қарзларни узиб қўй, дедим.

— Вой, қанақа қарз, дадаси?

— Қанақа қарз бўларди? Тўйга сарф қилган жарақ-жарақ пулларни айтяпман.

— Ахир,у шўрлик қандай узади? Қизимизни қисди-қафасга олса, таъна қилса нима бўлади?

— Ўша-я?! — ўрнидан туриб кетди Ботир дўкондор. — Ўзини эпласин. Қачон қараса, укасини қўлтиғига қисиб автобусига чопгани-чопган. Қани энди ўша алмисоқдан қолган автобус косасини оқартирса!

— Ана, шуни биларкансиз, нега гапирасиз қарз ҳақида? Энди Ҳамидам сиқилавериб адойи тамом бўлади.

— Жин урмайди қизингга. Ҳали қараб турасан. Мен ўша сўтакнинг автобусиниям олдириб қўяман. Ана ундан кейин оёғи куйган товуқдай олдимга югургилаб келиб иш сўрайди. Ишлагандан кейин юракдан ишласин-да!

— Ҳа-а, гап буёқда, денг? Ҳой, дадаси, Матназарнинг қайсарлигини биласиз-ку! Келмайди у бош эгиб!

— Келмай бўпти. Мулла минган эшакдай қилиб қўяман ҳали.

— Ишқилиб уйи нотинч бўлмасин! Ана шунисидан қўрқаман.

— Қўрқма, мен тирик эканман, Ҳамиданинг уйи нотинч бўлмайди. Мен бир иш қилсам, обдон ўйлаб қиламан. Қани, чойдан қуй!

* * *
— Ҳа, ўртоқ, намунча сувга тушган мушукдай шумшайиб қопсан? —Мардонни етаклаганча уйи томон келаётган Матназарни кўча бошида синфдош дўсти Қўчқор тўхтатди. — Нима бўлди?

— Э, ўртоқ, — деди Матназар Қўчқорнинг елкасига қўл ташлаб. — Ишдан ҳайдалдим.

— Ҳайдалдим? Нимага?

— Билмадим. Бугун тўсатдан бошлиқ ёнига чақириб, автобусни олиб қўйди.

Қўчқор у ёқ-бу ёққа ўғринча қараб олди-да, секин Матназарнинг қулоғига пичирлади:

— Буни қайнотанг уюштирган. Хотиним гап топиб келди. Қайнотанг ҳовлида ўтириб қайнонангга, “шу куёвни мулла минган эшакдай қилдириб қўяман. Автобусини олдириб қўйсам, олдимга бош эгиб. келади, менинг дўконимда ҳаммол бўлиб ишлайди”, деб айтганмиш…

— Йўғ-э, — ишонқирамай Қўчқорга қаттиқроқ тикилди Матназар.

— Ие, мен осмондан олармидим? Шу йўл билан қарзидан ҳам қутулиб кетади дебди.

— Шунақа дегин? — қўлларини мушт қилди Матназар. — Демак, мени эгиб олмоқчи экан-да, ўша қари тулки! Яхши. Вей, Қўчқор, ҳозир қаерга кетяпсан?

— Дўконга, нимайди?

— Бир ичмаймизми?

— Сен-а? Ичмасдинг-ку!

— Бугун бир ичгим келди-да, юр!

— Майли, сенинг гапингни қайтариб бўлармиди? Кетдик!

* * *
Вақт шомга яқинлаб қолганди. Матназар дарвозани оёғи билан тепиб ичкарига кирди-да, овозининг борича бақирди:

— Ҳой, пасткашнинг қизи, қаердасан?!

Ҳамида шу тобда чақалоғини йўргаклаб эндигина ҳовлига чиқмоқчи бўлиб турган экан. Мардоннинг қўлидан тутганча чайқалиб турган эрини кўриб ҳайрон бўлди:

— Ҳа, сизга нима бўлди? Ичибсизми?

— Сен ҳозироқ йўқол уйимдан! — дея қўли билан кўчани кўрсатди Матназар. — Бугундан бошлаб менга хотин эмассан! Қизингниям олгин-у, уйни бўшат!

— Сизга нима бўлди? Мен нима ёмонлик қилдим сизга?

— Буни отангдан сўрайсан, тушундингми? Бор, дедим! Ҳозир сен чўлоқни бир бало қип қўймасимдан уйни бўшат!

— Чўлоқ?

Ҳамида бу гапни эшитиб беихтиёр йиғлаб юборди:

— Энди… Чўлоққа чиқдимми? Юзимга соляпсизми?

У ортиқ ҳеч нима деёлмади. Ҳар галгидек гавдасини икки томонга ташлай-ташлай, дарвоза томон йўл олди.

Лекин ташқарига чиқишдан аввал яна тўхтаб, ҳовлида қотиб турган Матназарга юзланди.

— Ҳали пушаймон бўласиз! Дадам кунингизни кўрсатиб қўяди!.. Ҳезалак!

Орадан беш-ўн дақиқа ўтиб, Матназар укасини маҳкам бағрига босганча қабристонга йўл олди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (2-қисм)