18:48 / 03.09.2018
4 597

Киракашнинг "эҳсони"...

Киракашнинг "эҳсони"...
Бадавлат бир аёл катта йўлда ўзининг қимматбаҳо автомашинасини ҳайдаб кетаётса, бирдан машинаси бузилиб, тўхтаб қолибди. Сўнгра аёл кўп ўйлаб ўтирмай машинасидан тушди-да, катта тезлик билан келаётган машиналарни бирин-кетин тўхтата бошлабди. Аммо ҳеч бири тўхтамас эмиш. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қоронғу тушиб, ёмғир ёға бошлабди.

Шу пайт кутилмаганда ёшгина қорачадан келган йигит ўзининг эски русумдаги автомобилида келиб тўхтади. Аёл бир йигитга ва бир машинага менсимайгина қараб:

«Мингсаммикан ёки қолсаммикан?» деган ўй хаёлидан ўтди.

Аёл кўпроқ йигитни ташланиб қолишидан чўчир эди. Чунки унинг кўринишидан бадавлат аёл эканлигини пайқаш қийин эмас эди-да.

Аммо аёл кўп ўйлаб ўтирмай, бир қарорга келди ва машинага миниб олди. Йўл-йўлакай йигитнинг исм шарифи ва иш жойини сўраб билиб олди.

Йигитнинг кўринишидан унинг жуда қашшоқ ва муҳтож бир инсон сурати акс этиб турар эди. Йигит ўзини "мен киракаш Аҳмад бўламан" деб таништирди. Шундан сўнг аёлнинг кўнгли бир оз хотиржам бўлгандек бўлди. Орадан бироз вақт ўтгач, аёл йигитнинг одоби-ю ахлоқига ва бирон маротаба аёл томон қайрилиб гапирмаганига қойил қолиб, ёмон гумонларга борганлиги учун ўзини айбдордек ҳис этди. Шундай қилиб шаҳарга ҳам етиб келишди. Аёл "йўл кира ҳақини қанча сўраса шунча бераман" деб бир чеккада тўхташини сўради. Йигит тўхтади. Аёл:

– Йўл кира ҳақи қанча бўлди?

Йигит:

– Ҳеч қанча!!

– Йўқ... бўлиши мумкин эмас. Сиз менга ёрдам бериб манзилимгача етказиб қўйдингиз.

Аҳмад аёлга қараб деди:

– Йўлингизда учраган бирон бир шахсга яхшилик қилинг, мана шу менинг хизмат ҳаққим бўла қолсин, деб йўлида давом этиб кетди.

Бундай кутилмаган жавобдан аёл ҳайратда эди. Бироз туриб ўйланиб қолди, сўнгра йўлида давом этиб, йўл йўлакай қаҳвахонага кирди ва официант аёлдан қаҳвага буюртма берди.

Официант аёл қаҳва келтирди. Бадавлат аёл унинг ранглари ўчган маъюс чеҳрасига ва катта бўлиб бўртиб чиқиб турган қорнига назар солиб сўради:

– Аҳволингиз яхшими синглим, чарчаган кўринасиз?!

Официант аёл:

– Ой куним яқинлашганга ўхшайди. Шунга бўлса керак...

– Ундай бўлса нега бироз дам олмайсиз?, деб официант аёлга қаҳванинг пулини узатди.

Официант аёл пулларни олиб деди:

– Кўз ёришимга озгина бўлса ҳам маблағ бўлсин деб бўш вақтларимдан ҳам фойдаланаман, деб ҳисобчининг олдига аёлнинг қайтимини олиш учун кетди. Чунки аёл қаҳванинг пулини официант аёлга ўн баровар кўп қоғоз пулида берган эди. Официант аёл қайтимларни олиб, бадавлат аёлга бермоқчи бўлиб қараса, ўнг ва сўлида ҳам аёл йўқ эмиш. Аммо унинг ўтирган жойида бир парча қоғоз бўлиб, унда «қайтими сизга ҳадя» деган сўзлар ёзилган эди. Официант аёл буни кўриб жудаям қувониб кетибди ва яна нимадир излагандек вароқчанинг орқа бетига назар солиб қараса, у ерда «гўдакнинг ҳадяси эса столнинг тагида» деган сўзлар битилган экан. Официант аёл ойлик маошига 6 баровар келадиган маблағни кўриб, қувонганидан қичқириб юборади ва кўзлари лиммо-лим ёшга тўлиб "туғилажак фарзандимиз ғамида юрган ҳожамни бориб хушхабар билан тезроқ қувонтирай" деб ишидан рухсат сўрайди. У тез-тез юриб уйига қайтар экан, унинг шаҳдам босган қадамлари гўё кучли шамолдан ҳам ўзиб кетар эди.

Уйига вақтидан илгари қайтгани учун таажжубланиб турган ҳожасини аёл шоша-пиша чақиришга тушди. Ёки туғиш маҳали бўлдимикан деса, аёлининг қувончли овозидан бунга сира ўхшамас эди. Аёл "Аҳмадака" деб ҳожасини бағрига ўзини отиб, деди:

"Аллоҳ бизни Ўз марҳамати ила сийлади"...

Шуни ёдда тутингким, қаерда бўлсангиз ҳам қилган яхшилигингиз албатта сиз учун қайтажакдир. Чунки, "Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир" (“Ар-Роҳман” сураси, 60-оят)

Мўъминнинг ҳаёти бало ва офатсиз бўлмайди. Бу бало ва офатлар эса сабр билан лаззатли бўлади. Бу сабр розилик билан мукаммал бўлади. Хушхабар мана шу ерда бўлади. "Сабр қилувчиларга хушхабар беринг!".

Аёлингизни бахтиёр этадиган бир неча усуллар

– Уйга кираётганингизда табассум билан киринг. Уни кўрганингиздан жудаям хурсанд эканлигингизни билдиринг.

– Унга: Сени жуда ҳам соғиндим. Бунчалар ҳам гўзал бўлмасанг, деб айтинг.

– Айниқса агар у ишламаса..."Эҳтиёжларинг учун сарф этарсан" деб, атаганингиздан бериб туринг.

– Уйқудан турганида худди ота-онаси унга илиқ меҳр кўрсатганидек, сиз ҳам унга илиқ муносабатда бўлинг.

Уй ишларидан ҳоли бўлганларида эса ундан ширин сўзингизни аяманг. Чунки, баъзан жуда ҳам ҳолдан тойган бўлади-да.

– Волидангиз ҳузурларида ора-чора унинг қанчалар озода эканлигини айтиб, мақтаб қўйинг.

– Аёлингизни ҳеч қачон бошқа биров билан тенглаштирманг ёки солиштира кўрманг. Чунки у ҳам сизни ҳеч ким билан солиштирмайди-да.

– Унга ишхонангиздаги ҳамкасабангиз ҳақида гапиришингиз шарт эмас.

– Ҳафтада бир марта уни сайр қилдириб келинг. Уни уйга михлаб қўйишингиз яхши эмас.

– Қавм-қариндошларини унга мақтаб туринг. Жудаям кўнгли кўтарилади.

Шунингдек, унга қариндошлари ҳузурида ширин муносабатда бўлинг. Токи ўзини улар олдида қанчалар «Бахтли аёл» эканлигини ҳис этсин.

– Ишлардан чарчаб ҳолдан тойганида, бир пиёла чой билан сийланг.

Токи толиққанлари бир зумда ёдидан чиқсин.

Ҳотам ал-Асом розияллоҳу анҳу айтади: "Солиҳа аёл диннинг устуни, уйнинг бинокори ва тоат-ибодатда ёрдамчидир".

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Киракашнинг "эҳсони"...