Маржонанинг кўриниши бошқа қизларникига ўхшамасди. Ўрта бўйли, қомати янги либослар намойиш этадиган модел қизларники каби бежирим, тирсиллаган сийналари ҳар қандай йигитнинг кўзини ўйнатади. Фикру хаёли ўзига оро бериш ва қаерлардадир сайр қилиш. У ҳам «замонавий» қизларга ўхшаб тамаки тутатар, гоҳ-гоҳида шароб ичиб туришни хуш кўрарди.
Буларнинг ҳаммасига Маржонани Хушвақт ўргатган. Хуфёна учрашувлар, келишган, бўйдор, камсуқум йигитнинг эркалашлари, тотли бўсаларига ҳар дақиқада муштоқ, зор бўлиб яшар, кейинги пайтларда камнамо бўлиб қолиши шу лаҳзаларда унга жуда алам қилаётганди…
Отасининг йўқлатганини эшитиб ҳануз дили хуфтон Маржона эрта тонгда уйғониб эндигина кийинишга тутинганди.
Шу куни чўмилишга бормоқчи ва бироз бўлса-да, кайфиятини кўтариб келмоқчи бўлиб турганди.
Кутилмаганда эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглади.
— Уф-ф, каллаи саҳарлаб ким келдийкин тағин? — Маржона ўзича ғудраниб ташқари эшикни очди.
Қаршисида Хушвақт кулимсираб турарди.
— Ҳм-м, намунча? Қаёқдан кун чиқди? — зарда аралаш сўради Маржона лаб буриб. — Келардингиз ўлганимдан кейин!
— Кечир, отангнинг хизматидан сира бўшай олмадим! — деди Хушвақт подъездга яна бир карра ўғринча назар ташлаб. — Биласан-ку, сенинг олдингга Бек ака қаергадир кетган пайтлардагина кела оламан.
— Бўпти, киринг! Мени пляжга ташлаб қўясиз!
— Пляжда нима қиласан?
— Нима қилардим? Чўмиламан.
— Бир ўзинг-а?
— Нима қипти? Мени ит ермиди?
Хушвақт эшикни ичкаридан тамбалади-да, жавоб ўрнига Маржонани маҳкам бағрига босди.
— Бугун ҳеч қаерга бормайсан, жоним! Сени жудаям соғинганман! Тоқатим тоқ бўлди шу кунни кутавериб!
— Нима бўпти? Қўйворинг, сочим бузилиб кетади! Э, қўйворинг!
— Қўйвориб бўпман! — ҳарсиллаганча қизни ўпа кетди Хушвақт. — Шунча чидаб келдим. Бугун фақат иккаламиз бўламиз бу уйда! Ҳеч ким халал бера олмайди! Келақол, ўзим сени…
Маржона қайноқ бўсалардан эриб кетганиданми, ортиқча қаршилик кўрсатиб ўтирмади. Хушвақт уни даст кўтариб, ётоқхонага олиб кирди ва каравотга ташлаб шоша-пиша ўзи ечина бошлади…
Аксига олгандек шу тобда эшик қўнғироғи безовта жиринглади.
Хушвақт ечган кийимларини жонҳолатда қайтадан эгнига илиб рўпарадаги шкафга беркинди…
— Ҳа, қизим, нега менинг олдимга бормадинг? — Маржона эшикни очгани заҳоти рўпарасида Бек акани кўриб ичидан зил кетди. Жавоб қилишни ҳам, қилмасликни ҳам билмай, лол бўлиб қолди.
— Нега индамайсан? — сўрашда давом этди Бек ака синчковлик билан уй ичини кўздан кечираркан. — Нега рангинг оқариб кетди?
— Й-йўқ… Оқаргани йўқ… — ўғринча ётоқхонасига кўз ташлаб зўрға жавоб қилди Маржона. — Бошим оғрияпти…
— Шунақами? Майли, тунги клубга борганингни қўйиб турайлик… Бир саволимга жавоб бер! Мабодо Хушвақт келмадими?
— Хушвақт? — беихтиёр бошини кўтариб отасига қўрқинч аралаш боқди Маржона. — Й-йўқ…
— Қизиқ. Мен шунча изладим, йўқ. Йигитлар негадир шу томонларга қараб юрганини айтишганди…
— Билмасам… Бу ерда нима қилади у?
— Яхши, — деди Бек ака қовоғини уйиб. — Келмаган бўлса, келмагандир. Бироқ ўшанга айтиб қўй, мен уни дала ҳовлида кутаман!
Маржона индамади. Биларди. Отаси ҳаммасидан хабар топган. Энди Хушвақтнинг ҳолига вой. Барибир жазо топади. Нима қилсин? Уни қандай қилиб жазодан қутқарсин?
Отасини кузатиб орқага қайтгач, у чопқиллаганча ётоққа кириб шкафни очди.
— Мен ҳаммасини эшитдим, — Хушвақт бошини чангаллаган кўйи йўлакка чиқиб қўлига портфелини олди. — Майли, сен хавотир олма. Пешанага ёзилганини кўраверамиз.
— Йўқ, — деди Маржона унинг йўлини тўсиб. — Улар сизни ўлдириб юборишади. Мен бунга йўл қўя олмайман!
— Хўш, нима қил дейсан унда?
— Қочиб кетамиз. Узоқ-узоқларга.
— Жинни бўлганмисан? — қўл силтаб қўйди Хушвақт. — Отангни билмайсанми? Бизни ернинг тагидан бўлсаям топади-ку!
— Майли, топгунча ҳаракат қиламиз. Мен сизни уларнинг қўлига топшириб қўймайман.
— Бўпти, унда нарсаларингни ол! Қочиш бўлса қочиш-да! Кетдик!
* * *
Ориятни унутган Мардонни шу лаҳзаларда акасининг аччиқ қисмати мутлақо қизиқтирмас, қалбида жигарчилик ҳислари буткул сўнгандек эди. У ҳамон Марҳаматнинг атрофида гирдикапалак. Маҳалла-кўйнинг гап-сўзларига ҳам бепарво. Ўзича тўй ҳаракатини бошлаб юборганди. Фақат… Марҳаматни уй ичига яширган. Милисалар қидираётганини билгани сабабли ўта эҳтиёткорлик билан иш тутарди…
Мардоннинг уйда Марҳаматни беркитиб ўтирганини қишлоқдагилар билишмасди, чоғи. Мана, соат кечки тўққизга бонг урибди ҳамки, тинчлик. Ботир дўкондорнинг ҳовлида куймаланишини, ўчоқ бошида туриб олганча кетма-кет ароқ ичиб шивир-шивир қилганича бўлғуси куёвни табриклашларини айтмаса, бу хонадонда хотиржамлик ҳукмрон эди…
Орадан ярим соатча ўтиб дарвоза олдига машина келиб тўхтагандай бўлди-ю, Мардон Ботир дўкондорга яширинишни қўли билан ишора қилиб ўзи ташқарига йўл олди.
Бек ака экан.
— Ў, тайёргарлик зўр-ку!.. — хохолаб кулганча Мардонни бағрига босди у. — Барибир айтганингдан қолмабсан-да-а, бола?!
— Ҳа, энди… Кўнгил кетди-да, ака! — айбдорона бош эгди Мардон.
— Акангнинг юзига оёқ қўйиб бекор қилдинг! Бунинг оқибати яхши бўлмайди.
— Илтимос, акамдан гап очманг, ака! — деди Мардон қовоғини уйиб. — Менинг ундай акам йўқ.
— Бекорларни айтибсан. Энди сенам, акангам менинг хизматимда бўласанлар. Қаршилик қип кўр-чи! Мен бекорга орқаларингдан ҳалаканинг итидай чопиб юрганим йўқ. Агар мени заррача ҳурмат қилсанг, аканг турмадан қайтганидан сўнг оёқларига бош уриб кечирим сўрайсан. Ҳозир эса анови қанжиқни тезда даф қил! Акс ҳолда ўзим киришаман… Ундайларни-чи, хунасаларгина хотин қилади. Албатта… Бу гапнинг акангга алоқаси йўқ… У адашган… Адашган…
— Нега энди кечирим сўрашим керак?
— Унга қанча хиёнатлар қилдинг? Бу ишларингни Худоям кечирмайди, бола!
— Кўнглим… совиб кетган-да, ака! — деди Мардон дарвоза томонга ҳиссиз нигоҳ ташлаб. — У мени ташлаб кетган, ахир!
— Кўнгилни иситиш қийин иш эмас. Шуни билгинки, аканг — ўз ишининг устаси. Ҳақиқий профессионал! Бундайларни ҳурмат қилиш, қадрлаш керак. Агар унинг ўрнида сен бўлсанг, аллақачон ўлиб кетардинг. Шундай экан, фурсат борида ундан баъзи нарсаларни ўрганиб қол, хизматида бўл!
— Хўп бўлади!
— Мана бу бошқа гап. Қани, энди юр, мени кузатиб қўй!
— Ие, ош бўляпти… Ўтирмайсизми?
— Бу ошингни итларга ташла! Мен қанжиқларга аталган ошга қараб ҳам қўймайман. Ошнинг ҳақиқийсини аканг қайтганидан кейин меникида еймиз. Юр!
Мардон даҳлиз томон бир қур назар ташлаб олди-да, Бек аканинг ортидан эргашди…
* * *
Дунёда тасодифлар кўп. Лекин Мардон бугунгидай кутилмаган учрашув тақдирида борлигини билганида…
У Бек аканинг олдига тушиб қоронғиликда кўчадаги ойналари қорайтириб ташланган оппоқ «Мерседес»нинг эшигини очди. Бу унинг бўлғуси хўжайинга илк хушомади эди…
Очди-ю…
Бек ака негадир шу гал ўзи билан ҳеч кимни олиб келмаганди. Бир ўзи йўлга чиққанди.
Акси бўлади, шекилли?..
Машинада ўтирган таниш чеҳрани кўриб, базўр ўзини тутиб қолди…
Орқага тисланган кўйи етиб келиб машина эшигига қўл чўзган Бек аканинг елкасидан тутди…
— Ҳа, қўрқиб кетдиларингми?.. — эпчиллик билан машинадан тушиб келган Матназар қўлидаги тўппончани укасининг томоғига тиради. — Тўйга айтай ҳам демайсан, укажон! Наҳотки, гўдаклигингдан сени катта қилган акангни тўйга айтмасанг? Бу адолатдан эмас…
— Ҳой, бола, ўзингни бос, ўзингни бос, — қўрқиб кетган Бек ака хийла орқага тисланиб ўнг қўлини Матназар томон чўзди. — Аҳмоқлик қилма! Аҳмоқлик қилма!
Унга жавобан Матназар тўппончани Мардоннинг томоғидан олиб бир қўли билан уни маҳкам бўғиб олганча Бек акага ўқталди…
* * *
— Вей, аҳмоқлик қилма! Оқибати яхши бўлмайди! Матназар, қўй! Қўлингдагини чўнтакка сол!
Пешанасига қурол ўқталганда одамнинг қай аҳволга тушиши ёлғиз ўзига аён. Бек аканинг миясидан не ўйлар кечаётганини билмайди-ю, Матназарнинг ўзи шу тобда бир аҳволда қолганди. На тепкини босишни, на тўппончани қайтариб чўнтакка солишни билар, тинимсиз титрар, ҳансирарди.
Бир маҳал у кимнингдир қаттиқ турткисидан ерга ағдарилиб тушди. Нималар бўлаётганига фаҳми етмай, устига келиб тушган кимсанинг ёқасидан бўғиб олди. Аммо шу заҳоти бўшашиб уни қўйиб юборди. Маҳалла оқсоқоли Ҳайдар ака экан.
Матназар уни қачонлардан бери кўрмаганди. Кексайиб, соқоли оқарибди.
— Эсингни еганмисан? — овозини хийла пасайтириб уриша кетди оқсоқол. — Бир марта одам ўлдириб ит азобини кўрганингни унутдингми? Тағин… Онанг раҳматли ўтган ерда қон тўкмоқчисан… Жинни бўлма!
— Бу одам мени сотган, — деди Матназар ерда думалаб ётган тўппончани арта-арта чўнтагига жойлаб. — Шу ярамаснинг дастидан ит кўрмаган кунларни кўряпман.
— Сен янглишяпсан, — унинг сўзини бўлди Бек ака сал ўзига келгандек у ёқ-бу ёғини тўғриларкан. — Агар ҳақиқатни англаб етсанг, бу гапларни гапирганингга минг пушаймонлар ейсан. Кел, гиналарни унутайлик! Ҳозир меникига борамиз-у, ҳаммасини обдон гаплашиб оламиз.
— Манови гўрсўхта нима қилиб юрибди бу ерда? — Мардонга ишора қилди Матназар. — Нима иши бор экан?
— Ие, нега ҳақорат қиласан? Бола сал ёшлик қип қўйди. Кўриб турибсан-ку, ўзиям хижолатда… Нима бўлгандаям жигаринг. Ҳақорат қилмагин. Мана кўрасан, бу йигит ҳали шундай ишларни қилсинки, кўриб ўзингам хурсанд бўласан. Хўш, борамизми меникига?
— Менга барибир. — деди Матназар қўл силтаб. — Турма нима-ю, сизники нима?!. Бари бир гўр!
— Майли, ҳозирча нима десанг деб тур! Кейин ўзингга келасан. Кетдик!
— Мен кейинроқ борсам бўладими? — машина томон йўналган Бек акага шивирлади Мардон. — Ҳалигидай…
— Бўпти, фақат мен айтгандай қилгин! Ҳаддингдан ошма! Бир соат ичида ҳаммасини рисоладагидай ҳал қилгин-да, тез етиб боргин!
Машина ўрнидан қўзғалгач, Ҳайдар оқсоқол чопқиллаганча уйига кириб кетган Мардоннинг ортидан ҳайрат ва ваҳима аралаш қараб қолди.
Бироқ орқасидан кирмади.
(давоми бор)
Манба: hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади