19:37 / 28.10.2018
3 157

Жумбоқ: "Кўзбўямачининг қабрга олиб кетилган сири..."

Жумбоқ: "Кўзбўямачининг қабрга олиб кетилган сири..."
ХХ асрда машҳур кўзбўямачи ҳисобланган бу одамнинг ҳақиқий исми Эрих Вайсс. У 1874 йили Будапештдаги қадимий кварталда қашшоқ еврей оиласида таваллуд топган. Кейинчалик Вайсснинг отаси оиласини олиб Америка Қўшма штатларига кўчиб ўтди…

Муқаддима

Вайсс учун Америкадаги ҳаёт осон кечмади. Кўплаб касбларни ўрганиб кўрди. Биронтасидан кўнгли тўлмади. Улардан воз кечишга мажбур бўлди. Тўғри, у чилангарликда тенгсиз эди. Агар ёшликдан шу касбнинг этагини тутса, келгусида ёмон пул топмасди. Аммо кунларнинг бирида деярли титилиб кетган бир китоб қўлига тушиб қолди. Бу китоб франциялик дипломат ва афсунгар Роберт Гудин ҳақида эди. Шу китобни ўқиди-ю, юрагига ўт тушди. Эрих кўзбўямачилик, афсунгарликка қизиқиб қолди ва ўзига Гарри Гудини тахаллусини берди.

Дастлабки қадам

Илк намойишини Гудини Нью-Йорк шаҳридаги кўнгилочар масканлардан бирида ташкил этди. Бахтга қарши нью-йоркликлар ёш кўзбўямачининг қобилиятига ижобий баҳо бермади. Гудини бу ерда ўзи хоҳлаганидек шуҳрат ва катта пулга эга бўла олмади.

Шунда океан ортига — Лондонга жўнаш истаги туғилди. У шу шаҳарда ўз бахтини топишга умид боғлади. Бу гал ҳам омади чопмади. Лондонда уни Америкадан-да совуққонроқ, шафқатсизроқ кутиб олишди. Ҳатто, Гудини полициячилар таъқибига учради. Гудинининг қўлларини кишанлаб маҳкамага олиб келишди. Шунда у полиция ходимига қараб бундай деди:

— Агар сизга сездирмай қўлимдаги кишаннинг қулфини буза олсам, қўйиб юборасизми?

Полициячи рози бўлди. Гудини полициячига орқа ўгирган ҳолда қандайдир бир неча ўн сония ичида кишаннинг қулфини бузди ва қўлларидан ечиб олиб полициячига тутқазди. Ана шу лаҳзаданоқ артист машҳурлик шоҳсупасига кўтарила бошлади.

Россияга сафар

1903 йили аллақачон элга танилган Гарри Гудини Россияга гастрол сафарини уюштирди. Уни бу мамлакатнинг совуқ иқлими, ҳайратга тўла жумбоқлари, тенгсиз бойликлари оҳанрабодек ўзига тортганди.

Москвага келгач, Гудини шаҳар махфий хизмати раҳбари генерал Лебедев қабулига кириш шарафига муяссар бўлди.

— Менга бир имкон беринг, — деди у генералга. — Мени шаҳрингиздаги исталган турмага қамаб қўйсинлар. Ўша турмадан сирли равишда ғойиб бўла олишимни томошабинларга намойиш этай!

— Йўқ, — дея кескин жавоб қилди генерал.

— Нега?

— Сиз америкаликларда айтилганидек, шарҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Генералнинг рад жавобида ўзига хос маъно мужассам эди. У кўзбўямачининг номеридан сўнг турма назоратчилари шарманда бўлишини, журналистлар бу ҳақда дунёга жар солишларини хоҳламасди.

— Унда мустаҳкам сандиқдан ўз кучим билан чиқиб олишимга изн беринг, — деди Гудини.

Генерал дарҳол катта, атрофи қалин темир билан ўралган, қопқоғи пўлатдан ясалиб, ҳеч ким оча олмайдиган қулфлар урилган сандиқни кўз олдига келтирди. Бу сандиқдан ўшанда энг хавфли жиноятчиларни сургунга жўнатиш мақсадларида фойдаланиларди.

— Ҳа, — бош силкитди генерал. — Бу илтимосингизни қабул қиламан. Аммо шуни билиб қўйинг, агар сандиққа ўз ихтиёрингиз билан тушсангиз, Сибирга жўнашингизга тўғри келади. Узоқ саёҳатга чиқишга рози бўласизми?

— Розиман, — деди Гудини ишонч билан. — Рухсат берсангиз бас.

Номер бошланишидан олдин артистни обдон текшириб, оёқ-қўлларига қалин занжир уришди. Сўнгра сандиққа солиб қулф осишди. Барваста полициячилар сандиқни шаҳар турмаларидан бири камерасига жойлаштирди. Вақт кетди!..

Орадан роппа роса 27 дақиқа ўтгач, қора терга ботган, азбаройи асабийликданми, жуссаси титраб қўяётган Гудини генерал Лебедев қаршисида пайдо бўлди.

— Кўриб турганингиздек, Сибир саёҳатига бормайдиган бўлдим, — деди у кулимсираб.

Лебедев эса жавоб бериш ўрнига қўл остидаги полициячиларни дўқлай кетди.

— Ким буни текширувдан ўтказган? Нега турманинг орқа тарафларини, ахлат ташланадиган трубаларни кузатмадиларинг? Аҳмоқлар!

Генерал ҳақ эди. Ўз даврида ажойиб чилангар сифатида машҳур бўлган Гудини айнан ахлат ташланадиган труба ичига сандиқ қулфлари осонлик билан очиладиган махсус жиҳозларни беркитганди.

Жаҳл отига минган генерал ўша кундан бошлаб полициячилар, хавфсизлик хизмати ходимларига Гудини ортидан тинимсиз кузатув олиб боришни буюрди. Шунга қарамай, Гудини маҳаллий афсунгарлар билан қизиқишдан тийилмади, тақиқланган ҳудудларга ҳеч кимга сездирмай ташриф буюраверди. Ҳатто, ким биландир суҳбатлашиб ўтириб, шундай жумлаларни тилига кўчирди:

— Мен Россияга келиб муҳим сирни аниқлашга муваффақ бўлдим.

Афсуски, бу қандай сирлигини на суҳбатдоши, на полициячилар идрок эта олди. Гудини тез кунда гастрол сафари ниҳоясига етиб ватанига жўнаб кетди.

Гудинининг сири

1913 йили Гудини Европа бўйлаб гастрол сафарлари уюштира бошлади. Шундай кунларнинг бирида унга Америкадан совуқ хабар олиб келишди. Қадрдон онаси оламдан ўтибди. Шундан сўнг қайғуга ботган Гудини энг машҳур, тенгсиз қобилиятга эга жодугар, афсунгарларга қатнаб, онасининг руҳи билан тиллашиш истаги борлигини айта бошлади. Фойдаси бўлмади. Артист тушуниб етдики, бу хизмат эвазига ундан катта пул олган афсунгарларнинг барчаси фирибгар экан.

Гудини азбаройи жаҳли чиққанидан уларни сирли равишда жазолашга қарор қилди. Қисмат экан. Афсунгар фирибгарлар унинг сирли жазоларидан, ниятидан воқиф бўлди ва ўзаро бирлашиб Монреалдаги университетлардан бирида лекция ўқиб ташқарига чиққанда тутиб олишди-да, аёвсиз калтаклай кетишди. Фирибгарлар Гудинини ўлдиришга бел боғлашганди. Шу сабабли шафқатсизларча калтаклашди. Оқибатда артист касалхонага тушиб қолди ва ўша ерда вафот этди.

Ўлимидан сал олдин ҳолидан хабар олиш учун келган хотини Розабеллага шундай деганди:

— Розабелла, мен Россияга борганимда ўта махфий сирни англашга эришдим. Сен ҳамма нарсага тайёр тур! Кут! Ишон!

Шундоқ ҳам эрининг аҳволидан қаттиқ қайғуга ботган Розабелла буни ўшанда умуман идрок эта олмаганди. Ўлимидан сўнг бирдан эрининг нима демоқчи бўлганини англаб, узоқ йиллар умид билан яшади. Ажойиб кунларнинг бирида эри тушига кириши ва ўша сирдан огоҳ этишини кутди.

Мана, ҳануз Америка аҳли бу сир аслида нима эканини аниқлай олмади. Гудинининг сири ўзи билан қабрда қолиб кетди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Жумбоқ: "Кўзбўямачининг қабрга олиб кетилган сири..."