Аммо кўз ёш, сиқилиш, ғам чекиш билан дардни аритиб бўлмайди. Насиба бунга кейинги йиллардаги ҳаёти давомида бир неча бор амин бўлди. Шу сабабли бир сесканиб ўрнидан турди-да, деразадан ташқарига боқди. Кеч туша бошлабди. Эшик ортида эса ҳар қачонгидек савдо қизигандан қизиганди.
— Шунча вақт ўтириб қолдимми? — деди ўзига ўзи шоша-пиша сочларини тўғриларкан. — Мараз солиқчининг гаплари асабимни бузди-да! Бу кунингдан баттар бўлгин, илойим!..
Насиба қўлига сумкачасини олиб секин кабинетдан чиқди. Кўз қири билан атрофни кузатиб, ходим ва ходималар ўз иши билан бандлигига гувоҳ бўлгач, ташқарига йўл олди. Шу орада иш юритувчи аёлга баъзи нарсаларни тайинлашни ҳам унутмади.
— Кеч кириб қолибди, — деди машинасига чиқиб ўтиргач. — Ҳадемай тун чўкади. Яна оғир, қўрқинчли, дардли ва аянчли лаҳзалар бошланади. Ойим ҳам анча қариб қолди. Мен билан узоқ гаплашиб ўтира олмайди. Телевизорни кўришга кўзим йўқ. Баттар асабим бузилади. Мақтовдан нарига ўтишмайди. Одамларнинг дардини сир тутишади. Йўқ, ҳозир уйга бормайман. Яхшиси, тунги клубимдан хабар оламан. Икки кундан бери қадам босмагандим. Кўрай-чи, ишлар қандай кетяпти экан!..
Насиба тахминан ярим соат деганда шаҳарнинг бошқа бир четидаги тунги клубга етиб келди. Ташқарида зулмат ҳукм сура бошлаган, аммо ой зулматга сира сўз бермай, оламни ёритишда давом этарди. Насиба шошилмасдан машинасини кўздан панароқ жойга қўйиб, хотиржамлик билан пастга тушди. Тушди-ю, даҳшатдан бақириб юбораёзди.
Тунги клубнинг кириш эшиги яқинида икки қўриқчи озғиндан келган йигитни тепкилар, йигит баланд овозда тўхташларини сўраб ёлворарди. Аммо қўриқчилар унинг илтижоларига қулоқ тута қолмасди.
— Ҳой, нима қилганларинг? — Насиба югуриб борди-да, қўриқчиларнинг олдини тўсди. — Ақлдан озганмисанлар? Нега уряпсан бу одамни? Жинни бўлдингми иккалангам? Ким ҳуқуқ берди сенларга?
Қўриқчилар Насибани кўрганданоқ бўшашиб қолишганди. Айбдорона ер чизган кўйи бир неча қадам ортга тисланишди. Насиба эса дарров ерда қонга беланиб ётган йигитга ўрнидан туришга ёрдамлашди-ю, қўриқчиларнинг бирига бақирди:
— Аъзам, нега қаққайиб турибсан? Тез ичкарига олиб кир, юз-қўлини юв! Кейин менинг кабинетимга опкирасан!
Қўриқчи йигитни етаклаганча клуб ичкарисига кириб кетгач, Насиба иккинчи қўриқчини сиқувга олди.
— Нега дўппосладиларинг уни? — сўради нафрат аралаш. — Бурнингни тортавермай, саволимга жавоб бер!
— Ҳалиги… — қўриқчи Насибага ер остидан қўрқа-писа қараб олди-да, жавоб беришга тутинди. — Т-талабайкан… Пули йўқлиги аниқ эди. Клубга кираман деяверди. Яхшиликча тушунтирсак…
— Нима? Талаба бўлса пулсиз юради деб ким айтди сенларга? Кучларинг шу йигитга етдими? Ташкилотингда шунақанги зўравонликка, шафқатсизликка ўргатишадими ҳали?
— Й-йўғ-э, опа, ундаймас… Ҳалиги…
— Сенларминан кейин гаплашаман! — гапни кесди Насиба. — Иккаланг ярим соатдан кейин кабинетимга кирасан.
— Хўп бўлади!..
* * *
Кабинетга кириб борганда, калтак еган талаба ва Аъзам деган қўриқчиси бир четдаги курсиларда ўтирганча ер чизарди.
— Сен бўшсан, — деди Насиба қўриқчига. — Ярим соатдан кейин шеригингминан олдимга кирасан.
— Бўпти.
— Чиқавер ишингга!
Қўриқчи чиқиб кетгач, Насиба талаба йигитга ачиниш аралаш зимдан тикилиб қаради. Унинг истараси иссиқ, кўз қарашлари самимий эди.
— Кечирасиз, ака дейми, уками, билолмадим. Майли, ука дея қолай! Нима бўлди? Бошидан гапиринг-чи! Айтганча, исмингиз нима?
— Билол, — деди йигит аста бош кўтариб. — Талабаман. Миллий университетда ўқийман.
— Жуда яхши, — деди Насиба. — Кўриниб турибди талабалигингиз. Нима бўлди, Билол? Нега қўриқчилар сизни дўппослашди?
— Жуда зўравон, қўрс экан қўриқчиларингиз! — Билол энди гап оҳанги совуқлашган кўйи жавоб қайтарди. — Ерга уриб ташлашди. «Талабайкансан, пишириб қўйибдими бу ерда?» деб нафсониятимга тегишди. Мен ўзимни босиб ичкарига кирмоқчи бўлдим. Улар эса… Кўрганингиздай…
— Қўриқчиларимни кечиринг, — деди Насиба асабий лаб тишлаб. — Иккаласиям ишдан ҳайдалади бугун… Биласизми, айбимизни ювиш учун нима қилишниям билмай бошим қотди. Ўзингиз айтинг, нима қилсам кечирасиз бизни? Истайсизми, дўконларимдан бирига борамиз-да, сизга бош-оёқ сарпо совға қиламан?!. Балки…
— Менга ҳеч нима керакмас, — деди Билол. — Елкамнинг чуқури кўрсин энди шу клубларингизни! Узр, кетишим керак. Имтиҳонга тайёрланишим зарур.
Шундай деб Билол даст ўрнидан турди. Унинг юзлари қонталаш, кўз остилари, томоқ остигача кўкариб кетганди. Оёғига ҳам қаттиқ тепишганми, бир-икки қадам юрганди, оқсаётгани сезилиб қолди.
— Йўқ, бунақаси кетмайди, — деди Насиба. — Ҳозироқ дўхтирга борамиз. Яраларингизга малҳам суришади, керак бўлса, укол қилишади. Мен сизни бу аҳволда қўйиб юбора олмайман! Нима бўлгандаям айб бизда. Айбимни ювмасам, ўзимни кечира олмайман!..
Билол қаршилик қилмади. Насибага итоат этган ҳолда қайтадан курсига чўкди.
Бир соатча вақт ўтиб улар илиқ хайрлашишди. Насиба талабанинг яраларига малҳам суриб, керакли уколлар олингач, уни талабалар шаҳарчасигача олиб бориб ҳам қўйди. Кетаётиб қайта-қайта узр сўради. Бемалол клубга бориб кўнгил ёзаверишини қайта-қайта тайинлади.
* * *
Аммо эртаси куни ҳам ўша талаба йигит негадир кўз ўнгидан кета қолмади. Кўз юмди дегунча Билолнинг ерда ётган кўйи типирчилаётгани, қўриқчиларнинг шафқатсизларча тепкилаётгани хаёлида гавдаланаверди.
«Қўриқчилариям анави солиқчидай бир бало, — кўнглидан ўтказди машина рулини бозор тарафга буриб. — Шунчалик ҳам раҳмсиз бўладими одам деган? Ифлослар-эй!.. Ишқилиб мелисага гуллаб қўймасин бу талаба. Солиқчи асабимни бузиб юргани етади менга. Мелисаси ортиқча…»
Машина рулини бозор тарафга бурди ҳамки, йўл четидаги автобус бекатида Билол ўтирганини кўриб қолди ва дарҳол тормозни босди.
«Нима бало, ростданам мелисага отландими дейман? — кўнглидан ўтказди у шошилмасдан машинадан тушаркан. — Кеча индамаганди-ку! Шунчалик номардми бу талаба?..»
Шу тобда кутилмаган манзара намоён бўлди. Қаердан пайдо бўлди, билмайди, ўзи томонга солиқчи келаётганини кўриб қолди. Насиба ғалати аҳволда қола бошлаганини ҳис этди-ю, тезда ўзини қўлга олиб атайин унга эътибор бермаган каби Билол ўтирган автобус бекатига қараб юрди. Билол ҳам уни кўрган, шунинг учун даст ўрнидан туриб Насибанинг истиқболига шошилди. Аммо солиқчи деярли яқинлашиб қолганди.
— Синглим, Насибахон, — деди юришдан тўхтамай. — Бир дақиқа!..
Солиқчи етиб келган бўлса-да, Насиба атайин салом бермади. Гўё уни кўрмаган каби Билолга юзланди. Саломлашди, ҳол-аҳвол сўради. Солиқчининг эса ортга чекиниш, суҳбат тугашини кутиш нияти йўқ эди.
— Насибахон, — деди кўзини лўқ қилиб. — Бир дақиқага менинг машинамга ўтирсангиз! Гаплашиб оладиган ишлар чиқиб қолди!
— Менинг солиқчилар билан қиладиган ишим йўқ, — деди Насиба бўш келмай. — Солиқларнинг ҳаммасини аллақачон тўлаб қўйганман, буни ўзингизам яхши биласиз. Агар гапингиз тугаган бўлса, хайр! Менинг манави йигитда зарур ишим бор.
— Илтимос, синглим, келинг, бир дақиқа вақтингизни оламан холос! Илтимос!..
Насиба билдики, солиқчи барибир тинч қўймайди.
Билолга машинасини кўрсатиб бироз кутиб ўтиришини сўради ва шундан кейингина солиқчига юзланди.
— Хўш, қанақа ишингиз бор менда?
— Машинамга ўтирайлик!
— Мен бировларнинг машинасига ўтириб ўрганмаганман!
— Унда… Майли, келинг, бекатда ўтира қоламиз! Кўп вақтингизни олмайман!
Насиба солиқчининг ортидан истамайгина юриб бориб бекатдаги ўриндиққа чўкди ва унга савол назари билан боқди.
— Биласизми, — салмоқ билан гап бошлади солиқчи янада жиддийлашиб. — Тунги клубингизда ноқонуний ишлар бўлиб ётганидан хабар топиб қолдик. Бунга нима дейсиз?
Насиба ялт этиб солиқчининг кўзларига боқди.
— Қанақа ноқонуний иш? Мен қонунларимизни ҳурмат қиламан!
— Жуда устамон ва айёр экансиз! — деди совуқ тиржайиб солиқчи. — Қойилман! Аммо… Минг афсус, тунги клубни очишга очибсиз-у, назоратни бўшаштирибсиз. Клубда ҳатто наркотиклар сотиларкан, суюқоёқлар сотиб олинаркан. Ичкилик, чекимлик савдоси авжида экан… Хўш, буларни ҳам қонуний дейсизми?
Насибанинг тоқати тоқ бўлди. Бу нусханинг асл мақсади бошқа эканини кўнгли сезиб турарди. Қаёқдаги туҳматларни юзига чаплаётгани алам қилди.
— Менга қаранг, мақсадингиз нима ўзи? — сўради охири чидолмай. — Гапнинг индаллосини айтинг!
— Ана, энди ўзингизга келдингиз, — дея кафтларини бир-бирига ишқалаб қўйди солиқчи. — Ақлли одамларнинг садағаси кетса арзийди. Хў-ўш… Демак, гап бундай. Сизда битта йўл бор. Агар шу йўлдан борсангиз, эркак сифатида сўз бераман, сизни ҳеч ким безовта қилмайди. Бемалол, қўрқмасдан тирикчилигингизни қилаверасиз.
— Ўша сиз айтган йўлдан бормасам-чи?
— Бормасангиз, жуда ёмон бўлади. Биргина наркотикнинг ўзи шўрингизга шўрва тўкиши тайин.
— Майли, айтинг, қанақа йўл экан ўша?
— Тунги клубни менга сотасиз, — деди солиқчи. — Йўли шу… Ишонинг, хафа қилмайман пул масаласида.
— Нима? Сотаман? Мен клубни ҳали вери сотмоқчи эмасман.
— Мен сиздан сотасизми-йўқми деб сўрамадим. Сотасиз дедим.
— Чучварани хом санабсиз, амаки! — Насиба шу тобда солиқчининг ёши ўтганини эслатиб қўйиш илинжида «амаки» сўзини атайин тилга олди. — Клуб сотилмайди.
— Сотаси-из! Сотмай қаергаям борардингиз?!. Ҳали мелиса, прокуратура, суд курсисига ўтириб кўрмагансиз-да! Айтиб қўяй, жуда ёмон бўлади! Ўйлаб кўринг!
Насиба ортиқ бир сўз демади. Зарда билан ўрнидан турди-да, хайр-маъзурни ҳам нася қилиб машинаси томон илдам юриб кетди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди