Вазият қанчалар чигал ва хавфли эканини Нафиса дарров англаб етганди.
Бу эркаклар шунчаки кўча безорилари эмаслигига ҳам ақли етиб бўлганди.
Қолаверса, уларни прокурор Азизов жўнатганига сира шубҳа қилмасди.
Аммо сир бой бермади. Ўзига яқинлашиб, билагидан олишга тутинган эркаклар томон қўлларини чўзган кўйи тўхтатди.
— Жонингдан умидинг бўлса, менга яқинлашишма! — атайин кўча гапини тилига кўчириб пўписа қилди Нафиса. — Кимсанлар? Менда нима ишинг бор?
Эркаклар билдики, у ўзини ҳимоя эта олади. Қолаверса, бу ҳақда прокурор ҳам аллақачон шипшитган. Шунинг учунми, барчалари икки-уч қадам ортга тисланди. Орасидан бўйи бошқаларидан-да новчароқ, кўккўз эркак ажралиб чиқди-да, қайтадан Нафисага яқинлашди.
— Сиз биз билан юришингиз керак, — деди у хотиржамлик билан. — Қилиб қўйган ишингизни бўлимда айтиб беришади. Ҳозир қаршилик қилманг-да, таслим бўлинг. Акс ҳолда куч ишлатишга мажбур бўламиз.
— Куч? — бўш келмади Нафиса. — Қайси кучингни ишлатмоқчисан? Қани, ишлат! Мени опкетиш учун санкциянг борми? Қани? Кўрсат!..
— Ишлатайми? Яхши-и! Лекин айтиб қўяй, бекорга пачакилашяпсиз биз билан! Ҳалиям кечмас, таслим бўлинг! Аёл киши бўлганингиз учун ўзимни босиб турибман холос. Бўлмаса…
— Хўп, кўрсат санкциянгни, — бўш келмади Нафиса. — Қани? Прокуратура санкция бергандир, ахир? Кўрсат!
— «Сен»лама мени, ойимча, — дея бир қадам олдинга қадам ташлади эркак. — Мен аканг бўламан. Сарвар акангман! Сарвар ака деб мурожаат қил менга!
— Сендақа акам бўлса, ўзимни осардим, — деди Нафиса. — Сендақаларни сизлашга ўрганмаганман. Нега қараб қолдинг? Кўрсатмайсанми санкциянгни?
Сарвар азбаройи жаҳли чиққанидан лабини қаттиқ тишлаган кўйи киссасини ковлаштириб гувоҳнома чиқарди ва Нафисанинг юзига тўғрилади.
— Мана менинг санкциям, — деди паст овозда. — Мен милицияда ишлайман. Хўш, ўқий олдингми? Ҳойнаҳой, мактабда ўқишни ўргангандирсан? Ё ўзим ўқиб берайми?
— Ҳаддингдан ошма, сержант, — деди Нафиса. — Мелисалигингни ҳов ўша қора бинога борганда кўз-кўз қиласан. Бу менинг ишхонам. Кафе меники. Ҳе йўқ, бе йўқ келволиб дўқлашга ҳаққинг йўқ.
— Демак, сен яхшиликчасига кўнмайсан, шундайми? — муштларини тугиб ўдағайлашга ўтди Сарвар. — Унда ўзингдан кўр! Ҳозир бир-икки тарсаки есанг, ювошиб қоласан.
— Қани, ур зўр бўлсанг! — дея жаҳл билан сумкачасини наридаги стол устига ташлади Нафиса. — Қани, тарсаки туширишга улгурармикансан! Кўрай-чи!
— Жавоҳи-ир! — ортга ўгирилиб, шерикларидан бирига бақирди Сарвар. — Кел тез! Манави қиз биз ўйлаганданам қайсар экан! Эсини киритиб қўйларинг! Қўлига кишан солларинг! Яхшиликни билмаса, ўзидан кўрсин!
Бўйи Сарвардан сал пастроқ, худди даканг хўроз каби кўксини олдинга чиқарганча Жавоҳир деганлари Нафисага яқин келиб қўлидан тутишга чоғланди. Нафиса эса бир қадам ортга тисланиб, икки қўлини олдинга чўзди.
Ҳа, энди бу чақирилмаган меҳмонларга кимлигини кўрсатиб қўймаса бўлмасди. Мелисага қўл кўтариш мумкин эмаслигини билади. Бироқ буларнинг эгнида милиция кийими йўқ. Шундай экан, қўл кўтарса, ҳеч нима қила олишмайди. Тақдир экан. Ҳеч мелисани дўппосламаганди. Бунгаям мажбур бўлади шекилли…
Нафиса бир муштлаб Жавоҳирнинг қўлини нари суриб ташлади-да, икки қўлини олдинга чўзиб, ҳимояга турди…
Шу маҳал кутилмаган манзара кўз ўнгида намоён бўлди.
Устун ортидаги стол қаршисида яна ўша ўзи билган Билол пайдо бўлганди. У айни чоғда овқатланмасди, олдида ичкилик ҳам йўқ эди. Икки қўлини баланд кўтарганча дуо қилар, икки кўзи Нафисада эди.
«Худойим, — дея хаёлан зорлана бошлади Нафиса. — Бу тағин қандай синовинг бўлди? Шунчалар кўпми мен идрок этмаган синовларинг? Қачонгача синайсан? Қачонгача ўтмишнинг бадалини тўлайман? Худойим, нега бу одамни яна менга рўбарў қилдинг? Нимага у дуо қиляпти?.. Билиб турибман, у берган овқатларим учун миннатдорлигини изҳор этяпти. Ана, узоқдан бўлсаям аниқ кўриб турибман. Унинг кўзларидан дув-дув ёш қуйилиб келяпти. Худойим, шу банданг аллақачон тавбалар қилиб бўлган-ку! Нимага буёғига бошқалардай хотиржам яшаттирмайсан? Нимага унга азоб бераверасан? Уям хотиржам тортишга, бахт нелигини ҳис этишга ҳақли эмасми?.. Йўқ, мени шу одам ёрдамида хавфдан огоҳ этаётганингни қалбан ҳис этиб турибман. Ҳозир манави гўрсўхталар билан муштлашишимга қаршисан. Шу одамни дуога қўл очтириб мени инсофга чақирмоқдасан. Ташаккур! Мана, энди қўрқмасам ҳам бўлади. Негаки, сен барибир мени ташлаб қўймайсан. Демак, қаршилик кўрсатиб ўтирмайман. Кўнглимда сен борсан. Ҳақ бўлиб менинг ҳақлигимни ҳимоянгга оласан. Бунга ишонаман. Маразларнинг ҳам жазосини ўзинг берасан. Тавба қилдим, худо! Лекин… Худойим, ўзингга айтаман. Агар бўлимга обориб менга зуғум қила бошласалар, чидаб тура олмайман. Ҳақсизликка қарши курашга отланишга мажбур бўламан. Ўзинг кечир!..»
* * *
Нафиса ҳаммаси буткул бошқа тарафга оғиб кетишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Қалбан мелисаларга қаршиликларсиз таслим бўлишга, уларнинг етагида милиция бўлимига кетишга шай турганди. Лекин дафъатан қалби тилга кирди. Ҳойнаҳой, Яратган унинг қалбига кириб келиб йўл кўрсата бошлади.
— Қизалоқ, сен ҳали катта йўл бошидасан, — дея уқтира бошлади номаълум овоз кўксини қитиқлаб. — Ҳалитдан ҳукумат одамлари билан ёвлашма. Барибир барака топмайсан. Ундан кўра, келишиш, тил топишиш йўлларини изла! Ана шунда сенинг ҳам, муштипар онангнинг ҳам тинчликларинг бузилмайди. Ҳаловатингни йўқотмайсан. Шошил! Пайт пойлама! Таваккал ҳаракатлар содир эт! Ёвга айланишга шай бу нусхалар билан тил топишиш учун шошил! Шошилмасанг бўлмайди…
— Сарвар ака, — дея кутилмаганда қаршисидаги эркакка юзланди Нафиса. — Сизлардан бир илтимосим бориди. Агар шу илтимосимни бажарсангиз, гап йўқ, бораман қаерга десаларинг!
— Хўш, нима қилиб берайлик, — Нафисанинг паст тушганини кўриб Сарварнинг юзларига қизил югурди ва совуқ тиржайди. — Қани, айтсинлар! Нима хизматлари бор?
— Прокурор Азизовни чақириб берсангиз. У одам билан ҳозироқ гаплашиб олмасам бўлмайди. Бусиз сизларга эргашиб кета олмайман, тушунинг!..
— Шуни олдинроқ айтишнинг иложи йўқмиди? — дея ёнидаги Жавоҳирни нари сурди Сарвар. — Боядан бери қайсарлик қиласан. Дўқлайсан. Дарров айтсанг бўларди-ку! Бўпти, Азизов ташқарида. Ҳозир шахсан ўзим чиқиб бошлаб келаман!..
* * *
Орадан чамаси 15-20 дақиқа вақт ўтди. Негадир Сарвар қайта қолмасди. Шериклари ҳам зерикишди чоғи, безовталаниб бир неча марта навбати билан ташқарига чиқиб келишди. Нафиса эса сумкаси турган стол қаршисига ўтирганча сукут сақлар, ора-сирада устун ортидаги стол қаршисида ўтирган Билолга кўз ташлаб олишни канда қилмасди. У қўлларини аллақачон пастга туширган, бошини қуйи солган кўйи тек қотганди.
Ниҳоят кафенинг ташқари эшиги очилиб, Сарвар ичкарига кирди. Аммо ёнида Азизов йўқ эди.
Нафиса ҳайрон бўлиб истар-истамас ўрнидан қўзғалди.
Сарвар тўғри унга яқинлашиб келди-да, олдин шерикларига ташқарини кўрсатиб ишора қилди. Улар шу заҳоти олдинма-кетин кўчага йўл олишди.
Бу ҳам Нафиса учун ечиб бўлмас жумбоқдек туюларди. Ҳеч нарсага тушунмасди. Устига-устак, Билол ҳам шоша-пиша ўрнидан туриб мелисаларнинг ортидан ташқарига йўл олди.
— Азизов нега келмади? — сўради Нафиса бетоқатланиб. — Билинг, мен то ўша киши келмагунча ҳеч қаерга бормайман.
— Синглим, тўғри тушунинг, — уқтира бошлади Сарвар. — Азизов прокуратурага кетиб қолган экан. Қўнғироқ қила-қила зўрға тушдим. У киши сизни ўша ерга олиб боришимизни тайинлади. Бормасангиз бўлмайди. Ишонинг, айбингиз бўлмаса, ҳеч ким сизни ушлаб турмайди. Қўйворишади.
— Буниси қизиқ бўлди-ку, — ҳайрон бўлиб елка қисди Нафиса. — Сизлар шунчалик ишончига кирибсизларки, у киши хотиржам кетибди-да!
— Нега ишонмасин? — деди Сарвар. — Бир тизимда ишлаймиз ҳар ҳолда. Бир-биримизга ишонмасак, қандай ишлаймиз? Хўш, кетдикми? Қайсарлик қилмайсизми энди?..
Ортиқ қаршисидаги Сарвар билан ади-бади айтишишга Нафисанинг кучи ҳам, тоқати ҳам қолмаганди.
Таваккал қилишни маъқул билди.
Ишонди. Худо барибир уни ташлаб қўймайди. Паноҳида асрайди. Шундай экан, бошини баланд кўтариб бораверади. Ҳеч кимдан қўрқиб, ҳадиксираб ўтирмайди. Жиноятчи эмас-ку, ахир!..
— Қани, бошланг унда, — деди қўлига сумкасини оларкан Сарварга. — Бораман. Қўрқадиган ерим йўқ.
— Узр, сингил, расмиятчилик-да, айбга буюрмайсиз!
Сарвар шундай деб қўлидаги кишан билан Нафисага яқинлашди. — Эҳтиёт шарт қўлларингизга кишан солишимиз шарт. Бўлмаса, раҳбарлардан гап эшитамиз!..
Нафиса қаршилик кўрсатмади. Қўлига кишан урилгач, Сарварнинг олдига тушганча ташқарига чиқиб кетаркан, охирги марта устун ортидаги стол томон кўз ташлади.
Билол кўринмади…
* * *
Машина шаҳар кўчалари бўйлаб елдек учиб борар, Нафисани худди ашаддий жиноятчилар каби икки барзанги ўртага олган кўйи тек кетиб борарди. Олд ўриндиқда ўтирган Сарвар эса қур-қур эринмай ортга ўгирилар, Нафисанинг жим ўтирганига қайта-қайта амин бўлишни хоҳларди. Ора-орада ҳайдовчига нималарнидир уқтирган бўларди. Бундан ташқари, олд ойнадан бошини чиқариб, кетма-кет келаётган машинани кўздан кечирарди.
Шу кўйи улар шаҳардан ташқарига чиқишди. Қоронғиликда, зулмат қўйнида фақат бедами, буғдойми экилган пайкаллар оҳиста чайқаларди.
Шундагина Нафиса беихтиёр сергак тортди…
Ахир, прокуратура ҳам, мелисахона ҳам шаҳарда жойлашган-ку! Булар нега шаҳардан ташқарига чиқишди? Қаерга олиб кетишяпти уни?..
Шу саволлар кўксини кемириб, қаддини ростлаб тилга кирди.
— Тўхтатларинг машинани! Мени алдаб бошқа ёққа олиб кетяпсанлар! Тўхтат дедим! Тўхта-ат!!!
Унинг қичқириғини олдинига тек ўтириб тинглашди. Овози авж пардага кира бошлагач, чап ёнидаги барзанги маҳкам тирсагини сиқимлади.
— Чакагингни ўчирасанми-йўқми? Ҳозир бир уриб…
— Вей, Соли, — Сарвар кескин ортга бош буриб барзангини дўқлаган бўлди. — Ўзингни босвол! Бу жононга зиён етказсанг, Азизов нақ терингни шилволади! Тадбиркор, бойвуччаларминан сал ўйлашиб муомала қил-да, хумпар!..
Унинг қочиримларини ўтирганларнинг ҳаммаси дарров тушуниб, баравар кулиб юборди. Фақат рулдаги ҳайдовчигина кулгига жўр бўлмади. Қовоқ уйганча, гўё ҳеч нарса бўлмагандек йўлдан кўз узмади.
Нафиса аллақачон алданганига амин бўлганди. Аммо қаршилик кўрсатиши учун шу тобда умуман имкон йўқ. Анави икки барваста эркак ўртага олволган. Қўллари кишанда. Оёқ зарбаси бериш учун машина салони торлик қилиши тайин. Ортиқча ҳаракат қилса, ёнидагилар ҳам, Сарвар ҳам боплаб тушириши турган гап. Кишанланганидан унумли фойдаланиб қолишларига шубҳа йўқ. Хўш, нима қилади энди? Онаси ҳам кўзлари тўрт бўлиб ўтиргандир. У эса қаёқдаги кўча бандитларининг алдовларига лаққа тушди. Энди адабини ейди. Ҳозир қайсидир чеккага олиб боришади-да, билган қандларини ея бошлашади…
Йўқ, бунақаси кетмайди. Йўлини топмаса, ўзини бу нусхалардан ҳимоя қилмаса, додини ҳеч ким эшитмайди. Қолаверса, худоям ҳаракат қилганга ён босади. Тек ўтираверса, уям парвойига олмайди…
Айтганча, Азизовдан гап очди-ку анави! Демак, прокурор шаҳардан четроқда ўч олишга аҳд қилган…
Давлатнинг одами-ку! Ваҳший ҳайвон ё маҳлуқ эмас-ку! Зарра бўлсин инсофи бордир, ахир!?. Бироқ акси бўлиб чиқса…
Ҳа, унда айёрона йўл тутади. Эҳ, қўлларини кишандан бўшатиб олса, бу барзангиларнинг додини берарди-я! Қанийди шундай бўлса!..
* * *
Машина қандайдир оралиқ кўчага кириб тўхтади. Шундоқ ёнбошдаги кўк рангга бўялган дарвоза ланг очиқ эди. Иккита машина олдинма-кетин ҳовлига кирди. Қоронғида кимдир келиб дарвозани қайтадан ёпиб кетди.
— Қани, ойимқиз, тушсинлар энди! — буюрди Сарвар масхаралаш оҳангида. — Ичкарида сизни окахонингиз Азизов жаноблари кутяпти. Ўзиям эзилиб кетгандир кутавериб! Туш тез!..
Нафиса шу лаҳзаларда ҳаётнинг яна бир ҳақиқатини чуқурроқ англаб етгандек эди. Одам боласи ҳақиқатан бир соат, ёки беш дақиқадан кейин бошига не кунлар тушишини билмас экан. Мана, унинг ўзи шунга гувоҳ бўлиб турибди.
Каратэчиман, манаман деган эркакни ер тишлата оламан деб ўйларди. Чучварани хом санаган экан. Ҳийла ва макрдан ҳатто каратэчи ҳам қочиб қутула олмаскан. Унинг пойида тиз чўкишга мажбур бўларкан…
Нафиса хаёлан худодан паноҳ сўраганча буйруққа бўйсуниб пастга тушди. Тушгани ҳамоно барзангилардан иккитаси келиб икки қўлтиғидан олди-ю, ертўла томон судраб кетди.
Эҳ, қанчалар шарманда бўлди! Қаршилик кўрсатиш тугул бир оғиз ёмон сўз айтишга ожиз қолди. Бегона жойларнинг балоларидан чўчий бошлади. Бир сўз билан айтганда, аёллигига, ожизалигига борди…
«Йўқ, — деди барибир хаёлан бўлса-да, ўзини бардам тутишга уриниб. — Мен ўзимни хор қилдириб қўядиганлардан эмасман. Номусимни қаттиқ туриб ҳимоя қила оламан. Эҳ, ойижон, ўзимнинг соддагина ойижоним-а! Наҳотки, сизам мана шундай вазиятларни бошдан кечирган бўлсангиз? Наҳотки, ҳар хўрлашганда, хўрлаб туриб қўлингиздаги ҳалол пешона терингиз эвазига топган пулларингизга чангал солаверишганда ҳам сукут сақлашдан нарига ўтмаган бўлсангиз? Тўғри-да, аёл киши шунақа бўлади. Бостириб келган балоларни, дард, ситам, хўрликларни қайта-қайта бағрига босаверади. Ўлса ҳам, қонига беланиб ётса ҳам барибир уларга қучоғини очиб бераверади. Аммо… Мен барибир сиз йўл қўйган хатоликларни такрорламайман! Мана кўрасиз, мен ҳам бу босқинчи, мараз, олчоқларни ҳийла-найранг йўли билан енгаман. Ўшанда булар менинг кимлигимни билиб олишади…»
Барзангилар унинг қўлтиғидан олган кўйи ростдан ҳам ертўлага судраб тушишди.
Остона ҳатлаб ичкарига кирди-ю, Нафиса ўзи кутганидек, тахмин қилганидек, биринчи бўлиб тўрда керилганча ўтирган прокурор Азизовни кўрди.
У Нафисани кўргандан кейин ҳам ўрнидан туришга шошилмасди.
Беўхшов тиржайиш қилиб, унга тикилганча сукут сақларди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”