14:36 / 13.11.2018
3 837

Қайта туғилиш бахти

Қайта туғилиш бахти
Офтоб чарақлаб кетганига қарамасдан ёмғир ёға бошлади. Қизиқ! Ҳозир камалак чиқармикин?!

Шамол булутларни беманзил маконга ҳайдаб кетяпти. Қуёш эса жангда тантана қилган ботирдек ғолиблигини исботлаш учун ўткир найзаларини кўтариб оламга кўз-кўз қилаётганга ўхшайди. Табиатнинг бу ажабтовур ҳавоси худди менинг кўнглимда кечаётган туйғулар каби бесаранжом. Дераза ортидан осмонга қараб, узоқ хаёл суриб қоламан…

Энамнинг айтишига қараганда, мен туғилганимда ҳам худди шундай ажабтовур ҳаво бўлган экан. Тандирдаги нонларни узиб олаётган энам оловнинг иссиғида дардини «пишириб қўйган» ва мен тандирхонада туғилганман. Анча пайтгача енгса ёки рапиданинг устида ётган бўлсам керак. Ҳар гал Санам момони кўрганимда, «Киндигингни ўзим кесганман. Мен бўлмаганимда бу ҳаётда кўрганинг фақат увада рапида бўларди», дейди. Болалигимда бу гапларнинг мағзини чақолмасдим. Нима демоқчилигини кейин билганман. Менинг дунёга келишим ана шундай бўлган.

Ўн етти ёшимда мени ўн беш яшар ғўр қизчага уйлантириб қўйишди. Ҳали қўғирчоқ эрмак қилиб юрган қизалоқ рўзғор тутумини эплай олмасди. Хаёли паришон Муниса билан тўққиз йил турмуш қилдим, аммо фарзанд бўлмади. Кейинги пайтларда дардман бўлиб қолган Муниса болишларга кўйлак кийдириб, «алла»лайдиган одат чиқарди. Кечалари сочлари тўзғиган кўйи ойга термилиб ўтирган савдойи аёлни кўриб, чўчиб кетардим. Кейин уни ота-онаси олиб кетди. Гулдек қизининг умрини увол қилиб, шошиб узатган ота-онани ёмон кўриб кетганман ўшанда. Бунда мен йигирма еттида эдим. Муниса кетди ва елкамдан тоғ ҳам қулагандек бўлди. Мен қайта туғилдим, энди ҳаммасини бошидан бошлайман…

ўарибгина кулбамнинг энг бебаҳо бойликлари ҳам ғарибдек бўлиб қолишганди. Кун ўтган сайин уларнинг умри кузлашиб бораётганини ҳис қилардим. Неча йиллар интизор кутган фарзандининг бахти кулмаганидан изтироб чекаётган ота-онамни шод кўриш учун яна уйландим. Қариндошларим «Таги-зотининг тайини йўқ бир етимчага уйланиб нима барака топардинг, уйланаман десанг, ўзимизнинг хешларда ҳам қиз кўп эди», деб роса гап қилишди.

Ўзи ғарибгина бўлса ҳам, ақли бой экан етим қизнинг. Қушлардан ҳам эрта уйғонадиган янги келинчагим ҳаётимга мазмун киритгандек эди. Ўзимни биринчи марта уйланган янги куёвдек ҳис қила бошладим. Кўп ўтмай кўпайдик. Чўнтакларимни суюнчига тўлатиб туғруқхона эшиги олдида турарканман, яна осмонга булут чиқди, бир пас ўтмай қуёш… Қизиқ, ёмғир ёғармикин? Аёлим деразадан эгизак ўғилларимни кўрсатганида яна бир марта туғилгандек бўлдим.

Бахтни бирга баҳам кўриш насиб этмаган экан, аёлим оғир хасталик туфайли оламдан ўтди. Кўп ўтмай ота-онам ҳам…

Ёлғизликда чорасиз қолдик. Ҳаммадан ҳам ҳали сутдан айрилмаган эгизакларимизга қийин бўлди. Маъракалар ўтгач, узоқ бир қариндошимиз болаларга она кераклигини, уларни эркак киши уддалай олмаслигини, ўзи энага топиб беришини айтди. Худди хонумонига ўт кетган одамдек гарангсиб қолдим. Икки боламни бағримга босиб, тўйиб-тўйиб ҳидлайман. Йиғлашса, қўшилиб йиғлайман. Ишга қайтиш фурсатим етганида қариндошим уйга бир кўҳлик жувонни олиб келди. Гарчи энага аёлнинг феълини яхши билмасам-да, қоракўзларимни унга ишониб, ишга чиқишга мажбур бўлдим.

Кун ўтган сари болалар улғая бошлашди. Онасиз катта бўлаётган гўдакларимни кўриб, қисмати онасидан мерос қолдимикин, деб ўйлаб қоламан. Уларга жуда раҳмим келади. Бир куни «Эртага ишдан эртароқ қайтаман-да, болаларим билан маза қилиб ўйнайман», деб дилимга тугиб қўйгандим. Таассуфки, хунук ҳодисанинг гувоҳи бўлиб қолдим. Етимлиги етмагандек куни кўзи сузук, сўзи бузуқ энага хотинга қолганини билиб, устилари кир, ўзи афтодаҳол эгизларимга ачиниб кетдим. Эшикдан киришим шанғиллаётган хотинни кўчага ҳайдаб солдим. Тиззаларимни қучиб йиғлаётган норасидаларимга яхши ота бўлолмаётганим алам қилиб кетди.

Биз яна ёлғизлик азобини торта бошладик. Ишдан бўшай десам, болаларни ким боқади? Ишлай десам, ҳали еттига етмаган ўғилларим қаровсиз қолади… Энди бошқа туғилмасам керак. Ҳар сонияда ҳасратлардан ўлиб боряпман.

Болаларни дам қўшни кампирга, дам қоровул чолга қолдириб ишимни давом эттирдим. Қировли қиш эшик қоқиб, қаҳратонни бошлаб келган кунлар… Азонлаб эшик тақиллади. Юпунгина кийинган, совуқдан дилдираётган қиз бир бўлак нон сўраб турибди. Ҳали тонг ҳам отиб улгурмаган, бу қиз қачон уйғонган экан? Унинг ночорлигини кўриб, болаларим кўз олдимга келди ва дарров ичкарига бошладим. Чой тайёрлаб бердим. Ютоқиб нонушта қилаётган қиз менинг чиқиб кетаётганимни ҳам пайқамади. Негадир ички хотиржамлик пайдо бўлди менда. Болаларни дайди қизга ишониб, ишга кетдим. Ўша куни уйга жуда кеч қайтдим. Ярим тун бўлишига қарамасдан ҳовли чироқлари ёниқ, дарвоза очиқ экан.

Кўнглимга турли шубҳа оралади, лекин уйга киришим билан бекали хонадоннинг пок иси уфургандек бўлиб кетди. Ҳовлидаги дор ювилган кийим-кечаклар билан тўла. Кузда тўкилган барглар қишда ёққан қор билан қоришиб, муз билан қопланиб қолган йўлаклар ойнадек ялтираб турибди. Холаваччаларим келдимикин, деган ўй келди. Менга пешвоз чиқиб келаётган қизил чит кўйлакдаги аёл худди Рисолатга ўхшар экан. Хаёлимга биринчи келган гап шу бўлди. Жингалак сочларидан тортиб, озғингина гавдаси ҳам раҳматли аёлимни эслатиб юборди. Не кўз билан кўрайки, наҳорда эшик қоққан рўдапо қиз қаршимда ойдеккина бўлиб жилмайиб турарди.

Мен унда Рисолатни кўрдим ва шу сонияларда яна қайта туғилгандек бўлдим. Уни менга Худонинг ўзи етказди. Нигоҳи қайғуга тўла бу қиз шу уйда қолишни истаётганини ҳаракатлари айтиб турарди. Мен уни биринчи кўрганимда кўзларимга ёш келганди, у эса болаларимни кўрганида тўйиб-тўйиб йиғлаган эмиш. Балки, бу гапларни уни ҳайдамаслигим учун айтгандир… Лекин шу қиз хонадонимга келгач, болаларимнинг ранги кўриниб, бети қизариб қолди. Шундан билдимки, барибир, аёлнинг рўзғордаги ўрни бўлак бўларкан.

Анора болаларимга оналик қилмоқчилигини айтганида, ўзимни ойнага солиб кўрдим. Елкалари букилган, соч-соқолига оқ оралаган, синиқ чеҳрасига ажинлар ин қурган, юзи қатқалоқ ерга ўхшайдиган, қирқ қирдан ошган бир киши маънисиз қараб турарди. Аноранинг кундан-кунга тўлишиб бораётган ойдек ҳусни мени ром қилгани рост, аммо мендек буришиқ бир одамнинг унга ёқиши ҳақиқатдан бироз йироқдек. Унинг гапларидан бошпанасиз қолишдан ҳадиксираётгани билиниб турарди.

Лекин мен бошқа оила қилишни истамадим. Унга болаларимга опа, менга сингил бўлишини таклиф қилдим. Қиз гапларимдан дув-дув йиғлади. Билсам, у ҳам сағирликда катта бўлган, ёши ўн саккизга тўлгач меҳрибонлик уйини тарк этиб, умри хорликда қолган экан. Осмондан тушган опасининг пинжига тиқилиб турган Ҳасан-Ҳусанларимга қараб, кўнгли ярим тўрт бандани бир тақдирга тизиб қўйган қодир Эгамнинг ишларидан ҳайрон қолдим. Ҳеч қайсимизнинг бир-биримиздан бошқа яқинимиз йўқ эди бу оламда. Аллоҳдан яқинларимдан бошқа айирмаслигини ёлвориб сўрадим. Чунки бу мен учун ҳақиқий ўлим бўлади. Мен эса ҳали яшашни истайман.

Ҳар ёқларга учиб кетган дайди хаёлларни момақалдироқнинг овози бўлиб юборди. Ҳаммамиз дераза ёнига югурдик. Офтоб чарақлаб турибди-ю, ёмғир ёға бошлади. Қизиқ! Ҳозир камалак чиқармикин?!
АБДУМАЛИК

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қайта туғилиш бахти