Facebook асосчиси Марк Цукерберг инсониятнинг умумий мақсади ва билимлар иқтисодиёти ҳақида сўзлайди, шунингдек ижтимоий тармоқларни деб одамлар реал ҳаётда мулоқот қилмай қўйганидан норози бўлаётган танқидчиларнинг танбеҳларига жавоб беради.
Цукербергда аутизмнинг енгил версияси ҳисобланган Аспергер синдромининг баъзи белгилари кузатилмоқда. Айтишларича, унда одамлар билан мулоқот қилиш билан боғлиқ муаммолар бор — бу айниқса ўзи ва бошқалар ҳис-туйғуларини ифодалашда яққол сезилади. Шуниси қизиқки, Цукерберг айнан бутун дунё одамларига танишиш имконини бериш орқали бойиган. Лекин шу билан бирга, унинг ишланмаси туфайли биз эртадан кечгача ўз гаджетларимизга термулиб ўтирамиз ва ҳозир ўзаро мулоқотларимизнинг катта қисми реал ҳаётда кечмаяпти.
Қандай бўлмасин, Марк Цукерберг - дунёнинг энг ёш миллиардерларидан бири. Унинг бизнеси аллақачон дўстона ёзишувлар учун ижтимоий тармоқ даражасига кўтарилган. Facebook — улкан шахсий маълумотлар базаси, ўтган баҳорда Cambridge Analytica билан боғлиқ можаро вақтида бунга ҳамма ишонч ҳосил қилди.
2013 йилда Цукерберг internet.org ташаббуси ҳақида эълон қилди. Унинг мақсади — бутун дунё бўйлаб миллиардлаб кишиларни интернетга кириш имкони билан таъминлаш. "Тасаввур қилинг, фермерга об-ҳаво ҳақидаги маълумотни ёки оддий дарсликлари бўлмаган болалар учун электрон энциклопедия ўқиш қанчалик қизиқ бўлади", - дейилади internet.org сайтида. Ўз навбатида, тасаввур қилинг, 5 миллиард киши у туфайли интернетга кириш имконига эга бўлса, Facebook аудиторияси қанчалик кенгаяди!
Умуман олганда, Марк Цукербергни ёмон ниятда айблаб бўлмайди. У Билл Гейтсга тенглашмоқда: Giving Pledge ташаббусига қўшилди ва ўз бойлигининг 99 фоизини "инсон салоҳиятини кенгайтириш ва тенгликни тарғиб қилиш"га сарфлашни режалаштиришмоқда. Кўпчилик интернетга тобелик деб атайдиган нарсани эса билимлар иқтисодиёти қурилиши дея изоҳлайди. Forbes бизнинг одатларимизни ўзгартирган ва онлайн-ҳаёт асосичиларидан бири бўлган Марк Цукербергнинг қизиқарли фикрларидан парчалар келтирди.
Мен учун Facebook доим одамларни англатган. Кўпчилик буни эрмак, қисқа муддатли машғулот деб ҳисоблаганди, шу боис мен уни шунчаки ёрдамчи дастур деб атадим. Шу билан бирга, мен тармоқни яратиш ва муносабатлар ўрнатиш - одамлар учун асосий машғулотлардан бири экани ҳамда бу қисқа муддатли эрмак эмас, барча замонлар учун долзарб восита эканини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Жамоани бошқараётганингизда қандайдир улкан мақсадни кўзлаш керак эмас, шунчаки фойдали ва узоқ муддатли ихтиро қилиш керак.
Бизнинг авлод кимлар билан ишлашига тўғри келади? Бизнинг авлод ўн миллионлаб ишчи ўринлари автоматлаштирилган тизимлар, ҳайдовчисиз автомобиллар ва юк машиналарига алмашишига гувоҳ бўлади. Бироқ бизда бусиз ҳам биргаликда амалга оширадиган имкониятлар мавжуд. Ҳар бир авлоднинг ўз лойиҳаси бўлади. Инсон Ойга чиқиши учун 300 минг киши ишлаган. Миллионлаб кўнгиллилар бутун дунё бўйлаб болаларни полиомиелитдан қутқаришган. Миллионлаб кишилар Гувер тўғони ва бошқа катта лойиҳаларни қуришган. Бу лойиҳалар нафақат уларда иштирок этган одамлар учун мақсадга айланган, балки бутун мамлакатимизга буюк ишлар қила олишимиз учун фахр туйғусини берган. Энди эса бундай ишларни қилиш навбати бизга келди. Эҳтимол "Мен қандай қилиб тўғон қуриш ёки бирор лойиҳага миллионлаб кишиларни жалб қилиш мумкинлигини билмайман", деб ўйлаётгандирсиз. Бироқ бир сир билан бўлишишга ижозат берсангиз: бирор ишга қўл урилганда унинг нима билан тугашини ҳеч ким билмайди. Ғоялар бизга тўлиқ тайёр шаклда келмайди. Уларнинг устида ишласаккина аниқлик юзага келади. Сиз шунчаки бошлашингиз керак. Агар мен бошлаш олдидан одамларни қандай бирлаштириш ҳақида билганимда ҳеч қачон Facebook'ни йўлга қўймасдим.
Фильмлар ва поп-маданият бизга бу қандай ишлашига доир нотўғри тасаввур беради. Бизга бирданига келган ғоя - хавфли ёлғон. Агар биз вазиятни олдиндан кўра билмасак, бундай стереотип ўзимизни нотўғри тутишга мажбур қилади. Бу яхши ғояга эга кишиларга иш бошлашга йўл бермайди.
Инновациялар ҳақида сўзловчи фильмларда яна нима нотўғри, биласизми? Ҳеч ким математик формулаларни шиша ойнага ёзмайди, бунақаси йўқ.
Идеалист бўлиш яхши, бироқ одамлар сизни тушунмаслигига тайёр туринг. Катта визионер концепциялар билан ишловчи ҳар қандай инсонни ҳатто ҳақ бўлса-да, кун келиб аҳмоққа чиқаришлари мумкин. Мураккаб муаммолар комплекси билан ишловчи ҳар қандай кишини бу муаммоларни умуман тушунмасликда айблашлари мумкин, ҳолбуки барчасини олдиндан билишнинг иложи йўқ. Ташаббус билдираётган ҳар қандай кишини бирор ишни ҳаддан ташқари тез бажараётгани учун танқид қилишади, чунки доим сизнинг амалдагидан секинроқ ҳаракат қилишингизни истовчи кишилар топилади.
Жамиятда бирор катта иш қилмаймиз, чунки хатога йўл қўйишдан қўрқамиз. Бироқ агар ҳеч нарса қилмасак, биз баъзи нарсалар нотўғри эканлигини рад этган бўламиз. Ҳақиқат шундаки, қилаётган барча ишларимиз келгусида қандайдир муаммоларга дуч келади. Аммо бу сизни янги иш бошлашдан тўхтатмаслиги керак.
Нимани кутяпмиз? Бизнинг авлод учун нима умумий буюк иш бўла олиши борасида бир қарорга келадиган вақт келди. Сайёрани йўқ қилишимизга қадар иқлим ўзгаришини тўхтатиш ва миллионлаб одамларни қуёш батареялари ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга жалб этишга қандай қарайсиз? Барча касалликларни даволаш ва ўз соғлиғи ҳамда геноми ҳақида маълумот билан бўлишувчи кўнгиллиларни жалб қилишга-чи? Бугун биз касал бўлишнинг олдини олувчи дори воситаларини излашга эмас, аллақачон касалликка чалинган кишиларга 50 баравар кўп маблағ сарфлаяпмиз. Бу бемаънилик. Биз бу вазиятни тузатишимз керак. Демократияни ҳар бир инсон онлайн овоз бера оладиган даражада модернизация қилишга нима дейсиз? Ҳар бир инсон таълим олиш имконига эга бўлиш учун таълимни персоналлаштиришга-чи? Бу бизнинг қўлимизда. Келинг, жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз роли бўлиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилайлик.
Муҳим лойиҳаларга киришиб, ҳар бир инсон ўз мақсадини ҳис қилиш учун биринчи қадамни ташлаймиз. Иккинчи қадам — тенгликни қайта кўриб чиқиш ва ҳар бир инсонга ўз олдига мақсад қўя олиши учун эркинлик бериш. Ота-оналаримизнинг аксарияти бутун карьералари давомида барқарор ишда ишлашган. Бугун компания очишимиз ёки унда ишлашимиздан қатъи назар, барчамиз тадбиркормиз ва бу ажойиб.
Биз барчамиз фақат ғоя яхши бўлгани ёки кўп ишлаганимиз учунгина муваффақиятга эришмаганимизни биламиз. Омадимиз келгани учун ҳам муваффақиятга эришганмиз. Агар мен бутун вақтимни дастурлаштиришга бағишлаш ўрнига оиламни қўллаб-қувватлашим керак бўлганида барчаси бошқача бўлиши мумкин эди. Ҳатто Facebook инқирозга юз тутса ҳам, ишларим жойида бўлишига ишончим комил бўлмаганида, мен ҳозир бу ерда турмаган бўлардим. Тўғрисини айтиш керак, қанчалик омадимиз келганини барчамиз яхши биламиз.
Бизнинг маҳсулотларимиз эзгу мақсадларда ишлатилишига ишонч ҳосил қилишни истайман. Кунимга якун ясаётиб, кимдир мени нимададир айблаши ҳақида ўйламайман. Facebook'да ҳаммаси мутлақо тўғри ва яхши бўлиши мумкин эмас. Бу одамлар. Одамлар ундан яхши мақсадларда ҳам, ёмон мақсадларда ҳам фойдаланади. Биз ана шу яхшилик ёки ёмонликнинг тарқалиши учун жавобгармиз, шу боис ёмонликни камайтириш йўлида имкон қадар ҳаракат қиляпмиз.
Технологиялар инсонлар имкониятларини оширади. Одамларнинг ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Мен технологиялар инсонлар имкониятларини яхшилашига ишонаман. Умуман олганда, одамлар яхши эканига ишонаман, шундай экан, технологиялар ижобий таъсирга эга бўлади.
Қизиқ бир тадқиқот бор. Унга кўра, бир америкаликнинг қийин вазиятда мурожаат қилиши мумкин бўлган ўртача уч яқин дўсти бор. Шунинг учун мен компания ичида жамоа туздим ва савол бердим: "Инсоннинг ўртача яна бир дўсти пайдо бўлишига эриша оламизми?" Гап шунчаки одамлар аввалдан биладиган кишилар билан боғланишга ёрдам беришда эмас, чин маънода уларнинг ҳаётида муҳим ўзгариш қилишда.
Имкон қадар тезроқ ўқиб ўрганиш — компаниямиз стратегияси асосларидан бири. Бу "Окей, шу тариқа биз энг яхши мессенжерни қурамиз ёки шундай қилиб биз энг яхши янгиликлар лентасини тузамиз" сингари ҳар қандай аниқ стратегиядан муҳимроқ. Одамлар бизга айтган гаплар билан имкон қадар тезроқ ўрганувчи мослашувчан компания қуриш лозим.
Facebook'да муҳандисларимиз, бегона компаниялар ва фойдаланувчиларга катта эркинлик тақдим этамиз. Улар ўзлари керак деб ҳисоблаган ишларини қилиши мумкин ва биз уларга ишонамиз. Менинг ғояларим ва таклифларим ҳамда ходимлар ва ташқи фойдаланувчилар ўртасида мувозанат мавжуд. Ўйлашимча, маълум бир даражадаги четлашув муҳим.
Менежмент санъати ажойиб қарорлар учун супербошқарувчини жалб қилишда эмас, одамларга ўзингиз рози бўлмаган ишларни ҳам қилишга имкон беришдадир. Зеро бу ижодий жараённи ривожлантиришга туртки беради, одамлар эса қандайдир янги ишга қўл ура олиши мумкинлигини ҳис қилишади. Энг қизиғи, бу муваффақият олиб келиши мумкин, ҳатто сиз дастлаб буни қўллаб-қувватламаган бўлсангиз ҳам.
Ҳар қандай инсон ўтириб, бирор нима ихтиро қилиши ҳамда уни бутун дунё бўйлаб миллионлаб кишилар билан бўлишиши мумкинлиги жуда зўр ва бунинг учун деярли ҳеч нарса керак эмас - фақат дастурий код ва технология.
Агар сиз ишни 13 йил илгари ётоқхонадан бошлаган бўлсангиз, ижтимоий тармоқни яратиш тўғри ғоя бўлган. 10 йил аввал, ҳойнаҳой, ижтимоий алоқалар учун мобил илова яратиш тўғри қарор бўлган. Ҳозир ўйлашимча, янада махфий мулоқот учун жиҳоз яратиш аҳамиятли бўлар эди.
Доим айтаман - фақат ўзингиз ёллангингиз келган одамларни ишга ёлланг. Муқобил сайёрада мен бундай одамларга ишлашни ўзим учун шараф деб билган бўлардим. Фикримча, бу қандайдир ташқи менторларга эга бўлишдан кўра кўпроқ аҳамиятга эга.
Тадбиркорлар қилиши керак бўлган энг қийин нарса — ўзларига жуда ёқадиган нарсани танлаш, унинг устида ишлаш, лекин ишга тушгунга қадар унга тўлиқ "шўнғимаслик".
Ҳар бир янги технология борасида хавотирланиш одамларга хос. Танқидчилар биз бир-биримиз билан гаплашиш ўрнига шу технологияга кўп вақт кетказаётганимиздан ташвишланишади. Бу бизни ёлғизлантиради. Бироқ одамлар ўз хусусиятларига кўра ижтимоий. Аслида агар технология бизга бир-биримизни яхшироқ тушунишга ёрдам бермаса, у яхши иш бермайди ва муваффаиятга эришмайди. Илк китобларни мисол қилиш мумкин. Ишонч билан айтишим мумкинки, ўша даврда ҳам одамлар "Бир-биримиз билан гаплашиш мумкин бўлган бир вақтда китобларнинг бизга нима кераги бор?" дейишган. Бошқа бир инсоннинг тажрибасига чуқур шўнғиш учун ўқиш керак, шундайми? Газеталар, телефонлар ёки телевизорлар билан ҳам худди шундай. Тез орада виртуал реаллик (барчани бирлаштирувчи) шу технологияга айланади.
Бизнинг келажагимиз - бу билимлар иқтисоди. Агар биз барчани тармоққа уласак, ҳам уларнинг, ҳам ўзимизнинг ҳаётимизни яхшилаймиз, зеро биз уларнинг ғоялари ва самарадорлигидан ютамиз. Барчага уланиш имконини бериш — бу билимлар иқтисоди пойдевори. Бу шунчаки қилиниши мақсадга мувофиқ бўлган иш эмас - бу фундаментал ва зарур қадам.
Манба: Xabardor.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?