Уйқу асаб тизимига ором беради. Киши ухлаган пайтда кун бўйи ишлаб чарчаган бош мия ҳужайралари дам олади. Шунинг учун ҳам вақтида ухлаш узоқ умр кўришга ёрдам беради. Булардан ташқари, спорт билан шуғулланиш, тоза ҳаво, сув, қуёш инсон саломатлиги учун зарурдир. Хурсандчилик, руҳ тетиклиги, хушчақчақлик соғлиқни сақлашга, узоқ умр кўришга сабаб бўлади.
“Бахтли ҳаёт сари” китобидан
Тунда тўсатдан уйғониб кетдим. Одатимга кўра ётоғимдаги жавон устини пайпаслаб телефонимни олдим. Соат тунги 01:15. Интернет мосламасини ёқиб, фейсбукдаги саҳифамга кирдим. Менга ўхшаган тунги бедорлар анчагина экан. Саҳифамдаги 1500га яқин дўстларимдан юздан ошиғининг саҳифаси онлайн ҳолатда эди.
Саҳифалардаги мулоҳаза ва муҳокамаларни кузатиб икки соат ижтимоий тармоқда қолиб кетганимни сезмай қолибман. Интернетни ўчириб, бошимга чойшабни ўраганимдан кейин ҳам бир ярим соатлар ухлаёлмадим. У ёнбошдан бу ёнбошга асабий ағдарилар эканман, қаердадир ўқиганим — уйқусизликка сабаб бўладиган ҳолатлардан бири мобил телефондан фойдаланиш ва экранга узоқ тикилиш эканлиги ёдимга тушди. Тонги бешга яқин кўзим илинибди. Олти яримларда апил-тапил уйғониб, рўзғор ишларини саранжомлаб, нонушта қилишга улгурмай, ишга кечикиб келдим. Шу куни ишимда унум бўлмади. Бошим оғриб, қовоқларим тош осилгандай оғирлашиб қолганди. Бу ҳолатга тез-тез тушаман. Лекин бош оғриғи, кайфиятсизлик, тушкунлик сабабини уйқусизликдан изламаган эканман.
Туни билан ижтимоий тармоқда вақт ўтказиб, куним беҳуда ўтгани ва бош оғриғи жондан ўтиб, уйқусизликнинг ижтимоий зарари хусусида жиддий мулоҳаза қилишга қарор қилдим. Бугун замонавий ҳаётда уйқу ўз ўрнини йўқотгандек, энг қуйи даражаларга тушиб қолгандек. Биз бахтли бўлиш, узоқ умр кўриш, озиш, соғлом бўлиш сирларини билишга ҳаддан ортиқ қизиқяпмиз, лекин буларнинг бари меъёрдаги уйқу билан боғлиқ эканини мулоҳаза қилмаяпмиз.
Уйқусизликнинг ижтимоий зарарлари борми? У қай кўринишда ва оқибати қандай бўлади? Бугунги мулоҳазалар айни мавзуда.
Уйқусизликнинг мен билган ижтимоий хавфи шуки, ишхонадаги зерикарли, асабий тарангликнинг ходимга салбий таъсиридан юзага келадиган бу ҳолат иш унумига ўз таъсирини ўтказади,- дейди журналист Хуршида Абдуллаева. - Оқибатда ўша ходим ижодий потенциалидан етарлича фойдалана олмайди ва жамият ривожи, юрт равнақига етарли ҳисса қўша олмайди.
Уйқусизлик қон айланиши сустлаши, қон таркибидаги холестериннинг кўпайиши, ҳужайрадаги модда алмашинувининг бузилиши (О2 нинг кириши, СО2 чиқиши) ни олиб келади- дейди олим ва ёзувчи Бахтиёр Абдуғафур.
— Бунда одамнинг иммун тизими бўшашади, стресс (ҳар қандай ҳолдагиси) юзага келади. Ана шундай шароитда одам ишлай олмайди, пассивлашади. Ҳамма нарса шундан бошланади.
Кунига 13-14, ҳатто 20 соатлаб ишлайдиган айрим идоралар ходимлари 8-10 соат ишлаб, керак пайтида дам олишса, ўзларининг ҳам, бошқаларнинг ҳам кайфиятини бузишга ва яна бир қатор ижтимоий тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабабчи бўлишмасди,- дейди муҳандис-дастурчи Раҳимжон Турдиев.
Маҳфуза Эркинова, ҳисобчи: — Бир дугонам бор. Ўқитувчи. Суткада 4 соат ухлайди. Кундан кунга вазни ошиб боряпти. Бунинг устига асабий, инжиқ, йиғлоқи бўлиб қолган. Озишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, фойда бермаяпти. Дугонамга руҳий ҳолати ва вазн ортишига уйқу меъёрига риоя қилмаслиги сабаблигини айтсам, “Нима қилай, тўрт соатдан кўп ухлолмайман. Шанба оқшоми уйқу дори ичиб ухлайман” дейди. Айтишича, мактабда уйқусираб юрмас экан. “Ишим шу даражада кўпки, уйқусираганимни билмайман ҳам” дейди...
Мутахассислар сурункасига уйқусизлик ёки кам ухлаш организм учун хавфли бўлган жиддий касалликларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлайди.
Меъёрида ухламаслик организмнинг ҳимоя хусусиятини кучсизлантириб, турли касалликларга чалинадиган қилиб қўяди. Оқибатда, организмга ҳар хил касалликлар осонлик билан ўрнашиб олади.
Нега бунча асабий бўлиб қоляпмиз?
Бугунги замонавий одамларни бадқовоқ, хўмрайган, жиззаки, асабий экани кўп мулоҳаза ва муҳокамаларга мавзу бўлаяпти. “Нега инсонлар бунча қўпол ва серзарда?” деган саволга аксарият инсонлар замонавий техника воситалари, глобаллашув жараёни билан боғлиқ ҳолатларни тилга олади. Аслида, асабийлик ва жиззакиликка уйқу меъёрига амал қилмаслик сабаб бўлмаяптимикан? Тунни интернет сайтларида, ижтимоий тармоқда ўтказган бедор кун бўйи ланж, кайфиятсиз юради, қулоғига гап ёқмайди. Иш унумдорлиги ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас.
Инсомния, яъни уйқусизлик кам ухлаш бўлиб, энг кўп учрайдиган уйқу бузилиши ҳисобланади. Кузатувларда аниқланишича, ривожланган мамлакатлар аҳолисининг учдан бир қисми инсомниядан қийналади. Аслида эса ҳақиқий уйқусизлик бор-йўғи 10 фоиз одамларда қайд этилади, қолган ҳолатларда кам ухлашга турли-туман касалликлар ёки бирор модда (қаҳва, дори, айрим оздирувчи дорилар, психотроп препаратлар)нинг таъсири сабаб бўлади.
Олимлар уйқусизликка олиб келувчи элликка яқин сабабларни аниқлашган, улар орасида асабийлик, стресс, психотроп препаратларни қабул қилиш, ичкиликбозлик, бош мия касалликлари, иш тартиби ёки яшаш шароитининг ўзгариши кабилар бор.
Шунақаси ҳам бўларкан
Хориж мутахассислари томонидан кунига атиги 4 соат ухлайдиган бир аёлда уйқу босқичлари тўлақонли, бироқ тезроқ ўтиши аниқланган. Тарих далолат қилишича, таниқли инсонларнинг аксарияти кам уйқу бўлган. Масалан: Наполеон, Пётр I, Шиллер, Гёте бир кунда 4-5 соат, машҳур физик Эдисон эса атиги 2-3 соат ухлаган.
(Ол-ла!) 1942 йилда туғилган вьетнамлик Тхай Нгок 31 ёшида безгакни бошидан кечиргач, умуман уйқудан қолган.
Тунда ишлаб кундузи ухлайдиганлар
Айримлар туни билан ишлаб, кундузи ётиб ухлайдилар. Лекин мутахассисларнинг фикрича, кундузги уйқу тунги уйқунинг ўрнини боса олмайди. Қолаверса, инсоннинг жисми ва руҳияти тунги уйқуга мослашган. Ҳар қанча ухлаб, дам олмасин, кундузи инсон организми тетик, уйғоқ бўлади. Бу ҳолатда тиниқиб ухлашнинг имкони бўлмайди.
Одам қанча ухлаши керак?
Бу хусусда тиббиёт фанлари доктори Дилдора Ҳайдарова шундай дейди:
Ўрта ёшдагилар учун 6–8 соатлик (ёз ойларида 4–5 соат) тунги уйқу етарлидир. Ёш болалар эса кўп ухлашади. Кексалик даврида ухлаш даври анча қисқаради. Агар қариялар кам ухлашларига шикоят қилишса, уларга бунинг табиий ҳол эканлигини тушунтириш керак. Аксинча, ҳадеб уйқуга кетаверадиган қарияларни тиббий кўрикдан ўтказиш лозим. Ёш болаларда кам ухлаш бирор бир касаллик аломати бўлса, қарияларда кўп ухлаш қайсидир бир касаллик аломати бўлиши мумкин. Агар инсон олти соатлик уйқу билан ҳам кундузи уйқусирамай, асабийлашмай, тетик юрса, демак унга олти соат уйқу вақти меъёрида бўлади. Ҳар ким уйқу вақтини ўзининг ҳолатига қараб аниқлаштириб олиши мумкин. Уйқусизликни ўз-ўзича турли дорилар билан даволашга уриниш яхши эмас. Албатта шифокор текширувидан ўтиб, унинг тавсиялари аосида муолажа олиб бориш керак.
Аҳмаджон Ҳасанов, неропатолог – психолог: Уйқу инсонга Аллоҳ томонидан берилган неъмат. Тиниқиб ухлаганида инсон танасидаги тўқималари бўшашиб, организмда моддалар алмашинуви яхшиланади. Уйқу мобайнида инсон янги кун учун куч-қувват тўплайди. Уйқу меъёрига эътибор бериш керак. Ортиғи ҳам зиён, ками ҳам зарар. Уйқусизлик ёки кам уйқулик оқибатида марказий нерв системаси шикастланади. Уйқу вақтига риоя қилмайдиган инсонлар тез асабийлашадиган, жаҳлдор бўлиб қоладилар. Оқибатда атрофдагиларнинг ҳам асабини бузишади. Асабийлик эса ҳамма касалликнинг боши ҳисобланади.
Уйқу меъёри ҳаммада бир хил бўлмайди. Кучли калорияли, яхши овқатланадиган, дармондориларга бой егуликларни истеъмол қиладиган инсонлар учун суткада 4-6 соат ухласалар ҳам етарли. Негаки, уларнинг организмига истеъмол қилган маҳсулотлари куч-қувват манбаи бўла олади. Калорияли овқатларни кам истеъмол қиладиган, рационида оқсил ва углеводлар етарли бўлмаган кишилар тетик ва соғлом юришлари учун зарур дармондориларни уйқудан олишлари керак. Яъни улар суткада 8-9 соат ухлашлари керак.
Хулоса
Уйқусизликнинг энг катта ижтимоий хавфи – асабийлик. Мутаассил асабий ҳолатда юрган инсоннинг иммунитети заиф, касалликларга чидамсиз бўлади. Хотира сустлиги, унутувчанлик, ҳафсаласизлик ва дангасаликдан қийналаётган инсонлар уйқу режимига риоя қилмайдиганлардир. Ҳамма нарсада бўлгани каби уйқуда ҳам меъёрни унутмаслик керак.
Умида АДИЗОВА
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?